Аллоҳ таоло одам наслидан улуғроқ бўлган фаришталарни нурдан яратди. Уларга ақл ва илм берди бироқ нафс бермади. Аллоҳ таоло одам зотидан паст жониворларга ҳам ҳудди инсондагидай кўз, қулоқ, оёқ-қўл ва бошқа аъзолар берди. Шунга қўшиб нафс ҳам берди. Аммо ақл ва илм бермади. Нафс учун уларда жавобгарлик йўқ, нафс улар учун фақат тириклик манбаи. Улардаги нафс ҳукмронлиги чегараланган. Сигир қўйни бурдалаб ташлашга қодир кучга эга бўлсада, бу ишни қилмайди, чунки унинг нафси гўшт талаб қилмайди. Инсоннинг нафс борасида ҳайвонлардан улуғлиги ўз нафсини идора ва тарбия қилиш кучига эга бўлиши билан белгиланади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллолоҳу алайҳи вассалам мушрикларга қарши жангдан қайтгандан сўнг бир гуруҳ саҳобаларга айтдиларки, “Кичик жиҳоддан катта жиҳодга келдингиз”. Саҳобалардан бири сўради: “Эй Аллоҳнинг Расули, катта жиҳод деганингиз нима? Нафс билан жанг қилиш” деб марҳамат қилдилар Расуллуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассалам.
Яна Пайғамбаримиз Муҳаммад саллолоҳу алайҳи вассалам айтдиларки: “Мужоҳид Аллоҳга итоат йўлида нафси билан жиҳод қилган одамдир”. Нафсингдан келаётган азобни ташлаб кет. Аллоҳга исён борасида нафсингга қулоқ солма. Қиёмат куни нафс сенга душманлик қилганида баъзи бир аъзоларинг, баъзиларига лаънат айтади”.
Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга вахий қилиб “Эй Довуд Асҳобингни нафсоний орзуларига эргашишдан эҳтиёт қил. Нафсоний орзуларидан қочсинлар. Зеро, нафсоний орзулар асири бўлган қалбларнинг ақллари Мени кўра олмайди. Ақлларини пардалаб қўяман”.
Ҳазрати Алидан ривоят қилинади: Бир куни Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассалам мендан “Эй Али, сенга беш минг қўй берайми? Ё Расулуллоҳ беш мингта қўй озмунча фойда эмас, бироқ менга беш фойдали калимани ўргатишингизни ҳоҳлайман” дедим. Шунда Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассалам ушбу дуони ўргатдилар: “Аллоҳим гуноҳларимни мағфират қил. Менга кенг феъл ва ҳалол даромат насиб эт. Нафсимни берган ризқингга қаноатли қил ва қалбимни ўзинг ман этган нарсаларга мойил қилиб қўйма”.
Биз ҳам бу калималарни дилимизга муҳрлаб олиб доимо дуода бўлайлик.
Олтинсогй туман “Хўжа Бурхон”
жомеъ масжид имом хатиби: Т.Худойқулов