Аллоҳ таоло инсонни ер юзини обод этиш учун яратган. Ислом дини тинчлик динидир. Унинг таълимотидаги асосий даъват инсонларни тинчликка чақириш, Ер юзида осойишта ҳаёт ўрнатиш, кишиларни бир-бирига меҳр-мурувватли бўлишга, дини, миллати, ирқидан қатъий назар, ўзаро иззат-ҳурмат кўрсатишга чорлашдир. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён этилган:
“Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз!…” (Бақара сураси, 208-оят).
Ушбу ояти карима “коффатан” (яъни ёппасига) калимаси тафсир китобларида келтиришича, мана шу биргина сўз бир жиҳатдан барча инсонлар бирлашган ҳолда тинчлик йўлини тутишлари лозимлигини билдирса, бошқа жиҳатдан тинчликни барқарорлаштириш учун қайси йўл билан бўлса ҳам ҳисса қўшиш зарурлигини билдиради.
Динимизда инсоннинг жонига, молига, шаънига ноҳақ тажовуз қилиш оғир гуноҳ саналади. Бу ҳақда Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз с.а.в.нинг кўплаб ҳадисларида баён этилган. Қуйида ана шулардан намуналар келтириб ўтамиз.
яъни: “Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо сураси, 29-оят). Бу ердаги “ўзларингизни ўлдирмангиз!” жумласи бир неча хил тафсир қилинган: “Бир-бирингизни ўлдиришингиз ўзингизни ўлдирганингиз билан баробардир. Зеро, ҳаммангиз бир хил динга мансуб кишиларсиз”. “Ўз жонингизга ўзингиз қасд қилмангиз”. Яъни ҳаёт қийинчиликларига бардош бера олмай ёки бирор нарсанинг аламига чидаёлмай ўзини ўзи ўлдириш тақиқланмоқда. “Мол-мулкларингизни ўзаро ноҳақ йўллар билан ейишингиз ўзингизни ўзингиз қатл қилишингиз билан баробардир”. “Ҳавойи нафсга берилмангиз. Зеро, бу сизларни ҳалокатга олиб келади”.
Куръони каримда Аллох таоло шундай мархамат килади:
яъни: “Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!” (Бақара сураси, 188-оят).
Молни ботил йўл билан ейиш деганда шариатда ҳаром қилинган барча йўллар назарда тутилади. Масалан, ўғрилик, талончилик, фирибгарлик, қиморбозлик, порахўрлик, судхўрлик шулар жумласидандир. Пайғамбаримиз с.а.в.дан бу борада қуйидаги ҳадислар ворид бўлган:
Самур р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в.: “Сенга омонат берган одамнинг омонатини адо эт, сенга хиёнат қилган кишига сен хиёнат қилма” (Имом Аҳмад ривояти). Бошқа бир ҳадисда шундай дедилар:
“Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткорнинг ўзини танитиб турадиган аломати бўлади” (Муттафақун алайҳ).
Омонатга хиёнат қилган киши билсинки, у ўзига хиёнат қилибди. Чунки, Аллоҳ таоло унинг зиммасига омонат юкини юклаган эди. У эса, ана шу юкни кўтармай унга хиёнат қилди. Хиёнат эса, оғир гуноҳ, шундай экан унинг азоби ҳам қаттиқ бўлади.
Жиноятнинг яна бир тури бу лоқайдликдир. Абу Саъид р.а. айтадилар: Мен Расулуллоҳ с.а.в.ни шундай деганларини эшитдим: “Қайси бирингиз мункар ишни кўрса қўли билан ўзгартирсин, агар қурби етмаса тили билан, агар унга ҳам қодир бўлмаса қалби билан ва у имоннинг энг заифидир” (Имом Муслим ривояти). Демак, содир бўлаётган мункар ишларга бепарво бўлиш мўминга ёт иллатдир. Шундай экан, жамиятимизда учраётган ҳар қандай жиноятчиликка қарши катта-ю кичик биргаликда курашмоғимиз лозимдир.
Термиз туман бош имом хатиби Р.Абдуллаев