РАДДИЯ
Ҳижрат масаласи Ислом таълимотида ҳижрат (араб. – ажраш) тушунчаси остида мусулмонларнинг Ҳабашистонга, кейинчалик Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигида Макка шаҳрини тарк этиб, Мадина шаҳрига борганликлари назарда тутилади.Ў шадаврда мусулмонларнинг яшаб турган ерларидан бошқа юртларга кўчиб кетишлари мажбуран бўлиб, уларнинг жони, эътиқодлари вамол-мулкларига нисбатан жисмоний ва бошқа шаклдаги тажовуз ўта кучайганлиги сабаб бўлган. Қуръони каримнинг “Нисо” (97 ва 100-оятлар), “Анфол” (74-оят), “Наҳл” (41 ва 110-оятлар) сураларида исломга нисбатан қарши турган маккаликлар томонидан мусулмонларни эътиқодларидан воз кечтириш мақсадида зўрликлар ишлатилгани баён қилиниб, динлари ва ҳаётларини сақлаш мақсадида тинч ва осойишта жойга кўчиш буюрилгани таъкидланади.Ислом уламолари ҳижратни икки турга: макони й кўчиш ва гуноҳларни тарк этиш кабиларга ажратадилар. Абу Усмон Мужошиъ ибн Масъуд ривоят қилган ҳадисда айтилади: “…. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ…”, дедилар” (Имом Бухорий, 3078-3079-ҳадислар). Имом Санъоий ўзининг машҳур “Субулус-Салом” китобида ушбу ҳадисни келтириб, “бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларни насх қилувчидир”, деб таъкидлаган. Имом Бухорий ривоят қилган бошқа ҳадисда: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Худо йўлида ҳижрат қилган кишидир”, дейилади. Уламоларни ҳадисни шарҳлаб, ундаги “ҳижрат”дан мурод “тарк қилишдир”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса, “Умму Анас разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан насиҳат қилишни сўрайдилар. Шунда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гуноҳлардан тийилгин, ўша ҳижратнинг энг каттасидир. Фарзларга риоя қилгин, ўша жиҳоднинг энг афзалидир. Зикрни кўпайтиргин, Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганингда унга энг маҳбуб амал шу бўлади”, дейилган (Табароний, 6735-ҳадис). Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотдан кейин ислом давлатини бошқарган хулафои рошидинлар ўзга юртларда яшаётган мусулмонларни ҳеч қачон мусулмон давлати ҳудудига кўчиб келишларига даъват қилмаган ва уларнинг ўз юртларида яшашларига эътироз билдирмаганлар. Шу билан бирга, ўрта асрларда хорижийлар, азрақийлар каби ўзларини ислом ислоҳчилари деб эътироф қилувчи мутаассиб гуруҳлар тарафдорларининг улар турган қароргоҳга кўчиб келишларини ҳижрат деб даъво қилганлар. Бугунги кунда дин ниқобидаги терорчилик ташкилотларнинг ёлловчилари тинч давлатда яшаб келаётган ёшларни хориждаги жангари тайёрловчи марказларга жўнатиш мақсадида дунёвий давлат ва жамиятни динсизликда айблаб, гўёки ҳижратга чиқиш фарз амал экани, бунинг учун ҳеч кимдан, ҳатто, ота-онанинг рухсатини олиш керак эмас, деган сохта тушунчаларни диндор ёшларга сингдиришга ҳаракат қилиб келмоқдалар. Ақидапарастлар ҳижрат масаласида Қуръони каримнинг “Нисо” сураси 97-оятини далил қилади: “Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганларга фаришталар: “Нима қилаётган эдинглар?” – дерлар. Улар: “Ер юзида бечора эдик”, дерлар. “Аллоҳнинг ери кенг эди-ку, ҳижрат қилсангиз бўлмасмиди?” – дерлар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон жой!”. Ваҳоланки, уламолар мазкур оят аввал исломни қабул қилиб, Маккада яшаб келган бўлсада, Бадр жангида (624 й.) маккаликлар сафида туриб, мусулмонларга қарши жангда иштирок этганлар ҳақида нозил бўлганини таъкидлайдилар. Жумладан, Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мусулмонлардан бўлган баъзи кишилар мушриклар билан бирга яшар эдилар. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга қарши турган мушрикларнинг сонини кўпайишига сабабчи бўлардилар. (Бадр уриши куни) ўқ тегиши ёки қилич билан зарба урилиши сабабидан ўлдирилдилар. Шунда Аллоҳ “Албатта, ўзларига (ҳижратдан бош тортиб) зулм қилувчиларнинг жонини олган фаришталар (уларга): “Қайси ҳолда бўлдингиз?” – десалар, улар: «Ер юзида бечораҳол эдик», – деб айтадилар. (Фаришталар): “Аллоҳнинг ери унда ҳижрат қилишларинг учун (етарлича) кенг эмасмиди?” – дейдилар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. Нақадар нохуш жой у!” оятини нозил қилди” (Имом Бухорий, 4596-ҳадис).Аллома Ибн Табарий “Жомиул баён фи таъвилил Қуръон” асарида қуйидагиларни ёзган: “Ушбу икки оят ва ундан кейинги оят (“Нисо” сураси, 98-100) оятлар Макка аҳлидан бўлган кишилар ҳақида нозил бўлган. Улар мусулмон бўлиб, Аллоҳ ва Унинг Расулига имон келтиргандилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилганларида У Зот билан бирга ҳижрат қилмагандилар. Улардан баъзилари фитнага учраб, фитналандилар. Улар урушда мушриклар билан бирга ва мусулмонларга қарши бўлдилар. Уларнинг узрини Аллоҳ таоло қабул қилмади”. Шунингдек, уламоларнинг фикрига кўра, юқоридаги оят зажр, яъни қўрқитиш маъносидаги матн бўлиб, бундай матнлардан хулоса қилиш учун асл ҳукмларга қайтилади. Яъни асл ҳукм бўйича мусулмонлар ҳеч қачон дўзахда абадий қоладиган кофир бўлмайди. Ватанни сотиш, ўз юрти ва ватандошларига зарар етказиш, ота-онани норози қилиб “оқ” бўлиш эса ислом таълимотида оғир гуноҳ ҳисобланади. Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир киши келиб: “Eй Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолда ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, деди. У зот саллаллоҳу алайҳи васаллам эса: “Ота-онанг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, деб жавоб бердилар. Имом Бухорийнинг “Адаб ал-муфрад” асарида келтирилган ҳадисда “Ота-оналарини тирик вақтида рози қилмаган фарзанд хор бўлсин, хор бўлсин ва яна хор бўлсин”, дейилган. Шунингдек, ақидапарастларнинг гўёки “ҳижрат” қилмаганлар мўмин-мусулмонликдан чиқиши ҳақидаги даъволарига раддия сифатида марҳум Шайх Муҳамад Содиқ Муҳаммад Юсуф томонидан Қуръони каримнинг “Анфол” сураси, 72-оятига берилган шарҳини келтириш мумкин. Оятда: “Албатта, имон келтирган, ҳижрат қилган, моллари ва жонлари билан жиҳод қилганлар ва жой бериб ёрдам кўрсатганлар, айнан ўшалар бир-бирларига валийдирлар. Имон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганларга эса, то ҳижрат қилмагунларича, сиз ҳеч валий бўла олмассиз. Агар улар сиздан динда ёрдам сўрасалар, ёрдам бермоғингиз вожиб. Фақат сиз билан ўрталарида аҳднома бор, қавм зиддига эмас. Аллоҳ нималар қилаётганингизни кўрувчи зотдир” дейилган. Ушбу оятда Аллоҳ мўминларнинг бир неча синфларини зикр қилмоқда: ҳижрат қилганлар, ёрдам берганлар, иймон келтирган, лекин ҳижрат қилмаганлар. Буларнинг барчаси мўминлар деб аталмоқда. Масаланинг муҳим жиҳатларидан бири шуки, гўёки “ҳижрат” учун Сурия каби мамлакатларга бораётганлар яхшилик билан шуғулланаётгани йўқ. Аксинча, ўша ерда уларга қўшилмаганларни “кофир” деб эълон қилиб, уйларини тортиб олиб, ўзларини ўлдириб юбормоқдалар, аёллар ва болаларга зулм қилмоқдалар. Бундай фитналар, гуноҳи кабира ишларга қўл ургандан кўра ўз юртида тинчликда, эмин-еркинликда фарз амалларни, ибодатларни бажариб, ҳалол меҳнат билан оиласини боқиб юрганлари афзал эмасми? Шу сабабли исломда фитна даврида унга аралашмай ибодатда бўлганларга катта инъомлар ваъда қилинган. Жумладан ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Ҳараж – фитна пайтида қилинган ибодат, менга ҳижрат қилиш кабидир” (Имом Муслим, 2948-ҳадис).
Юқоридаги далиллардан мусулмонлар учун барча шароитлар яратилган, исломнинг бешта аркони эмин-еркин бажариб келинаётган Ўзбекистон каби мамлакатдан ҳижрат қилинмаслиги ҳақидаги қатъий хулоса чиқади. Шу билан бирга, ноқонуний йўллар орқали хорижий давлатларга чиқиб кетиш ва экстремистик гуруҳлар ва террорчилик ташкилотлари таркибида фаолият юритиш Ўзбекистондаги амал қилинаётган қонунларга кўра жиноят ҳисобланиб, бундай ҳаракатларни содир этган шахсга нисбатан ҳуқуқий чоралар кўрилишини қайд этиш лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни Ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз юртларида туришларини инкор қилмаганлар. Бу, такфирчиларнинг гапига кучли раддиядир. Бу масала бўйича ҳадислар ва турли фикрларни ўрганиб чиққан уламолар қуйидаги ҳукмни баён қилганлар. “Мусулмоннинг дорул ҳарбда муқим туриши унинг Исломига футур етказмайди. Фақат, дини хавф остида қолгандагина бундан мустасно. Яъни, динини ошкора зоҳир қилиш имкони қолмаса, ҳижрат қилиш лозим бўлади. Бас, шундай экан, аслида мусулмон бўлган юртларда намозини ўқиб, рўзасини тутиб бошқа ўзига фарзи айн бўлган ҳукмларга амал қилиб юрган мусулмонларни “Ҳижрат қилмасанг, кофир бўласан!” дейиш қаердан чиққан?! pШундай экан ёшларимизни огоҳ этиб бу фитналарга алданмасликка чақириб қўйиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.
Жарқўрғон тумани “Тўрахон ўғли Ахмадхон”
Жоме масжиди имом ноиби Рахимов Музаффархон