Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. ўз ҳадисларида сийлаи раҳм тўғрисида бир неча бор такрорлаб айтганлар ва шу ҳадислардан бири:
Имрон ибн Муслимдин ривоят қилинди: Абу Зарр р.а. айтдилар: Соҳибим Аллоҳнинг росули Муҳаммад с.а.в. етти нарсани маҳкам ушлаган эдилар. Мен ҳам ушбу ишларни тарк қилмадим ва тарк қилмайман ҳам, дедилар. Ва айтики, менга у зот мискинларни яхши кўришни ва уларга яқин бўлишни. Ўзимдан паст кишиларга қараб юқоридагиларга назар солмасликни, қариндошларим юз ўгирса ҳам уларга сийлаи раҳм қилишни жаннат хазинаси бўлган «Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ»ни кўп айтишликни, одамлардан ҳеч нарса сўрамасликни, Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмасликни ва аччиқ бўлсада ҳақиқатни сўзлашни буюрдилар.
Ушбу ҳадисдаги «қариндошларим юз ўгирсалар ҳам уларга сийлаи раҳм қилишни тарк қилмадим» сўзини кенгроқ баён қиладиган бўлсак, сизу-бизга маълумдурки тарих воқеаларидан бирида Абу Бакр р.а.нинг Мистаҳ деб номлангувчи ночор бир қариндошлари бор эди. Абу Бакр р.а. унга баҳоли қудрат ҳар ойда нафақа бериб турардилар. Кунлардан бир кун Мистаҳ мўъминлар онаси Муҳамад с.а.в.нинг завжалари Оиша онамизга туҳмат қилди. Ушбу буҳтонга Мистаҳ аралашгани учун Абу Бакр р.а. Мистаҳдан нафақани йиғиб қўйдилар. Шунда бу хусусида Аллоҳ таоло ўз каломи Қуръони каримидаги Нур сурасининг 22-оятини нозил қилди: «Орангиздаги аҳли карам ва давлатмандлар хеш ақраболарига, мискинларга ва дин йўлида ҳижрат қилганарга ҳеч нарса бермасликка қасам ичмасин. Уларни авф этсин, кечиришсин, Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизларми?. Аллоҳ мағфират қилгувчи ва бениҳоят шафқатли зотдир». Шунда Абу Бакр р.а. Э Росулуллоҳ, Аллоҳнинг мағфиратини ва раҳматини истаймиз дедилар ва Мистаҳга берадиган нафақасини аслига қайтардилар.
Аллоҳ таоло барчамизнинг бир-биримизга нисбатан меҳр-оқибатимизни зиёда қилсин.
Ҳикоя
Бу воқеа араб мамлакатларидан бирида содир бўлган.
Эридан учта гўдаги билан тул қолган Ҳалима исмли аёлнинг аҳволи танг бўлиб қолди. Бир амаллаб кун кўриб туришган эди. Мана, учинчи кундирки болалари туз тотгани йўқ. Саҳарда яратганга илтижо қилиб ёлворди. Эй саховатли Раззоқим! Синовларингни менга осон қил. Имонимни ва номусимни ўзинг асра!
Зўрға ўрнидан турди. Ухлаётган болаларининг тепасига келиб, очликдан кичрайиб, сулиб бораётган юзларига қараб юраги эзилди, хўрлиги келди. Деворга суяниб беихтиёр деразадан қаради. Шу вақт рўпарадаги кўча ёқасига эски бир такси келиб тўхтади. Қалбида умид учқуни порлади:
«Шу таксичидан ёрдам сўрасамчи? Мусулмондир, ахир. Аҳволимни тушунтирсам уч-тўрт тангасини аямас.»
Бор қувватини жамлаб, рўмолини бошига ташлаганча кўчага чиқди.
-Эҳ муҳтарам зот, мен тиламчи эмасман. Аммо уч кундан бери болаларим билан туз тотмадик. Сабрим тугади. Номусимдан айрилиб қолмасам деб қўрқаман. Бошқа сотадиган нарсам йўқ!
Ҳозирги мижози берган пулни чўнтагига соларкан, энди юришга чоғланган таксичи бу аёлнинг аянчли овозидан ғалати бўлиб кетди:
«Ёрдам бериш керак!» миясига келган илк фикр шу бўлди. Бу фикрнинг кетидан оқиб кела бошлаган нафс ва шайтоннинг ҳийлакор баҳоналарига тутқич бермай ҳамёнидаги анчадан бери тўплаб қўйган бир даста пулни олиб шундоғича аёлнинг қўлига тутқазди: «Ол буни синглим, лекин номусингни сақла»-деди-ю газни босди. Ортидан аёл эса:
Аллоҳ сенинг ҳам ишингни ўнгласин-деганича қолди.
Таксичи уйига қайтаркан, кўзи йўлда-ю хаёли бу ишни хотинимга қандай тушунтираман деган ўй билан машғул эди. Гап шундаки, машинасининг ҳамма балони ишдан чиқиб эскириб қолган, ҳар куни юрагини ҳовучлаб юрар эди. Топганини тежаб-тергаб анчадан буён пул тўплаб юрганди. Бугун эрталаб шу пулларни олиб балон олмоқчи эди…
Начора, балонга эмас бировга насиб қилган экан…
Дарҳақиқат салом аликдан сўнг хотини дарров балонни сўради. Усиахонага учрадим. Уч тўрт кун сабр қилинг дейишди. Яқинда яхшиларини олиб келишаркан, деб ғулдиради. Эр хотиннинг кўзларига қарамасдан…
Орадан уч тўрт кун ўтиб кечки пайт таксичи уйига қайтса, хотини унга бир қоғоз тутқазди:
-уста шекилли, сизни сўраб келди. Эрталаб мана бу манзилга борсин, балонларини алмашгтириб бераман деб кетди. Уша айтгани келган кўринади-деди.
Эр ҳайрон, манзил ёзилган қоғозни қўлга оларкан рости билан айтасанми дегандек хотинига қаради. Тамоман бегона жой! Ким бўлди экан? Ҳолатни жудаям бир таъвил қилолмади. Таваккал эрта тонгданоқ бораман. Нима гаплигини албатта биламан, деб кўнглига тугиб қўйди.
Эрта тонгда нонушта қилмай кўчага отланди. Манзилни топиш қийин бўлмади. Устахона экан. хўжайин бўлса керак, олдида бир киши ўтирибди. Эшик олдида бир киши ўтирибди. Худди хотини таърифлаган кишига ўхшайди. У ҳам таксичини кўриб қадрдонлардек пешвоз чиқди.
Устахона хўжайини ёшли кўзларини унга қадаб:
-сен нима қилгансанки, уч кундан бери Пайғамбаримиз с.а.в. тушимга кириб, сенинг номингни айтиб: «Шу кишининг балонларини янгилаб бер», мен сени қиёматда шафоат қилай дейди! Кел, биродар, машинангни ичкарига олиб кир.
Таксичи бир лаҳза қулоқларига ишонмай туриб қолди, сўнгра унинг ҳам кўзларидан ёш чиқиб кетди.
Ш. Анваров