Муқаддас Ислом дини инсонларни фақат Аллоҳга ибодат қилиши ва унга ширк келтирмасликка чақириш билан бирга инсонлар ўртасидаги муомалаларни ва силаи раҳм қилишга ҳам чорлайди. Силаи раҳм- қариндошлик риштасини боғлаш бўлиб, у инсоний муомалаларнинг энг яхшисидир.Унинг акси эса, яъни қариндошлар билан алоқани узиш эса энг оғир гуноҳлардан бири бўлиб ҳисобланади.
Динимизда ака-укалар, опа-сингиллар, қариндош уруғларнинг ўзаро борди-келдилари, самимий муносабатлари силаи раҳм дейилади. Бу ҳақида Қуръони Каримнинг кўплаб оятларида таъкидланган.
Аллоҳ таоло Исро сурасининг 26-оятида шундай деб марҳамат қилган:
“Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва кўчада қолганга ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма”.
Нисо сурасининг 1-оятида бундай деб марҳамат қилган:
“Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар! Номини ишлатиб бир-бирингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик (алоқалари) дан қўрқинг. Албатта, Аллоҳ устингиздан рақобат этувчи зотдир”.
Бақара сурасининг 83-оятида шундай баён этган:
“Бани Исорилдан Аллоҳдан бошқага ибодат этмайсиз, ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга яхши гаплар айтинг, намозни қоим қилинг, закот беринг, деб аҳду паймон олганимизни эсланг. Сўнгра озгинангиздан бошқангиз юз ўгириб, ортга қараб кетдингиз”.
Аллоҳ таоло булардан бошқа яна кўплаб оятларда биз бандаларини қариндошларимиз билан алоқаларимизни мустаҳкамлашга буюрган.
Кўплаб ҳадиси шарифларда ҳам силаи раҳмнинг муҳимлиги, фазилати, натижалари баён этилган.
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий алайҳиссалом Мадинага келиб, илк хутбаларининг бирида: «Эй, инсонлар! Саломни орангизда ёйинглар, таом улашинглар, силаи раҳм қилинглар ва инсонлар ухлаётган вақтда кечаси бедор бўлиб намоз ўқинглар ана шунда жаннатга саломат кирасизлар», дея марҳамат қилганлар (Бухорий ривояти).
Силаи раҳм қилиш кишининг умри узун, ризқи баракали бўлишига сабаб бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Кимни ризқи кенг, умри узоқ бўлиш хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин» (Бухорий ва Термизий ривояти).
Ёлғиз келдик — ёлғиз кетамиз, аммо ёлғиз яшай олмаймиз. Инсон зоти борки, бошқа одамлар билан, айниқса қариндош-уруғлар билан ўзаро муносабат ўрнатишга, биргаликда яшашга муҳтож. Ҳаёт бирдай давом этавермайди, инсонлар бир-бирига яхши-ёмон кунларда шерик ва суянч бўлади.
Муқаддас динимизда қариндошларни зиёрат қилиб туриш, уларга меҳр шафқат кўрсатиш, қариндош-уруғчилик вазифаларини адо қилиш фарз ҳисобланади. Ҳатто ҳадиси шарифларда: “Қариндошлик алоқасини узиб қўйган одам жаннатга кирмайди”, деб таъкидланган.
Баъзида рўзғор ташвишлари сабабли яқин қариндошларнинг ҳолидан хабар олиш узоқ муддатга кечикиб кетади. Гўё дунёнинг ишлари қолиб кетадигандек туюлади. “Қариндошларни ҳадеб кўришга борверсам ёки уларга доим хайр-у саховат қилаверсам, камбағал бўлиб қоламан, ишларим юрмай қолади-ку” – деган ўй-фикр ҳам келиб қолиши мумкин. Йўқ, аслида ҳолат бутунлай бошқача, бу ҳаётда бизнинг ўлчовимиздан бошқача ўлчовлар ҳам бор.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадисларида шундай илоҳий ўлчовлардан бирининг хабарини берганлар: “Кимни ризқи кенг-фаровон бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд қилса, қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин”. Демак, бу иш кишининг умрига, вақтларига, ризқига, касб-корларига барака бўлар экан.
Қариндошлик ришталари “бор товоғим – кел товоғим” қабилида қилинадиган ишлар эмас. “Фалончи шифохонада экан, кўриб келайлик” дейилса, “У мен касал бўлганимда келиб кўрдими, йўқ, биз ҳам бормаймиз” – дейилмайди. Чинакамига қариндошлик қилиш бу ришта узиб қўйилган қариндошлар билан уни қайта тиклаш ва мустаҳкамлаш билан бўлади ва уни савоби ҳам улкан ҳисобланади.
Гоҳида яқин қариндошлар, ҳатто туғишган ака-укаларнинг, опа- сингилларнинг аразлашиб, юзкўрмас бўлиб юришларига гувоҳ бўлиб қоламиз. Бу ҳолатлар икки тарафга ҳам ярашмайди, ёшларга ҳам ибрат бўлмайди. Қолаверса атрофдагиларнинг бунга эътиборсиз қараб туришари тўғри эмас.
Афсуски, кейинги пайтларда бир қориндан талашиб тушган ака-укалар, опа-сингиллар орасида уй-жой, мол-мулк талашиш оқибатида келишмовчилик, жанжал бўлиб, юз кўрмас бўлиб кетаётгани қулоққа чалинмоқда. Бу жуда хунук ва оғриқли ҳолатдир. Аввало, акасининг ёки укасининг мулкини тортиб олиб, ўзлаштириб олиш гуноҳ бўлса, уларнинг ўртасидаги алоқаларнинг узилиши, аҳилликка дарз етиши ҳам оғир гуноҳдир. Айбсиз дўст қидирган дўстсиз қолади. Битта душманинг бўлса кўп, мингта дўстинг бўлса ҳам оз. У билан ўтган яхши кунларни эсласин. Эндичи… Араздан ким барака топди… Қайсарлик билан нимага эришди-ю, нималардан маҳрум бўлди. Аразларни тўхтатиш, хатоларни кечириш, гина-кудуратларни ташлаш керак.
Қайсарлик яхшиликка олиб бормайди. Ўзи ҳақ бўлиб турса, 3 кундан ортиқ аразлашиш, алоқани узиш ҳалол эмас. Бу ишда эҳтиёт бўлиш, аразлашган инсон билан тезроқ ярашиш чораларини излаб, буни амалга ошириш лозим.
Ҳадиси шарифда бу ҳақда огоҳлантирилган: “Мусулмон кишининг бошқа бир мусулмондан уч кечадан ортиқ аразлашиши ҳалол эмас. Икковлари уч кечадан ортиқ аразлашиб юрса ва шу ҳолда давом этишса, иккови ҳам ҳақдан четлаган бўлади. Улардан қай бири биринчи бўлиб (араздан) қайтса, бу унинг гуноҳларига каффорат бўлади. Агар улар аразлашган ҳолида вафот этса, икковлари ҳам жаннатга кирмайди”.
Силаи раҳмни узиш, қариндошлик алоқасини тўхтатиш ёмон оқибатларга сабаб бўлиши ҳадиси шарифларда таъкидланган. Қолаверса, қариндошлар билан алоқани мустаҳкамлаш ёмон ўлим топишдан қутулишга сабаб бўлади.
Али карромаллоҳу важҳаҳудан қилинган ривоятда эса: «Қариндошлар билан алоқани боғлаш ёмон ўлим топишдан сақлайди. Шунинг учун Аллоҳдан қўрқинглар ва силаи раҳм қилинглар!» (Имом Ҳоким ва Баззор ривояти).
Қариндошлик алоқасини узаётган ака-укалар ёмон ўлиб топиш, оғир гуноҳга ботиш ва охиратда ҳам аянчли ҳолатларга тушишдан огоҳ бўлсинлар!
Ака-ука, опа-сингил, амаки-тоға, амма-хола, уларнинг фарзандлари, қуда-андалар ва бошқа барча қариндошлар билан алоқани мустаҳкамлаш, ҳолидан хабар олиб туриш, касал бўлса – бориб кўриш, мушкули бўлса – ёрдам бериш, яхши кунларда хурсандчилигига шерик бўлиш, қийинчилик ва синовли кунларда суянчиқ ва далда бўлишга ҳаракат қилинг! Инсон дўзахга киришни хоҳламаса қариндошлик риштасини узишдан қўрқмоғи лозим. Инсоннинг силаи раҳм қилишига: ота-она, ака-ука, опа-сингил, ота ва онасининг қариндошлари энг ҳақли бўлган кишилардир. Силаи раҳмни маъноси кенг қамровли бўлиб, у қариндошлар билан яқин муносабатда бўлиш, уларнинг яхши ва ёмон кунларида ҳамдард бўлиш, муҳтож бўлсалар уларга ёрдам бериш, қалбида уларга нисбатан ҳасад ва адоват сақламаслик, ўртада мухаббат пайдо қилиш йўлида бор куч, ғайратини ишлатиш кабиларни ўз ичига олади.
«Қариндошлар билан муроса учун алоқа қилиш ҳақиқий силаи рахм эмас, ҳақиқий силаи рахм улар алоқани узишган тақдирда ҳам, уни боғлаган кишидир » (Имом Бухорий ривояти)
Улар билан кўришганда очиқ юз билан кўришиш улар қўпол ва дағал гаплашсалар ҳам, мулойим гаплашиш, яхшилик билан жавоб қайтариш, силаи рахмнинг гўзал намунасидир.
Демак, силаи рахм қилиш мўминларга хос сифат бўлиб ҳар бир киши бунга эътибор қилиш лозим. Донолар айтади: Икки нарса доимий бўлмайди: ёшлик ва қувват. Икки нарса бало-офатни қайтаради: садақа ва қариндошлик ришталарини боғлаш
Сўзимнинг сўнггида жанжаллашаётган жигарларга ушбу ҳадиси шарифни эслатиб ўтаман.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, силаи раҳм қилсин», деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).
Иймоним бор деган ака-ука, опа-сингиллар ўзаро алоқаларни узмасинлар, борди-келдиларни йўлга қўйиб, ярашиб, бир-бирларини бағрига боссинлар ҳамда аҳил, иноқ, ибодатли қариндош бўлиб ҳаёт кечирсинлар!
Аллоҳ таоло барчамизни силаи раҳмли бўлишни насиб этсин.
.ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг хотин- қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Хосият Қосимова