Яқинда “Маънавият ва маърифат” теле курсатуви орқали Ўзбекистон Ислом цливизатсия маркази ходими Аброр Мухтор Али тамонидан “Ислом моҳият ва талқин” номли баёнотда ҳозирги фирқаланган гуруҳларга қурол сифатида айланган “Жиҳод” тушунчаси ҳақида ба тафсил маълумотга эга бўлдик. Қуйида ана шу сўзга эгизак бўлган яъни мазкур оқимлар томонидан нотўғри талқин қилиниб келаётган “такфир” яъни мусулмон кишини бе асос кофирга чиқармоқ масаласига динимиздаги муътамад манбалари асосида ба қадри ҳол ўз муносабатимизни билдирмоқни ўз бурч ва вазифамиз деб билдик.
Мутаассиб оқимлар томонидан илгари сурилаётган ақидавий қарашлар.
(Ё худ мусулмонни кофирликда айблаш ҳукми ҳақида).
Ҳозирги пайтда жаҳонда кечаётган глобал сиёсий жараёнлар, турли манфаатдор кучларнинг ўз мақсадлари йўлида олиб бораётган геосиёсий ўйинлари оқибатида мустақиллик йўлига ўтган ёш мамлакатларнинг тинчлиги ва хавфсизлиги катта хатар остида қоляпти. Айниқса, халқаро сиёсатда дин омилидан фойдаланишга урғу берилаётгани бу хатарни янада кучайтирмоқда. Мухолифларнинг динимиз асл моҳиятини бузиб кўрсатиш билан ундан ўз манфаатлари ва қабиҳ режалари йўлида фойдаланишга уринишлари тобора авж олмоқда.
Ғарб давлатларининг оммавий ахборот машиналари тинимсиз равишда афкор оммага ислом динини бузғунчилик, қотиллик, ваҳшийлик, зўравонлик дини дея кўрсатишга ҳаракат қиляпти. Шу жиҳатдан ҳам жамият олдида одамларнинг динимиз қадриятлари билан «Исломни қайта тиклаш шиори» остида муайян кучлар кўзлаётган, динга алоқаси бўлмаган сиёсий ва бошқа тажовузкор мақсадлар ўртасидаги фарқни тушуниб олишларига эришиш зарурати туғилди.
Бу ғаразли ҳаракатлар таъсиридан минтақамиз ҳам четда қолаётгани йўқ. Кейинги пайтларда Марказий Осиё ҳудудида ҳам айрим диний-сиёсий ва экстремистик кучлар динни сиёсийлаштиришга, шу йўл билан одамлар, хусусан, ёшлар онгига таъсир ўтказишга зўр бериб интилишмоқда. “Аллоҳ қалбимизда, юрагимизда” китобида айтиб ўтилганидай, ….“бу ёвуз кимсалар ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, бош-кўзини айлантириб, улардан ўзларининг ифлос мақсадлари йўлида фойдаланмоқда. Бу эса исломнинг инсонпарварлик ғояларини обрўсизлантиришга сабаб бўлмоқда”.3.
Бундай қабиҳ хатти-ҳаракатларнинг мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталигига рахна солиши, миллатлараро ва динлараро бирдамликка
путур етказиши, одамларни бир-бирига қарши турли гуруҳларга бўлиб ташлаши, улар орасида фитна ва бузғунчилик ғояларини ёйиши кундай равшан.
Бундай кенг миқёсли ва пухта ўйланган хуружларга қандай омилларни қарши қўйиш мумкин? Бунинг учун энг олдин одамларимизга ташқи бузғунчи кучларнинг дин омилидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш ҳаракатларининг моҳиятини соф диний манбалар асосида очиб бериш керак. Ислом дини зўравонлик, қон тўкиш ёки бузғунчиликка тарғиб қилмаслиги, аксинча, бу дин тинчлик, инсонпарварлик, бағрикенглик, эзгулик дини эканини кенг тушунтириш лозим бўлади. Аслида бу дин ҳар қандай зулм, қотиллик, бировнинг жонига ва молига озор етказишдан бутунлай холи, энг гўзал ва эзгу амалларни бажаришга чақирувчи соф диндир. Бу хусусда ҳадиси шарифда бундай дейилган. «Албатта бу инсон Оллоҳ таолонинг бунёди (махлуқи)дир. Малъундур кимеки, Оллоҳ таолонинг бунёдини вайрон қилса.(бузса).
Аммо бугунга келиб буюк аждодларимиз анъаналари унутилди, бир-икки китобни ўқиб олиб, ўзини “мужтаҳид” санайдиган, кишиларни бўлар-бўлмасга кофирга чиқарадиган оқим ва фирқаларнинг вакиллари пайдо бўлди. Бундай оқим ва фирқалар (масалан, “Ат-такфир вал-ҳижра”, “Ҳизбут-таҳрир” «ИШИД» каби) имон ва куфр масалаларида ўта журъатли бўлиб кетишган. Исломни ҳали чуқур ўрганмаган, етарли билим олмаган баъзи ёшларимиз уларга кўр-кўрона эргашиб, залолат ва жоҳиллик йўлига кириб қолишяпти. Шу ўринда «Нега шундай бўляпти? Уларнинг хатоси нимада? Муаммонинг ечими борми?» деган саволлар туғилиши табиий. Ушбу мақоламизда ана шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
Аллоҳтаоло бандаларини сўзларнинг энг гўзалига, фойдалисига эргашишга чақиради: «Бас, (эй Муҳаммад) Менинг шундай бандаларимга хушхабар беринг, улар гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир» (Зумар, 17-18).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда ҳам инсонлар яхши амаллар қилишга, ёмонликлардан қочишга чақирилади: “Мусулмон — қўли ва тилидан ҳеч ким зиён кўрмаган киши. Муъмин — бошқаларнинг моли ва жонига тажовуз этмайдиган киши. Муҳожир — гуноҳ ва маъсиятларни тарк этган киши. Аллоҳ йўлида мужоҳид — нафсига қарши курашишга киришган киши»; «Умматим ҳеч қачон залолатда бирлашмайди»; «Инсонларга яхшиликни ўргатувчи кишига Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмон ва Ер аҳллари, ҳатто уялардаги чумолию денгиздаги балиқлар ҳам салавот айтади»4.
Динимизнинг бу кўрсатмаларидан чекиниб, адашган фирқаларга эргашиб кетган ёшларимиз жоҳилликлари, диннинг асл моҳиятини англаб етмаганлари оқибатида имон ва куфр масаласида бир неча хатоларга йўл қўйишади. Келинг, ана шу хатоларни кенгроқ кўриб чиқайлик:
Бизнингча, улар йўл қўяётган хатоларнинг биринчиси масалага енгил-елпи қараш, шошма-шошарлик қилишдир. Бирор шахс ёки бутун бошли жамиятни куфрда айблаш ёки кофирга чиқариш ўта қалтис иш бўлиб, бунга кўр-кўрона муносабатда бўлиш ярамайди. Чунки бунинг ортида куфрга чиқараётган ёки чиқарилаётганлардан бири учун даҳшатли оқибат ётибди. Имом Бухорий Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Киши ўз биродарига: “Эй кофир!” деса, (куфр) иккисидан бирига қайтади”.
Ҳадисдан кўриниб турибди, ўзгани кофирга чиқариш оддий ҳақорат сўзи эмас, аксинча, ўз охиратини бой бериб қўйиш эҳтимолини туғдирадиган хатарли масаладир. Шунинг учун ҳам ҳанафий мазҳаби уламолари бошқа мазҳабларнинг олимларидан кўра такфир (куфрда айблаш, кофирга чиқариш) масаласига кўпроқ аҳамият беришган. Бу ҳақда ёзилган асарларнинг биринчиси мисрлик олим, 768/1367 йили вафот этган Муҳаммад ибн Исмоил ибн Маҳмуд Бадр Рашид Рашидий раҳматуллоҳи алайҳ қаламига мансуб.
Унинг “Куфр сўзлар” номли асарига биринчи бўлиб ҳанафий олимлардан аллома Алийул Қори раҳматуллоҳи алайҳ муфассал шарҳ ёзган 5. Хатоларнинг иккинчиси Аллоҳ буюрмаган ишларга вақтни беҳуда сарфлашдир. Мусулмон кишининг дунё ва охиратда ўзига наф берадиган амаллар билан шуғулланиши мақсадга мувофиқдир. Қироат илми олимларидан Имом Шотибий раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейди: “Шариатда эътироф этилган илм, яъни Аллоҳ ва Унинг расули мақтаган илм — амал қилишга ундовчи илм бўлиб, у ўз эгасини хоҳиш ва истакларга эргашувчи эмас, балки илмига мувофиқ юрувчи қилади”.
“Такфир” эса ҳеч кимга фойда бермайдиган, аксинча, зарарига ҳужжат бўладиган манфаатсиз ишлардандир. Ахир, Аллоҳ таоло бизларни бирор шахс ёки жамиятнинг камчиликларини излашга, уни кофирга чиқариш учун умр бўйи ҳужжат тўплашга буюрмаган-ку! Бу ҳақиқатни ҳар ким ақида илми устозларидан аниқлаб олса бўлади. Ачинарлиси, бу каби ишлар билан шуғулланиб юрган ёшларнинг кўпи имоннинг энг муҳим масалалари, намоз, рўза, закот каби ибодатнинг асосий шартлари борасида етарли илмга эга эмаслар. Улар ҳатто Қуръоннинг энг қисқа сураларини тажвид қоидаларига биноан ўқиёлмайди, ҳадиснинг асл матнларига “тишлари ўтмайди”.
Учинчи хато бундай нозик масалаларга ҳали уларнинг шартларини мукаммал равишда ўзлаштирмай туриб киришиб кетишдадир. «Куфр» сўзи, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, исталган пайтда, дуч келган одамга қарата айтиб юбориладиган сўз эмас. Буни имонли мусулмонга нисбатан қўллаш енгилтаклик, калтабинлик ва жоҳилликдан бошқа нарса эмас. Ислом тарихида бундай ишга илк бор қўл урган хаворижларни Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу: “Бундай нодон ёшлар Қуръон ўқиса, тиловатлари бўғзидан нарига ўтмайди”, дея сифатлаганлар. Мана шу гап барча замонларда хаворижларга эргашувчиларнинг Қуръон оятлари ва ҳукмларини чуқур идрок эта олмасликларига ишорадир.
Исломда “Ал-яқину ла язулу биш-шакки” (Аниқ нарса шак-шубҳа билан йўқ бўлмайди) деган қоида бор. Масалан, бир мусулмоннинг таҳорати шак-шубҳалар билан бузилмайди, шундай экан, қандай қилиб гумон-тахминлар билан унинг бутун имони ва мусулмонлик сифатига тил теккизиш мумкин? Бу қоидага кўра, унинг жони ҳам, моли ҳам бошқаларга ҳаромдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вадо ҳажжида: “Ушбу шаҳарда (Маккада), ушбу ойдаги (Зулҳижжа) бугунги кун (Арафа) ҳурматлангани (ҳаромлиги) каби қонларингиз, молларингиз ва ор-номусларингизга тажовуз қилиш ҳам бир-бирларингизга ҳаромдир. Эшитганлар эшитмаганларга етказсин», — деганлар.(Имом Муслим ривояти).
Шундай бўлгач, “такфирчи алломалар” қайси ҳужжатга кўра мусулмонларни кофирга чиқариб, уларни қатл этишга фатво беришяпти экан?! Бу хусусда қуйидаги ҳадиснинг мазмунига эътибор берайлик! «Кимеки, ўз мусулмон биродарига қараб ўткир (пичоқга ўхшаган) нарса билан (гарчанд ҳазл қилмоқ билан бўлса ҳам) ишора қилса, то уша нарсани қўлидан ташламгунча Малоикалар уни лаънатлайди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Биз бу мулоҳазаларимиз билан исломда умуман «куфр, такфир» деган тушунчалар йўқ, демоқчи эмасмиз. Чунки баъзи оят ва ҳадисларда у ёки бу амал куфр деб аталгани ислом ақидаларидан бир оз хабари бор кишига яхши маълум. Лекин мусулмонлар бу борада жиддий фарқли томонлар борлигини яхши англаб олишлари керак. Бу ҳам бўлса, бирор амални “куфр” дейиш билан ўша амални содир этган муайян шахсни кофирга чиқариш ўртасида катта фарқ бор. Фикримизни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадислар билан далиллашимиз мумкин. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда келтирилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Абдуллоҳ исмли киши келтирилиб, ичкилик туфайли дарра урилди. Сўнг яна бир куни келтирилиб, яна дарра уришга буюрилди. Шунда тўпланганлар ичидан бир киши: «Эй Аллоҳ, уни даргоҳингдан (раҳматингдан) йироқ қил, (бу гуноҳ учун) жуда кўп келтирилди”, — деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни лаънатлама, чунки мен унинг Аллоҳни ва Расулини севишини биламан”- дедилар”. (Имом Бухорий ривояти). Бу хусусда қуйидаг ҳадис ҳам сўзимизни исботидир албатта: «Мўъминни дашном (ҳақорат) қилиш фосиқлик ва у билан муқотала (уриш) қилиш куфрдир». (Имом Бухорий ва Имом муслим ривояти).
Мазкур ҳадисдан маълум бўладики, мусулмон кишини бирор гуноҳи ёки билмасдан қилган хатолари учун кофирга чиқариш ёки кўпчилик аҳолиси мусулмон бўлган ўлкаларни “куфр диёри” деб аташ ислом ақидасига мутлақо зиддир. Буюк мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ақидага оид “Фиқҳи акбар” китобида баён этилган қуйидаги фикрларини келтириб ўтиш мақсадга мувофиқдир: “Бирор мусулмонни қилган гуноҳи туфайли кофирга чиқармаймиз, гарчи у гуноҳи кабира бўлса ҳам. Башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса, ундан имон исмини ҳам олиб ташламаймиз, уни ҳақиқий мўмин деб атайверамиз. Уни фосиқ муъмин деб аташ мумкин, фақат кофир деб эмас”
Шунингдек, мазкур масалага нисбатан ҳанафий мазҳабига мувофиқ ва муносиб ёзилган асарлардан бўлган «Ақидаи Таҳовий» ва унинг шарҳида бундай фикрларни келтирилган: «Аҳли қибланинг ҳаммасини мусулмон муъмин деб номланамиз. Модомеки, улар Пайғамбар (алайҳиссалом келтирган нарса (Қуръон ва суннат) ни эътироф этиб иқрор қилсалар. (Аҳли қибла деб ўзини мусулмон деб билиб, қибла (Каъба)га юзланган кишини айтилади. Агарчанд аҳли ҳаво ва аҳли маъсиятдан бўлса ҳам модомеки, Пайғамбар (алайҳиссалом келтирган нарса(Қуръон ва суннат)ни инкор этмаса).6 «Аҳҳли қибладан ҳеж кимни гуноҳи учун кофир демасмиз, башартеки, уша гунони ҳалол деб билмаса. Аммо гуноҳ унга зарар қилмайди ҳам демаймиз.7 (Имон билан дунёдан ўтган киши Оллоҳнинг ихтиёрида дур. Хоҳласа барчасини кечиради ва агар хоҳласа гуноҳига яраша азоб қилади ва оқибат дўзахдан чиқади). Бу масъала «Хавориж» ва «Муътазила» ларнинг эътиқодининг акси дир. Зеро уларнинг фикрича «гуноҳ қилган киши кофир бўлиб абадий дўзахда қолади» дейишадики, бу фикр аҳли сунна вал жамоа уламолари наздида мутлақ мардуддир.8.
Абў Ҳурайра (разияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда ҳам бунда дейилган: «Кимеки, бу дунёда бирор кишига зулм қилган бўлса, албатта шу дунёнинг ўзида уни розий қилсин, Зеро қиёматда агар золимнинг яхшилик (савоб ишлар)и бўлса олиб мазлумга берилади. Ва агар золимнинг яхшиликлари бўлмаса унда мазлумнинг гуноҳларин олиб золимнинг бўйнига қўйилади…». (Имом Бухорий ривояти). Боби «мазолим». Мазкур ҳадис мазмунидан маълум бўлишича агарчанд зулм динимизда мазамат қилинган амаллардан саналса ҳам, золим киши зулм қилган билан диндан чиқмаслиги ва унга қилган яхши амалларининг эвазига савоб берилар экан.
Эслатиб ўтмоқ лозимки, мақолада гап куфр ва имон фарқи ҳақида кетмоқда. Яъни ақидамизга кўра гуноҳ сабабли диндан чиқиш ё чиқмаслик ҳақида саҳиҳ манбалардан иқтибослар келтирилди. Бу дегани гуноҳ қилиш мумкин дегани эмас, Зеро юқорида таъкидлаб ўтганимиздек гуноҳ эгаси ё жамиятга албатта зарар қилади. Шунинг учун гуноҳни енгил санамасдан ундан ҳазар қимоқ вожиб амаллардандир!
Дорул-ҳарб ва дорул- ислом масаласига келадиган бўлсак мазҳабимизда
мўътабар саналган «Дуррул муҳтор» ва унинг шарҳи “Раддул муҳтор”да бундай ёзилган: “Ислом диёри фақат мана бу учта шарт тўпланганидан кейингина куфр диёрига айланади:
1) ширк аҳли ҳукмлари юритилиши билан (шу жойнинг ҳошиясида: “Мушрикларнинг ҳукми ошкор юритилиб, мусулмонларнинг ҳеч бир ҳукми юритилмаганидан кейин куфр мамлакати бўлади”, дейилган). Демак, мусулмонларнинг ҳукми ҳам кофирларнинг ҳукми ҳам юритилган диёр куфр юрти саналмайди;
- Ислом диёри куфр мамлакатларига қўшилиб, бирлашиб қолса;
- мамлакатда бирор тинч ва хавфсиз мусулмон қолмаса”.
Ушбу уч шартнинг ҳаммаси бир мамлакатда топилса, у жой куфр мамлакатига айланади. Агар биттаси ёки иккитаси топилиб, бошқаси топилмаса, ислом юрти бўлиб қолаверади. Ислом ҳукмлари деганда фақат сиёсий ҳукмлар эмас, жума ва ҳайит намозларини барпо қилиш, муфтий ва қози сайлаб, унга эргашишни буюриш, ҳаж сафарига шароит яратиб бериш каби ҳукмлар ҳам тушунилади. Чунончи, юқоридаги китобда ёзилганидай, “Дорул ҳарб (куфр юрти) мусулмонларнинг жума ва ҳайитларига ўхшаган ҳукмлари юритилиши билан ислом юртига айланади, гарчи у ерда кофирлар бўлса ҳам ва ислом мамлакатига қўшни бўлмаса ҳам”.9.
Шайх Юсуф Қарзовий бир мусулмонни кофирга чиқариш хусусидаги саволга қуйидаги жавобни берган: «Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Унинг расули эканига қалби билан тасдиқлаган ҳолда гувоҳлик берса, у мусулмондир. Унга мусулмонларга қилинадиган муомала тўлалигича қилиниши керак».10
Бу далилларга инсоф билан ёндашадиган бўлсак, мамлакатимиз ислом диёри эканига, мусулмонларимизнинг бари мусулмон раҳбарлар қўл остида эканига асло шак-шубҳа қолмайди. Мамлакатимизда динимиз аксарият ҳукмларига амал қилинмоқда, юрт раҳбарлари ўзларининг мўмин эканларини баралла айтиш билан бирга, ўзгаларни исломда қолаверса мазҳабда собит туришга, бошқа динларга қўшилиб кетмасликка тарғиб қилиб туришибди. Демак, бу юртни жоҳилият даврига ўхшатиб “куфр диёри” дея аташга, халқини куфрда айблашга ҳеч қандай асос йўқлиги очиқ аён бўлиб турибди.
- И.А. Кримов. «Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда» 10 бет.
4 Тулепов А. Ислом ва ақидапараст оқимлар. –Т.: Шарқ. 2014. –Б.461.
5. Тулепов А. Ислом ва ақидапараст оқимлар. –Т.: Шарқ. 2014. –Б.461
- «Шарҳи ақидаи Таҳовий». « Моваронунаҳр». Бет 350.
- «Шарҳи ақидаи Таҳовий». « Моваронунаҳр». Бет 355.
- «Шарҳи ақидаи Таҳовий». « Моваронунаҳр». Бет 360.
9.. Тулепов А. Ислом ва ақидапараст оқимлар. –Т.: Шарқ. 2014. –Б.464.
10.Тулепов А. Ислом ва ақидапараст оқимлар. –Т.: Шарқ. 2014. –Б.464.
Сариосиё туман «Хожа Алоуддин Аттор» жомеъ масжиди имом хатиби
Фазлиддин Кароматуллоҳ манбалар асосида тайёрлади.