Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол

Ҳозирги пайтда газета-журнал саҳифаларида, радио-телевидение орқали тинимсиз равишда юлдузларга қараб фол очадиган мунажжимларнинг «башорати» эълон қилиб борилади. Энг қизиғи, эсли-ҳушли, ўзини мусулмон санайдиган одамлар ҳам ана шу «башорат»ларга ишониб, ўзларини келажакда нималар кутаётгани билан қизиқиб юришибди. Мен бу ишнинг ҳаромлигини, сохта мунажжимларга ишониш киши иймонига путур етказишини яхши биламан. Мени қизиқтираётган нарса ана шу «башоратлар»нинг ҳеч бир илмий асоси йўқлиги, ҳатто журналистлар кўпинча уни ўзларича «тўқиб» чиқаришларини эшитиб қолдим. Яқинда эса мунажжимлар фойдаланаётган тахминлар асрлар ўтиши билан эскириб, ҳозирда бутунлай аҳамиятини йўқотганини ҳақида ўқидим. Шу далиллардан кейин ҳам ана шу «башоратлар»га ишониш ақлсизлик эмасми?

 

Абдулқодир Эргашев

Чиноз тумани 

 

Сир-синоати фақат Аллоҳга аён бўлган малакут (фаришталар) дунёси, руҳлар олами, келажакдаги воқеа-ҳодисалар каби ғайбий (яширин, кўздан пинҳон) нарсалар инсонларнинг ақл-идрокидан ташқаридаги илоҳий ҳикматлардандир. Аллоҳ таоло бирор инсонни, ҳатто суюкли Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам бу илоҳий сирдан воқиф этмаган. Аммо инсоният Аллоҳ таолонинг огоҳлантиришларига қарамай, асрлар давомида келажакни, тақдирни, ғайбни билиш, ҳар хил «башорат»лар қилиш каби бефойда амаллар билан шуғулланишга рағбат кўрсатиб келмоқда. Шулардан бири оммавий ахборот воситаларини тўлдириб ташлаган «Мунажжимлар башорати» рукни остида берилаётган ёлғонлардир.

Ислом шариати юлдузлар илмини (илми нужумни) ўрганишни тақиқламаган, чунки аждодларимиз юлдузларга қараб қуруқлик ва денгизда йўл топишган, намоз, рўза, ҳаж каби муҳим ибодатлари вақтини аниқлашган. Аммо бундан бошқа мақсадларда, ғайбни, тақдирни, келажакни билишга уринишда фойдаланишни қаттиқ тақиқлашган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Қуруқлик ва денгизда йўл топадиган миқдорада юлдузлар илмини ўрганинг, қолганидан ўзингизни тийинг», деганлар.

Энг қизиғи шундаки, шариатимиз қоралаган, мусулмонлар четланишга буюрилган юлдузларга қараб фол очиш ва уни инсонлар тақдирига боғлашдаги башоратлар ғирт ёлғон ва уйдирма эканини ҳозирги замон етакчи олим ва мутахассислари ҳам илмий жиҳатдан исботлаб беришяпти. Олимларнинг бу саволга жавоб ахтариб олиб борган изланишлари натижаси шуни кўрсатдики, мунажжимлар (астрологлар) фойдаланаётган бурж белгилари ҳақиқатдан анча йироқ, аниқроғи мунажжимлар қаттиқ алдашяпти экан!

Россия Гидрометереология марказининг планеталар циркуляцияси ва гелиогеофизик текширувлар лабораторияси мудири Николай Сидоренко бундай дейди: «Маълумки, Қуёш кузда осмон экваторини кесиб ўтади ва бу нуқта «куз тенгкунлиги» деб аталади. Астрологлар эса уни бурж белгисига кўра, Тарози деб аташган. Лекин гап шундаки, тенгкунлик белгиси, Қуёшнинг туриши ва бурж белгилари бундан 2100 йил муқаддам астрология гуллаб-яшнаган Вавилонда ва Қадимги Грецияда амалга киритилган эди. Лекин бу йил кузда қуёш Тарози юлдузлар туркумига «одатдагидан» бир ой кеч кирди. Нега шундай? Ўқувчиларни астрономик ҳисоб-китоблар билан зериктириб ўтирмай-да, гапнинг мағзини айтиб қўя қолай. Биринчи тенгкунликдан иккинчисигача бўлган давр ичида Қуёшнинг айланиши бурж юлдузларига нисбатан 20 дақиқа кам. Айнан мана шу 20 дақиқа йиллар ўтган сари Қуёшнинг бурж юлдузларига нисбатан ўрнини алмаштириб туради. Бу жараён 25700 йилдан кейин ўз ниҳоясига етиб, кузда яна Тарози юлдузи «ўз ўрнини» эгаллайди. Қадимдаги мунажжимлар (астрологлар) Қуёшнинг айнан мана шу «кечикиши»дан бехабар бўлишган. Лекин шуниси ҳам таажжубланарлики, ҳозирда буни билишса-да, ҳамон эскича ҳисоб-китобдаги мунажжимлар башоратидан фойдаланишмоқдалар».

Агар бу далиллар ҳам айримларни қониқтирмайдиган бўлса, унда яна бир атоқли олим, россиялик назариётчи физик, Нобель мукофоти соҳиби академик Виталий Гинзбургнинг фикрлари билан танишсинлар: «Менга «Нима учун астрология билан олишиб қолдинг, бунга енгилроқ қара, башоратларни чоп этишса нима қилибди, ахир, булар шунчаки ҳазил-ку?!» дейишади. Лекин инсон ана шундай уйдирмаларга ишониб, унинг тахминлари билан яшаса, бутун ҳаётини барбод қилади-ку! Бошқаси унинг ана шу ожизлиги орқасидан жарақ-жарақ пул ишлайди. Шу ҳам ҳазил бўлдими?… Астрология ғирт бемаънилик, фанни шунчаки инкор этишнинг ўзгинасидир. Астрологларга қулоқ солсанг, гўёки одамнинг туғилиш пайтида юлдузлар ва сайёралар унинг келажакдаги тақдирини белгилар эмиш. Ўтмиш аждодларимизнинг астрология билан шуғулланганларини тушунса бўлар: илгариги одамлар сайёралар ҳаракатини билишмас эди. Тўрт юз йил муқаддам машҳур фалакиётчи Иоҳанн Кеплер гороскоп тузиб, шундан пул ишлаган. Лекин ўшандан буён илм-фан олдинга катта қадамлар ташлаб ривожланиб кетди-ку! Сайёра ва юлдузлар тақдирга ҳеч қандай таъсир ўтказа олмаслиги аллақачон исботланган».

Назаримизда, бу гапларга қўшимча қилишнинг мутлақо зарурати бўлмаса керак?

islom.uz

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here