Ҳар бир мўмин киши ким бўлишидан қатъи назар дунё ҳаётида ички ва ташқи дунёсини ислоҳ этиши ва қалбни турли иллат ва зарарли офатларидан эҳтиёт қилиши керак бўлади. Киши қалби ва ички қиёфасини қанчалик гўзал ва пок қилса, унинг ташқи манзараси ҳам шунчалик гўзал ва солиҳ бўлади. Буни Пайғамбаримиз қуйидаги ҳадиси шарифларида чиройли баён қилиб берганлар: “Огоҳ бўлинглар! Инсон жасадида бир парча гўшт, яъни эт бор, агар у солиҳ бўлса барча жасад солиҳ бўлади, агар у бузилса жасаднинг ҳаммаси ҳам бузилади. Огоҳ бўлинглар! У қалбдир”.
Ислом дини таълимотлари барчани одоб-ахлоқ, ўзаро меҳр-муҳаббат, ҳурмат-эҳтиромга чорлаб, салбий иллат ва ёмонликлардан эҳтиёт бўлишга чақиради. Инсон қалби пок бўлиши, унинг ички ва ташқи қўриниши ҳамиша гўзал бўлиши ҳақида алоҳида таъкидланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўзларининг макоримул ахлоқлари билан умматга намуна бўлдилар, у зот ҳар вақт нафс тақвоси ва поклигини сўраб шундай дуо қилардилар: “Эй Аллоҳим! Нафсларимизга тақво бер ва уларни пок қил! Сен нафсларни пок қилувчиларнинг энг яхшиси ва унга дўст ва соҳибисан”.
Жамият аъзоларини ҳар бирига зарар берадиган қалб иллатларидан бири — бу ҳасаддир. Агар киши бундан ўз вақтида сақланмаса уни ахлоқан тубанлашувига олиб келади, дунё ва охиратини бахтсизлик саҳросида адаштиради. Ҳасад шундай бир ёмон иллатки, ундан ҳар вақт эҳтиёт бўлишимиз кераклиги ҳақида Ҳақ таоло огоҳлантириб шундай дейди: “ Ҳамда ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан (паноҳ тилайман)” (Фалақ сураси, 5-оят).
«Ҳасад» сўзининг луғавий маъноси ҳасадчининг кишига берилган неъмат, фазилатни зоил-йўқ бўлишини ёки ундан тортиб олишни исташидир. Истилоҳда эса, ҳасад қилинган кишидан неъматларни барбод бўлишини исташ ёки ўзга киши неъматли бўлишини истамаслик. Ҳасаднинг ҳақиқати – ғазаб натижасида кўра олмасликдан вужудга келган салбий ҳолатдир.
Имом Абу Лайс Самарқандий айтади: “Ҳасаддан зарарлироқ нарса йўқ. Ҳасад қилувчи кишига бешта азобни олиб келади. Бу бешта азоб ҳасад қилинган кишига етмасдан, ҳасад қилувчи кишига етади. Ғам узилмайди. Мусибат етади, унга ажр келмайди. Ёмонликни олиб келади, у билан мақтанилмайди. Аллоҳ таоло унга ғазаб қилади. Унга тавфиқ эшиклари ёпилади”.
Имом Аҳмад ва Имом Насаийлар Расул акрам саллоллоҳу алайҳи васалламнинг содиқ ходимлари Анас ибн Моликдан ривоят қилган ҳадислари барчаларимиз учун иншоаллоҳ ибратли деб биламиз. У зот шундай нақл этади: “Биз Расулуллоҳнинг ҳузурларида ўтирган эдик. Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Ҳозир сизларнинг ҳузурингизга жаннат аҳлидан бир киши келади”. Дарҳақиқат, шу онда соқоллари таҳорат суви билан тоза, чап қўлида кавшини кўтарган ансорийлардан бир киши кириб келди. Ровий давом этиб айтди: “Абдуллоҳ ибн Амр уни орқасидан бориб, уйида уч кун қолди. Уни жуда ҳам кўп рўза тутмагани ва зиёда намоз ўқимаганини билди. Шунда унга қарата: “Мен Расулуллоҳдан ҳозир сизларнинг ҳузурингизга жаннат аҳлидан бир киши келади”, деб айтганларини эшитдим. Сизни кўп тоат-ибодат қилганингизни ҳам кўрмадим. Расулуллоҳ айтган даражага сизни нима нарса мушарраф этди, деб сўради.” У киши жавоб бериб айтди: “Мен сиз кўрганингиздек ортиқча тоат-ибодат қилмайман, аммо мен бирон-бир кишини алдамайман ва Аллоҳ таоло бандасига берган яхшиликлари учун бирон-бир инсонга ҳасад қилмайман”. Абдуллоҳ ибн Амр: “Мана шу фазилат сизни жаннат аҳлидан бўлишингизга сабаб бўлган”, деб айтди.
Қиссадан ҳисса деганларидек, улуғ саҳобалар, тобеинлар, уларга тобе бўлганлар, мазҳабимиз имомларига ва устоз олиму уломаларимизга эргашиб, кўрсатмаларига амал қилиб, ҳасад, кўраолмаслик, алдамчилик ва фирибгарлик каби ижтимоий иллатлардан эҳтиёт бўлишга ҳаракт қилайлик
Денов туман “Шайх Аттор Валий” жомеъ масжиди имом ноиби Я.Азизхонов