Бу йилги Рамазон ойи юртимиз мусулмонлари учун ўзгача бир холатда ўтди. Бутун жахонда бўлаётгани каби Ўзбекистонда хам карона вирус сабабли канратин холати туфайли халқимиз ибодатларни ўз уйларида адо этяпдилар. Ихлосли мўмин-мусулмонларимиз рўза тутиб ибодатлар қилиб, Яратгандан юртимиз тинчлиги, ободлигини хамда карона вирусдан халос қилишини сўраб дуо-ю илтижолар қилмоқдалар. Мустақил Ватанимиз осудалиги ва жонажон халқимиз ҳаётининг янада фаровон бўлишлигига хамма бирдек харакат қилмоқда.
Рамазон ойининг бу йилги кунлари Аллоҳ таолонинг инояти билан салқин кунларга тўғри келганлиги сабабли, мусулмонлар рўза тутишга қийналишмади. Рўзадорларнинг ўзгача шавқу-завқ билан, рўзанинг машаққатидан малолланмай, аксинча кўтаринки кайфиятда юрганларини кўриб, беихтиёр қувонасан киши. Ибодат қанча машаққатли кечса, унинг ажру мукофоти ва инсон руҳи, маънавияти учун манфаати шунча зиёда бўлади, деб бежиз айтилмаган.
Рамазон ҳайити жуда улуғ байрам, катта шодиёна, хурсандчилик ва кўтаринкилик билан ўтказиладиган муборак байрам. Чунки ушбу кун тутган рўзаларимиз қабул этиладиган, Аллоҳнинг раҳмати ва фазли ер юзига мўл-кўл ёғиладиган, Аллоҳга қуллик ва итоатда қалбларимиз шавқланадиган ажойиб имкониятдир. Шу боис ҳайитда барчаларимиз хурсандчилигимизни, суруримизни, саховатимизни ва юксак ахлоқимизни ҳар қачонгидан кўра кўпайтиришимиз зарур. Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Китобида бундай дейди: “Айтинг: Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Юнус сураси, 58-оят).
Т.Давлатова
Олтинсой туман бош имом хатиб котибаси