Ҳадисларда жаноза намози ва дафн маросимида қатнашишнинг фазилати жуда кўп таъкидланган. Хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маййитнинг жанозаси ва дафн қилишда иштирок этишни марҳумнинг бошқа мусулмонлардаги ҳаққи, деб ўргатганлар.
Жаноза намозида иштирок этиш ва маййитни қабристонга олиб бориб, дафн этиш фарзи кифоя амалдир. Жанозада қатнашмаган киши гуноҳкор бўлмаса-да, лекин унда иштирок этганларга бериладиган кўплаб савоблардан бебаҳра қолади.
Довуд ибн Омир ибн Саъд ибн Абу Ваққос отасидан ривоят қилади:
“У Абдуллоҳ ибн Умар ҳузурида ўтирганида Мақсура соҳиби Хаббоб чиқиб: “Эй, Абдуллоҳ ибн Умар! Абу Ҳарайра нима деяётганини эшитмадингизми? Айтишича, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки жаноза бўлаётган уйдан чиқиб, маййитга жаноза намозини ўқиса, сўнгра то у дафн қилунгунича ҳозир бўлса, унга икки қийрот савоб бўлади. Ҳар бир қийрот Уҳуд тоғи мисличадир. Борди-ю, жаноза намозини ўқиб қайтса, унга бир Уҳуд тоғи мислича ажр бўлади”, деганларини эшитган экан. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар Хаббобни Оиша розияллоҳу анҳо ҳузурига Абу Ҳурайранинг сўзлари ҳақида сўраб келиш учун жўнатди. Ибн Умар элчи келгунича масжиднинг майда тошларини олиб, қўлида у ёқ бу ёққа айлантириб турди. У (элчи) қайтиб келиб: “Оиша розияллоҳу анҳо: “Абу Ҳурайра рост гапирибди”, дедилар”, деди. Ибн Умар қўлидаги майда тошларни зарб билан ерга уриб: “Кўплаб қийротларни зое қилибмиз-ку”, деди”. (Имом Термизий ривояти)
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу дафн маросимида иштирок этган киши қийрот савобга эга бўлиши ҳақидаги ҳадисни билмас эди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бу маълумотга эга эканлиги унга етиб бориб, буни Оиша розияллоҳу анҳо ҳам тасдиқлагач, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Биз кўплаб қийротларни зое қилибмиз”, деб пушаймон қилдилар.
(Имом Термизий ривояти)
Уламои киромлар жаннат неъматлари ва ажру савобларини бу дунёда тасаввур қилиш мумкин эмас, шунингдек, уларни таърифлаш учун муносиб сўзлар ҳам йўқ, деб таъкидлаганлар. Шу боис ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар охират ноз-неъматлари ва ажру савобларини оз бўлсада, тасаввур қила олишлари учун улар ўзаро мулоқотда истифода этадиган иборалардан фойдаланганлар. Масалан, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам жаноза намозида иштирок этиш савобини тилла ва кумуш ўлчов бирлиги бўлган “қийрот” билан таъриф-ладилар. Лекин, бу билан дунёдаги қийрот тушунилмайди, деб: “У қийрот катталикда Уҳуд тоғи кабидир”, деб саҳобаи киромларга тушунтириб бердилар. Чунки, қийрот аслида жуда кичик оғирлик ўлчовидир. Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, киши жаноза намозида иштирок этгани учун алоҳида, дафнда иштирок этгани учун алоҳида савоб олади. Уларнинг ҳар иккиси ҳам улкан ажрдир.
Бошқа ривоятда қуйидаги лафз келган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким (жаноза олиб чиқиб кетилишидан) аввал маййитнинг уйига келса, унга бир қийрот, сўнгра жаноза ортидан эргашса, унга яна бир қийрот, сўнг унга жаноза намозини ўқиса, унга яна бир қийрот, сўнг дафн этилгунча кутса, унга яна бир қийрот бўлади”, дедилар”. (Баззор ривояти)
Ушбу ҳадисдан қуйидаги фойдалар олинади: мазкур тўрт амал алоҳида-алоҳида яхши амалдир, уларнинг ҳар бирига алоҳида савоб битилади ва ҳар бир савоб жуда улкандир.
Таъкидлаш лозимки, кўпчилик бугун жаноза намозида расмият учун иштирок этади. Аслида эса, улар жанозанинг қандай ўқилишини ҳам билмайдилар. Ваҳоланки, буни ўрганиш учун озгина эътиборнинг ўзи кифоя қилади. Аслида, жаноза намозларида расмият учун эмас, балки Аллоҳ таолонинг розилиги ниятида қатнашиш лозим. Ким шундай қилса, ин ша Аллоҳ, катта ажру савобга эга бўлади. Жаноза намози ўқилганидан кейин тобут ортидан бориб, дафн маросимида иштирок этиш эса алоҳида ибодатдир. Бу ҳақида Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган:
Саъид ибн Мансур Мужоҳиддан ривоят қилади: У: “Тобут ортидан эргашиш энг афзал нафлдир”, деди”.

Қумқўрғон тумани “Боймоқли”
жоме масжиди имом хатиби Ж.Хакимов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here