Хар бир вужуд, хар бир инсон дунёга келар экан, бу бекорга эмас. Хар бир дарахт кўкка бўй чўзиш имкони бор бўлганидек, хар бир инсон ўсиб улғайишга ва тўлақонли хаёт кечиришга хақлидир.Инсон дунёга келар экан, рухан ўсишга, ривожланишга, изланишга ва бу орқали етукликга эришишга хақлидир. Хаммамиз биргаликда тана гўзаллиги ва ташқи гу́залликни яратиш билан бирга ички гўзаллик, калб гўзаллигини яратайлик. Аллоҳга бизларни уйғотгани, нафас олдиргани, кўзларимизни кўрдиргани, ўз ибодатимиз ва ҳожатларимизга яратгани, қўл ва оёқларимиз бутлиги, Яратган Зотни қалбимизла танитгани учун беадад шукроналар бўлсин.
Аллоҳ таоло ўзининг Каломи шарифида «Аллоҳ сизларга машаққат қилмоқни истамайди, балки сизларни поклашни ва шукр қилишларингиз учун сизларга Ўз неъматини комил қилиб беришни истайди» (Моида, 7) деб марҳамат қилади.
Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратиб, унга саноқсиз неъматларни, туганмас яхшиликларни ато қилди, бу неъмат ва яхшиликлари билан уни бошқа яратилганлардан афзал қилди. Агар бандалар шукр қилсалар, уларга неъматларини зиёд қилишини ваъда қилди ва итоат қилсалар бу неъматлар давомийлиги ва боқийлигининг кафолатини берди. Аллоҳ таолонинг бандаларига берган ҳадя ва инъомлари биз учун кўриниб турган очиқ ва зоҳирий ёки биз кўра олмайдиган ботиний ва яшириндир, улар бизга маълум ва ёки ҳали номаълумдир. Аллоҳ таолонинг Одам боласига кўрсатган энг аввалги икроми бу уни гўзал хилқатда, аъзоларини мутаносибликда ва чиройли кўринишда яратгани, унга ҳалол ва ҳаромни, яхши ва ёмонни, ҳидоят ва залолатни, фойда ва зарарни ўргатгани, бунинг учун кўз, қулоқ ва ақл билан фазл кўрсатганидир.
Баъзи неъматлар ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизга хабар берганлар. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки неъмат мавжуд бўлиб кўпчилик одамлар уни қўлдан бой берадирлар. Бу — тансиҳатлик бирлан бўш вақтдир», — дер эрдилар». Яна ҳадиси шарифда “тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар” дейилади.
Баъзан биз англаб етмаган, эътибор ҳам бермаган неъматларимиз ҳақида Раббимиз ўзи эслатиб туради. Ҳадиси қудсийда келади:
“Эй Одам фарзанди! Сен икки неъмат орасида тонг оттирдинг. Улардан қай бири сенга зарарлироқ эканини билмайсан:
одамлардан бекитилган гуноҳларингми ёки сен ҳақли бўлмаган ҳолда эшитган мақтовларингми? Агар одамлар сен ҳақингда Менинг билганларимни билганларида, сенга салом ҳам беришмас эди. Ўша берганларимдан ҳам улуғроғи офият, одамларнинг ҳожати сенга тушиб турганида сенинг одамлардан беҳожат бўлишинг, уларнинг озоридан ҳимоя қилинишингдир. Менга ҳамд айт, неъматимнинг қадрига ет, амалингни риёдан халос эт”.
Демак, бандаларига бу турли хил икром ва неъматлар берилишининг ҳикмати, инсонларнинг Аллоҳ таолога шукр қилишлари, У зотга таслим бўлиб, ҳамд айтишлари ва У зотга ҳеч нарсани шерик қилмай ибодат қилишлари учундир.
Имом Қуртубий бу оят тафсирида шукр ва сано билан Аллоҳ таолонинг неъматларини ёйинг, гапиринг, шукр билан уни эътироф қилинг деганлар. Нўъмон ибн Баширдан Имом Шаъбий ривоят қилишича, Пайғамбар алайҳиссалом: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмабди. Ким инсонларга шукр қилмаса, Аллоҳ таолога шукр қилмабди. Неъматларни гапириш шукрдир. Уни тарк қилиш эса куфрдир” дедилар.
Молик ибн Назла ал-Хушамий: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида йиртиқ кийим билан ўтирган эдим, молинг борми дедилар. Ҳа, Ё Расулуллоҳ! дедим. Модомики, Аллоҳ сенга мол ато қилган бўлса, унинг асарини сенинг устингда кўринсин дедилар”. Бу ҳақида Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло гўзалдир, гўзалликни яхши кўради ва бандасида ўз неъматларининг асарини кўрмоқликни яхши кўради” дедилар.
«Агар шукр қилиб, иймонли бўлсангизлар, Аллоҳ сизларни нега азобласин?! Ахир Аллоҳ (бандаларининг тоат-ибодатларига савоб ато этиш билан) шукр қилгувчи ва билгувчи бўлган зот-ку?!» (Нисо, 147). Қуръони карим оятларига эътибор билан назар солсак, Аллоҳ таоло Ўз каломида неъматларга шукр келтиришни иймон билан боғлайди. Аллоҳ таоло Ер аҳлига юборилган аввалги пайғамбарлардан Нуҳ алайҳиссаломни шукр сифати билан мақтайди. Аллоҳ таоло томонидан Мусо алайҳиссаломга нубувват ва рисолатни ато қилинган ва гаплашилган вақтида ҳам дастлабки амрлардан шукр қилишга буюрилади. Ўзининг дўсти Иброҳим алайҳиссаломни неъматларига шукр келтирувчи эканини айтиб, мадҳ қилади. Довуд алайҳиссаломни ҳам шукр қилишга буюради. Сулаймон алайҳиссалом Раббидан шокирлардан бўлишини сўраб дуо қилса, Луқмон алайҳиссалом ҳам, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам шукрга буюрилдилар. Бизнинг Пайғамбаримиз алайҳиссалом барча яратилганлар ичида энг шукрлиси эдилар. Очликдан қорниларига тош боғладилар, у зотнинг олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилди, шунга қарамай оёқлари шишиб кетгунларича қиёмул лайлда турдилар ва шукр қилувчи банда бўлмайинми дедилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган бўлсалар, ҳозирги тўкинлик-фаровонлик даврида биз фақат шукримизни зиёда қилишга эътибор қаратишимиз лозим бўлади.
Раббимизнинг инсонларга қилган энг аввалги васияти Ўзига ва ота-онасига шукр келтириш ҳақида бўлди. Шунинг учун барча пайғамбарлар ўз қавмларини шукрга буюрган эдилар. Шукр аҳли бандалар орасида яхшиликлар билан хосланган бўлиб, уларга турли фитналар таъсир кўрсатмайди. Иблис алайҳиллаъна шукр мақомининг қадрини, ибодатларни асоси ва аълоси эканини билганидан ҳам асосий мақсадини инсонларни шукрдан тўсишга қаратди. Оятларга биноан қачонки, Сабаъ қавми ўзларига берилган неъматларни инкор қилганларида Аллоҳ таоло уларни бу неъматлардан маҳрум қилди ва уларга турли азобларни юборди.
Шукр барча мавжуд неъматларни сақловчиси ва йўқ неъматларни жалб қилувчисидир. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: Неъмат шукрга боғлангандир, шукр зиёдаликка таълиқ қилингандир, шукр кесилмагунча, зиёдалик кесилмайди. Яъни, кимки шукр билан ризқланган бўлса, зиёдалик билан ризқланибди: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”. Демак, Аллоҳ таолога иймон келтириб, тақво қилиш, шукр қилиш ва итоат этиш дунё ва охират эшикларининг очилишига сабаб бўлади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Алҳамдулиллаҳ тарозини тўлдиради” дедилар. Аллоҳга ҳамд айтиш шукрнинг аввали ва асосидир. У Қуръони каримнинг биринчи ояти ҳамдир: Оламларнинг Рабби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Аъзолар билан шукр қилиш эса Аллоҳ таоло рози бўладиган ишларга ёрдам бериш ва ғазабига хизмат қиладиган ишлардан қайтариш билан бўлади. Масалан, кўз шукри у билан ҳаром қилинган нарсаларга қарамаслик, тил шукри у билан фақат ҳақни гапириш, сидқдан бошқасига ишлатмаслик, қулоқлар шукри у билан ғийбат, бўҳтон ва бошқа муҳарромотларни эшитмасликдир. Аллохга шукр қилайлик инсон зотидан қилиб яратганига. Хар бир берган яхши ёмон кунларига шукр қилайлик азизлар ношукр бандалардан бўлиб қолмайлик ! ……
ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг
хотин қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси
Хосият Қосимова