Ҳа, нафси аммора ва ҳавонинг озорларига сабр қилиш. Бунинг учун сабрга эҳтиёжингиз бор, албатта. Зеро, пайғамбарлар қилаётган ишлари учун ҳеч қандай ҳақ талаб қилишмаган: “Мен бу (даъватим) учун сизлардан мукофот сўрамайман. Менинг мукофотим фақат оламларнинг Парвардигори зиммасидадир” (Шуаро, 164). Шубҳа йўқки, амри маъруф ва наҳий мункар қилувчилар энг юксак тақдир ва инфоққа лойиқ. Лекин инфоқ қилинмаса, ҳеч ташаккур айтмаса, сабр қилишдан бошқа илож йўқ. Айрим инсонлар нафсини енгишга ўзида куч топа олади-ю оиласига келганда енгилади. Аёли ва фарзандларининг: “Кундузи ишдасиз, кечаси навбатчиликда қоласиз. Бизлардан хабар олмай қўйдингиз. Нега бу ишларни қилмадингиз? Нега буларни олиб келмадингиз?”, каби сўзларига дош бера олишмайди. Оилада жанжал чиқади. Аслида бу ҳам бир синов, бир имтиҳон. Аллоҳ таоло Нуҳ (а.с.)ни ўғли ва аёли билан, Лут (а.с.)ни аёли билан, Иброҳим (а.с.)ни отаси билан имтиҳон қилди. Барча пайғамбарлар Аллоҳнинг синовларини бошларидан кечиришди. Шу боис оилангиз ва уларнинг сўзларига сабр қилишдан бошқа чорангиз йўқ. Саҳобалар узоқ сафарга отланишса, оиласи ва фарзандларидан кўнгли тўқ ҳолда йўлга чиқишади. Чунки оиласини чалғитадиган, гуноҳга чорлайдиган кимсалар ва вазиятлар улар яшаган шаҳарда деярли мавжуд эмас эди. Бўлса ҳам, амри маъруф ва наҳий мункар қилувчилар томонидан дарҳол бартараф этиларди. Ҳар бир мусулмон ўз масъулиятини яхши ҳис қилар эди. Шунинг учун ҳам Кисронинг элчиси Мадинага келганида ҳайратдан ёқа ушлаб қолган. Нега дейсизми? Чунки у келибоқ, баланд иморатлар ва саройларни қидиради. У Умар (р.а.) ўтирадиган қароргоҳни муҳташам сарой сифатида тасаввур қилган эди. Лекин ҳеч қандай сарой ва муҳташам иморатдан асар ҳам йўқ эди. Уни қароргоҳга бошлаб киришди. У ер оддий уйдан фарқ қилмас эди. Элчи: “Мўминларнинг амири Умар (р.а.) қаерда?”, деб сўради. Одамлар: “Уни масжиддан топасан”, дейишди. Элчи масжидга кириб, Умар (р.а.)ни ерда дарахт соясида тошга суяниб ухлаётганини кўради. Аввалига ишонгиси келмайди ва “Кисро ва Қайсарни тор-мор этган одам шуми?!”, деб ҳайратланади. Шундай ғариб бир инсон қандай қилиб бутун дунёни ўз ҳайбати билан қалбидан жой олишига нима сабаб бўлди? Саҳобийлар фақат Аллоҳ учун амал қилишди. Шу боис Аллоҳнинг кўмагига сазовор бўлишди. Мен айтмоқчи бўлган нарса шуки, сабр қилишимиз лозим. Чунки биз сабр қиладиган замонда яшаяпмиз. Агар сабр қилмасак, мувоффақиятга эриша олмаймиз. Сабр ва бу синовлар мувоффақият ва ғалабанинг асосидир. Бу яхшилик сари йўналган йўлимизнинг бошланиш қисмидир. Мен бу гапларни орзу маъносида эмас, балки яхши ниятда сўзлаяпман. Сабрсиз ҳеч бир муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Ҳозирда толиби илмлар орасида тобора йўқолиб кетаётган хулқлардан бири сабрдир. Дарҳақиқат, ҳозир кўпчилик сабрсизликка мубтало бўлган. Йўлнинг ярмида бошлаган ишини чала ташлаб кетади. Бунга ажабланмасликнинг иложи йўқ! Инсон баланд даражаларни кўзлаши ва лекин унга эришишга кучи етмаслиги мумкин. Ёки ишнинг бошидаёқ заифлик қилиши мумкин. Улуғлардан бири ўғлидан сўради: “Ўғлим, катта бўлганингизда кимга ўхшамоқчисиз?” Ўғли: “Сизга ўхшашни истайман, отажон”, деб жавоб берди. Отаси: “Унда сира ҳам менга ўхшай олмайсиз. Чунки мен Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.)га ўхшашни истаган эдим. Кўриб турганингдек шу даражага эришдим. Сен агар менга ўхшамоқчи бўлсанг, мендек бўла олмайсан (яъни олдинга каттароқ мақсад қўйгин)”, деди. Дарҳақиат, ҳиммат ва мақсад улуғ бўлиши лозим. Мақсад қанча катта бўлса, шунча юқори даражага эришиш мумкин.
Олтинсой туман «Хидиршо ота» жомеъ масжиди имом-хатиби Абдусалом Султонов