Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Суннат ва фуқаҳолар

Фуқаҳоларимиз Қурцони карим ва Суннати мутоҳҳара, ижмоъ ва қиёс каби масдарлардан фойдаланиб, шаръий ҳукмлар чиқариш учун «Усулул-фиқҳ» номли қонун-қоидалар мажмуи илмини ижод қилганлар. Бу ниҳоятда  улкан илм бўлиб, ундаги нозик қонун-қоидалар ёрдамида Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, уларнинг нозил бўлиш ёки айтилиш сабаблари диққат билан, синчиклаб текширилади. Уларда келган ҳукмлар умумийми ёки маълум бир шахс, макон ёки замонга хосми – шулар эринмай ўрганилади. Шунингдек, қайси бири носух – бошқасини амалдан қолдирганлиги ва қайси бири мансух – амалдан қолганлиги ўрганилади. Бунга ўхшаш нозик масалалар жуда ҳам кўп ва уларни асосан, мутахассислар тадқиқ қиладилар ва яхши тушунадилар.

Биз муҳаддис билан фақиҳнинг иши орасидаги фарқни яхшилаб тушуниб олсак, кифоя қилади. Аввал танишиб ўтганимиздек, муҳаддис ўзига етиб келган ҳадиснинг санади ва матнини чуқур ўрганиб, унинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мансуб эканини ва даражасини, васфини аниқлайди. Фақиҳ эса ўша ҳадиснинг саҳиҳлиги ва даражасини аниқ билиб олганидан кейин ундан шаръий ҳукм олишга киришади. Қурцонда келмаган тафсилий ҳукмлар Суннатдан олинган. Намозларнинг вақти, ракъатлари сони, қиём, рукуъ, сажда, қаъда ва уларнинг фарзлиги, бошқа ҳукмларнинг вожиб, суннат ёки мустаҳаблиги – ҳаммаси шу жумлага киради. Фақиҳ бацзи ҳадисларда келган ҳукмларнинг барча мусулмонлар учун умумий ҳукм ёки бацзи шахсларгагина хос ҳукм эканини ҳам аниқлайди. Мисол учун, Пешин намозининг фарзи тўрт ракаат, дейилади. Бунга далил –  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо тўрт ракаат ўқиганлар, бошқаларга ҳам шуни амр қилганлар. Бу борада бошқа ҳеч қандай гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Бошқа кўпгина ҳукмлар ҳам шунга ўхшаш.

Ҳадис китобларидаги ҳеч шак-шубҳасиз ривоятларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир вақтнинг ўзида тўққиз аёлни ўз никоҳларида ушлаб турганлар. Пайғамбаримизга эргашиш лозимлигини тушунган мусулмон: «Мен ҳам у зотга эргашиб, бирданига тўққиз аёлни ўз никоҳимда ушлаб тураман», деса, фақиҳ унга: «Йўқ, биродар, сизга фақат тўрттагача аёлни ўз никоҳингизда ушлаб туришга рухсат бор, тўққизта аёлни бирданига ўз никоҳида ушлаш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос ҳукм», дейди. У яна Қуръони каримдан иккита, учта ёки тўрттагача уйланиш мумкинлиги ҳақидаги оятни далил қилиб келтиради. Ушбу оят нозил бўлганда тўрттадан ортиқ хотини бўлган одамларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўрттасини олиб қолиб, қолганларини талоқ қилишни амр этганликлари ҳақидаги ҳадисларни маълум қилади. Фақиҳ ўзига етиб келган ҳадисдан ҳукм чиқаришга дарҳол киришмайди. Аввал у ҳадисни ҳукм чиқаришга тегишли ҳамма тарафларини «Усули фиқҳ» қоидаси бўйича чуқур ўрганиб чиқади. Аввало, Қурцони каримга солиштиради. Агар юқоридаги ҳолат – мисолни солиштиргудек бўлса, Қурцондан оддий мусулмон учун тўрттагача аёлни ўз никоҳида ушлаб туриши мумкинлигини топади. Шу билан бу ҳукм Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хос эканига битта далил пайдо бўлади. Кейин ўша ҳадисни бошқа ҳадисларга солиштириб чиқади. Бошқа ҳадисларнинг ҳеч бирида оддий мусулмонга тўрттадан ортиқ уйланишга изн берилмаганини аниқлайди. Сўнгра тўрттадан ортиқ хотини борларга ортиқчаларини талоқ қилиш ҳақида буюрилган ҳадисларни топади. Кейин эса тўққиз аёлни бараварига ўз никоҳида ушлаб туриш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос экан, деган ҳукмни чиқаради.

Лекин ҳадислардан ҳукм чиқаришга ишқибоз шоввоз эса қўлига тушган: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилишдан қайтардилар», деган маънодаги ҳадисни ўқийди-ю, дарҳол ловуллаб кетади: «Ҳадисга амал қилмай, фиқҳга амал қилишнинг оқибати мана шу-да. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларини қилмай, қандайдир мазҳаб фақиҳининг айтганини қилиб юришибди. Ахир Аллоҳнинг Расули қабрларни зиёрат қилишдан қайтариб турганларида, фалончининг зиёрат қилса бўлаверади, демоғи нима деган гап?» дейди. Ҳалиги ҳадисни у ер-бу ерда одамларга ўқиб ҳам беради.

Уни эшитган баъзилар «Ҳақиқат бу ёқда экан-ку, чаламуллалар бошимизни айлантириб юришган экан-да», дейди.

Бошқалар эса «Аввалги муллалар ҳам бирор нарсани билмаса, айтмас. Сен билганни улар билишмасмиди», деб эътироз билдирган бўлади.

Учинчи тоифа: «Бу ерда бошқа гап бор», дейди. Хуллас, одамлар ичида гап кўпаяверади, ихтилоф, фитна чиқади, уруш-жанжалга айланади. Оқибатда Исломга душманлар ҳам етказа олмаётган катта зарар етади. Агар шу нарса асрлар оша бўлиб келаётганидек, етти ўлчаб, мулоҳазаларга бориб, ахлоқ-одоб доирасида амалга оширилса эди, ҳамма учун фойдали бўлар эди.

Аввало, керакли шаръий илмларни чуқур ўрганмай, ҳар бир илмнинг ўз устозларидан изн олмай туриб, кўпчиликка шариат ҳукмлари ҳақида иршод қилиш мумкин эмас. Айниқса, оят ва ҳадисдан ўзича ҳукм чиқариш жуда нозик нарса. Қолаверса, шариат илмлари бир ёки икки китобдагина мукаммал баён этилган эмас. Балки битта ҳукмни яхшилаб ўрганиш учун гоҳида ўнлаб китобларни ўрганишга тўғри келади. Бирор мавзуда узил-кесил гап айтишдан аввал текширилаётган ўша нарсани атрофлича ўрганиб чиқиш керак. Доимо билим борасида ўзидан юқори кишилардан сўраш лозим. Хилофли нарсаларни илмсиз кишилар ўртасига олиб чиқмаган маъқул.

Юқорида айтган биродаримиз агар тартибли диний дарс олганида, бу ишни зинҳор қилмаган бўлар эди. Иқтидорли устозни лозим тутганда, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам қийнаб ўтирмаган бўлар эди. Айтайлик, қабрлар зиёратидан қайтариш ҳақидаги мазкур ҳадисни ўқиди. Унда «Нима учун ҳадисда қайтарилса ҳам, муллалар «Зиёрат қилса бўлади», дейишади? Нима учун одамлар зиёрат қилишади?» деган саволлар пайдо бўлди. Шунда у одамларга ўз фикрини ҳукм тариқасида айтиб, уламоларни мазаммат қилиш ўрнига ўз саволига жавоб излаши керак эди. Агар иқтидори етса, шу бобда баҳс юритган бир неча китобларни ўқиб, солиштириб чиқиши, энг осони – иқтидорли, тақводор олимнинг ҳузурига бориб, одоб билан сўраши керак эди. Агар у шундай қилганида, қуйидаги жавобни олар эди: «Аввало, шаръий илмларга рағбат қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганаётганингиз учун ташаккур! Агар бу ҳадисларни бирон устоз ҳузурида ўргансангиз, яна ҳам яхши бўлар эди. Қолаверса, кўнглингизда пайдо бўлган саволни кўпчиликка ҳукм тариқасида ташлаб, ихтилоф чиқармай, ишонч билдириб, каминанинг ҳузурига келганингиз учун алоҳида ташаккур!

Энди саволингизга келсак, Ислом шариатида бошқа барча шариатлардаги каби «носух» ва «мансух» деган нарсалар бор.

«Носух» деганимиз, насх қилувчи, ўчирувчи мацносини англатади.

«Мансух» деганимиз эса насх қилинган – «кетказилган», «ўчирилган» деган маъноларни англатади.

Ислом шариатида шаръий далил билан собит бўлган бир ҳукмнинг ўша далилдан кейин келган бошқа бир шаръий далил билан кучдан қолдирилиши ва амали тўхтатилишига «насх» дейилади.

Маълумки, Ислом янги келган пайтда инсоният жамиятида кўплаб бидъат-хурофот ва нотўғри урф-одатлар ҳукм сурар эди. Одамларнинг қон-қонига сингиб кетган ана шу нарсаларни муолажа қилишда насх деб аталган услуб ҳам ишлатилган. Шундай ёмон одатлар қабрларни зиёрат қилишда ҳам мавжуд эди. Энг ёмони, қабрдагиларга сиғиниш, улардан мадад сўраш одати бор эди. Бу эса ўзингиз билганингиздек, ширк ҳисобланади. Ислом эса ишни энг аввал ширкка қарши курашдан бошлаган.

Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам динимизнинг дастлабки босқичида мўмин-мусулмонларни қабрларни зиёрат қилишдан ман этганлар.

Кейинчалик кишиларда тавҳид ақийдаси мустаҳкам ўрнашиб бўлганидан сўнг эса бошқа бир ҳадислари билан қабрларни зиёрат қилишга изн берганлар. У ҳадисни Имом Муслим ўз «Саҳиҳ»ларида Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Унда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен сизларни қабрлар зиёратидан наҳий қилган (қайтарган) эдим. Бас, энди зиёрат қилаверинглар», деганлар. Бошқа бир ривоятда «Қабр зиёрати ўлимни эслатади», деган зиёдаси ҳам бор.

Шундай қилиб, жанобингиз ўқиган ўша ҳадис мансух бўлиб, амалдан қолган. Лекин муҳаддисларимизнинг вазифалари Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳар бир ҳадисни аниқлаб, жамлаш бўлганлиги учун уни ўз китобларига киритганлар. Улар буниси мансух экан, ёзмай қўяверайлик, дейишмайди. Илмий омонат юзасидан, ўзлари аниқлаган ҳар бир ҳадисни ёзиб қўйишни ўз бурчлари деб биладилар. Ҳадислардаги бунга ўхшаш дақиқ нарсаларни мулоҳаза қилиб, солиштириб, жумладан, носух ва мансухларни ажратиб, ҳукм чиқариш эса фуқаҳоларнинг вазифасидир. Юқоридаги мисолда бу ҳақиқатнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бунга ўхшаш бошқа мисоллар ҳам бор. Мусулмонлар ичида очяланғоч, таомга муҳтож кишилар кўпайиб кетган бир пайтда (ва яна бошқа ҳикматини Аллоҳнинг Ўзи билади) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик гўштини уч кундан ортиқ сақлаб туришни ҳаром қилганлар. Кейинроқ эса бу ҳукмни ўзлари насх қилиб, қурбонлик гўштини хоҳлаганича ейишга ижозат берганлар.

Имом Муслим Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зоти бобаракот:

«Мен сизларни қурбонлик гўштини уч кундан ортиқ олиб туришдан наҳий қилган эдим. Бас, энди ундан хоҳлаганингизча еяверинг», деганлар.

Азизим, ҳадиси шарифларнинг носух ва мансухини билиш жуда ҳам муҳим. Уламоларимиз бунга катта аҳамият беришган. Аҳмад ибн Исҳоқ ад-Динорий, Муҳаммад ибн Баҳр ал-Асфиҳоний, Ҳибатуллоҳ ибн Салома, Муҳаммад ибн Мусо ал-Ҳозимий ва Ибн Жавзийга ўхшаш уламоларимиз носух ва мансух ҳадислар ҳақида алоҳида китоблар ҳам ёзганлар, булар билан ҳам танишиб чиқсангиз ёмон бўлмасди».

Олимнинг шундай мукаммал жавобидан сўнг ким ўз билганича ҳукм чиқаришга журцат этади?! Бу ҳамма учун яхши бўлади. Бекорчи гап-сўз, уруш-жанжал ҳам чиқмайди.

Қачон ҳадислардан ҳукм чиқариш нозик иш экани ҳақида гап кетса, ҳаётий тажрибада бўлиб ўтган бир ҳодиса ёдга тушаверади. Бу ибратли воқеа талабаларга ҳам, турли илмий суҳбатлар чоғида ҳам бир неча бор айтиб берилган.

Бухородаги «Мир-Араб» мадрасасида таҳсил олиб юрган пайтларимиз эди. Ҳадисдан ал-Хатийб ат-Табризийнинг «Мишкотул-масобийҳ» китобини ўқир эдик. Талабаларнинг жуда кўпчилигида китоб йўқлигидан улар китоб эгасини қуршаб ўтиришарди. Шунда ҳадисларнинг биридан «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким туянинг гўштини еса, таҳорат қилсин», деганлар, маъноси чиқди. У ҳадис сўзма-сўз таржима қилиниб, ўтиб кетилди. Шунда ичимизда ёши каттароқ бир талаба журъат қилиб, устозга:

«Тақсир, буни қандай тушуниш керак?» деди.

«Нимани?» сўради домла.

«Ҳозирги ўқиган ҳадисимизни-да! Ахир туянинг гўштини еган одам таҳорат қилиши керак, дейиляпти-ку?»

«Ҳа, нима бўлибди?»

«Биз туянинг гўштини есак, таҳорат қилмаймиз-ку?»

«Чунки фиқҳ китобларида таҳоратни бузувчи нарсалар қаторида туянинг гўшти зикр қилинмаган».

«Ҳадисда таҳорат қилсин, дейилса, фиқҳда шарт эмас, дейилса, қайси бирини қилиш керак?»

«Сиз фиқҳда айтилганини қилаверинг».

«Ҳадис нима бўлади?»

«Ҳадисни билиб қўйдингиз, етади!»

«Жуда қизиқ-ку!» деди бояги биродаримиз жавобдан қониқмай.

«Сиз гапни кўпайтирмай, биров бир нарса деганидан кейин, хўп, денг».

Дарсдан сўнг талабалар баҳсни давом эттирдилар. Баъзилари «Бу ҳадис мазҳабимиз уламоларига етмаган бўлса керак», деди.

Бошқалари «Бу ҳадис мансух бўлса керак», деди. Учинчилари «Биз билмайдиган сабаби бўлиши мумкин», деди.

Яна баъзилари «Домла ҳам билмасмикинлар, аниқ жавоб бермадилар», деди. Бошқалари «Билсалар керагу, биз қабул қилишга тайёр эмасдирмиз. Шунинг учун айтмаган бўлсалар керак», деди. Хуллас, савол жавобсиз қолди.

Йиллар ўтди. Аллоҳ таоло каминага ҳам чет эл исломий илм даргоҳларида таҳсил олишни насиб этди. Ўша ердаги муҳтарам устозларимиздан бирлари, ҳадислардан фойдаланишда кўп илмлардан хабардор бўлиш зарурлиги, бацзи бир ҳадисларнинг айтилиш сабаблари ва тарихи борлиги, агар шулар эътиборга олинмаса, тамоман бошқача маъно ва тушунча чиқиб қолишини тушунтирдилар. Бунга мисол келтиришга ўтдилар:

«Ичингизда «Ким туянинг гўштини еса, таҳорат қилсин», деган ҳадисни ўқиган ёки эшитганлар борми?» деб сўрадилар устоз. Талабалар:

«Бор», дейишди.

«Хўш, нимани тушундингиз бу ҳадисдан?» деб сўрадилар устоз.

«Туянинг гўштини еган одам таҳоратини янгилаши зарурлигини».

«Демак, сизлардан ким туя гўштини еса, таҳоратини янгидан қилади. Шундайми? Аммо биз Моликий мазҳабидагилар бундай қилмаймиз».

«Биз ҳам бундай қилмаймиз».

«Нима учун?»

«Чунки мазҳабимизнинг уламолари буни айтишмаган».

«Мазҳабингиз уламолари нима учун буни айтишмаганини биласизларми?»

«Билмаймиз. Энди сиздан билишни умид қиламиз», дедик.

«Бўлмаса, эшитинглар. Бу ҳадисни кўриб, туя гўшти еган одам таҳоратини янгилаши лозим, деганлар бўлса, улар аҳли зоҳир дейилади. Яцни булар – ҳадисни зоҳиридан ҳукм чиқариб, гапираверадиганлар, дегани. Аммо ҳақиқий фақиҳ олимлар, шарций далилларни нозик нуқталаригача англаб етадиганлар бундай қилмайдилар. Ҳар бир далил билан атрофлича текшириб кўрадилар. Уламоларимиз бу биз мисол қилиб келтираётган ҳадисни ҳам текшириб кўрганлар. Аниқласалар, бу ҳадис маълум бир муносабат билан айтилган экан. Бир куни Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам кишилар билан жамоат намозини ўқиб бўлиб, зиёфатга ўтирибдилар. Ҳамма таҳорати билан келиб, зиёфатга ўтирибди. Зиёфатда туя гўшти тортилибди. Ҳамма ундан маза қилиб ебди. Шу орада бировдан ноқулай ҳид чиқибди. Буни ҳамма ўзича мулоҳаза қилибди. Зиёфатдан яна жамоат намозига туриш керак бўлибди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким туянинг гўштини еса, таҳорат қилсин», дебдилар-да, ўзлари бошлаб, таҳорат қилибдилар. Аллоҳ Расулининг юксак одобларини, кишиларни хижолатчиликдан чиқариш учун йўл топганларини қаранг. Агар шундай қилмасалар, ҳамма намозга кирганида, ҳалиги ҳид чиқарган одам ёлғиз ўзи таҳорат қилиши керак эди. Чунки ҳид чиқарганидан кейин таҳорати кетади, таҳоратсиз намоз ўқиб бўлмайди. Ўтирганларнинг ҳаммаси таҳорат қилганида эса ҳид чиқарган одам хижолатчиликдан қутулади», дея устоз сўзларини тугатдилар.

Мана шу дарс кўпларимизга ўрнак бўлди. Шариат аҳкомларини, оят ва ҳадисларнинг маъноларини тушунишда кўп ҳаракат лозим эканини яна бир бор англаб етдик.

Агар эцтибор берадиган бўлсак, «Иймондан кейинги энг яхши амал нима?» деган саволга турли ҳадисларда турлича жавоблар келади. Бирида жиҳод, дейилса, иккинчисида ҳаж, дейилади ва ҳоказо.

Хўш, нима учун бундай? Савол битта. Сўралаётган шахс ҳам битта – Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари, лекин жавоб ҳар хил. Нима учун? Чунки «сўровчи ҳар хил», дейдилар ҳадиснинг фиқҳини яхши тушунадиган уламоларимиз. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир одамнинг ҳолатига, имкониятларига ва иқтидорига қараб, ўзига яраша муомала қилганлар. «Иймондан кейинги энг яхши амал нима?» деб сўраган одам шижоатли, паҳлавон, қўрқмас, ботир инсон бўлса, «Жиҳод» деб жавоб берганлар.

Дарҳақиқат, жиҳод унинг ўзига ҳам, Исломга ҳам, мусулмонларга ҳам фойда келтирган. Агар ўша одамга Аллоҳнинг Расули рўза тутиш, деганларида, у паҳлавон одамнинг нафл рўзасидан ўзи, Ислом, мусулмонлар унинг жиҳодидан кўрган фойдани кўрмас эдилар.

Агар савол сўраган одам нимжон, қўрқоқ ва имкони йўқ одам бўлса-ю, унинг саволига «Иймондан кейинги энг яхши иш – жиҳод», деб жавоб берилса, нима бўлар эди? Аввало, бу гапга амал қилиб, жиҳодга борса, ундай одамнинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ тегар эди. Қолаверса, бормаган чоғида ҳам, кўнгли ўксир, мен яхши иш қила олмайдиган тоифаданман, деб хафа бўлар, бошқа бир иш қилишга қўли бормас эди. Аммо унинг ўзига мос ишни иймондан кейинги энг яхши иш, деб юборилса, у жон-дили билан ўша ишни бажаради. Ҳақиқатдан ҳам унинг учун ўша иш иймондан кейинги энг яхши иш бўлади.

Бу ҳикматларни тушунмаганлар ҳадислар бир-бирига қарама-қарши, бирида маълум гап айтилса, иккинчисида унинг акси айтилади, деб айюҳаннос соладилар.

Ҳадиси шарифдаги бундай нозик масалалар ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Лекин яна бир мисол келтириб, гапни мухтасар қиламиз.

Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбаллар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Фахр эмас-ку, мен одам боласининг улуғидирман», деганлар.

Бошқа бир ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мени Мусодан афзал кўрманглар», деганлар.

Буни қандай тушунса бўлади? Уламоларимиз бу нарсани ўрганиб чиқиб, қуйидаги жавобни берганлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мени Мусодан афзал кўрманглар», деган гапларининг сабаби бор. Бир яҳудий одам: «Мусони башарият устидан танлаб олган зот билан қасамки», деган. Бу гапни эшитган бир мусулмон ҳалиги яҳудийни бир тарсаки уриб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимизда туриб, шу гапни айтасанми?!» деган. Сўнгра тарсаки еган яҳудий Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, шикоят қилган. Ана ўшанда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мени Мусодан афзал кўрманглар», деганлар.

Чунки таассуб ва тарафкашлик йўли билан ҳавойи нафсга берилиб, афзал кўриш дуруст эмас. Аллоҳ бундай фахр қилишни ҳаром қилган. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Ўша пайғамбарлар. Уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик», деган.

Бу мисоллардан кўриниб турибдики, муҳаддиснинг вазифаси бошқа, фақиҳнинг иши бошқа. Икковлари ҳам ҳадиси шарифга боғлиқ иш қиладилар. Аммо икковларининг ишлари ўзига хосдир.

Ҳозирги кунда ҳадис бор бўлгандан кейин фиқҳ ва фақиҳнинг нима кераги бор, дейиш мазкур дақиқ масалалардан бехабарлигимиздан бўлса керак. Ана шундай фикримиз бўлса, бошқа тортишувларни бир томонга қўйиб, муҳаддисларнинг ҳаётларига, мазҳабларига назар солайлик.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here