Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир киши бир бегона аёлга кўнгил қўйди. Ўша аёл бир кеча ўз эҳтиёжи учун бир жойга кетган эди, эркак унинг ортидан эргашди. Иккиси холи жойга борганда эркак аёлга фаҳш ишни таклиф қилди. Аёл унга: «Қара-чи, ҳаммаси ухлаяптимикин?» деди. Ҳалиги киши аёл зинога рози бўлди деб ўйлаб, ташқарига чиқди, одамлар яшайдиган жойларни айланиб чиқди. Ҳамма ухлаётганини кўриб, хурсанд бўлиб, ортига қайтди. Келиб, аёлга ҳамма ухлаётганини айтди. Аёл: «Аллоҳ табарока ва таоло-чи? У Зот ҳам ухлаяптими?» деди. Киши: «Аллоҳ таоло ухламайди, Уни мудроқ ҳам тутмайди», деди. Аёл: «Ҳа, Аллоҳ ухламаган ва ҳеч қачон ухламайди ҳам. Унинг яратган махлуқотлари бизни кўрмаса ҳам, Унинг Ўзи бизни кўриб туради. Мана шундан қўрқиш керак», деди. Эркак бу сўзлардан ларзага тушиб, аёлдан узоқлашди. Қилган иши учун Аллоҳ таолодан қўрқиб, астойдил тавба қилди. У вафот этгач, бир киши уни тушида кўриб, «Аллоҳ таоло сенга қандай муомалада бўлди?» деб сўради. У: «Ундан қўрқиб, тавба қилганим учун гуноҳимни кечирди», деди.

«Солиҳлар гулшани» китобидан

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here