Бу мақолани ёзишга Ўзбекистон киночилари томонидан ишланган “Кулба”филми туртки бўлди. Бу филмни бошидан охиригача кўзимда ёш билан кўрдим. Дунёда шундай нобакор фарзандлар борлигидан қаттиқ ўксиндим. Оилада фарзанд туғулса ота-онанинг боши кўкка етади. Хурсандчилиги дунёга сиғмайди. Бу мурғак , заиф гўдак соғ саломат ўсиб улғайиши учун ота-она уни еру кўкка ишонмай, ўзи емай гўдакни едиради, ўзи киймай гўдакни кийдиради. Чақалоқ эса ота-она меҳрини туйиб юмшоқ бешикларда онасининг мунгли овоз ила айтаётган алласини маза қилиб эшитиб роҳат-фароғатда ухлайди.Тунлари бир неча бор уйғонганида онаизор ўз уйқусининг баҳридан кечиб унга кўкрак тутиб эмизади. Агар бемор бўлиб қолса ота кунни тунга, тунни кунга улаб болам соғ-омон бўлсин деб духтурхонама-духтурхона, дорихонама-дорихона елиб югуради.
Ота –она болам ҳар томонлама етук инсон бўлсин, ҳеч кимдан кам бўлмасин деб бор будини сарфлайди. Илмли қилади, ҳунарли қилади, яхши ишларга жойлаб қояди. ”Авлодимиз давомчисини кўрай мен ҳам невара кўтариб эркалаб катта қилай” деган не-не умидлар билан уни яхши жойлардан излаб келин топиб уйлаб қўяди.
Бу ёзганларим ота-онанинг фарзади учун қилган яхшиликлари ҳақида дарёдан бир томчи холос. Нахотки ота-онасининг шунча меҳнат ранжу-аламларини, биргина аёлининг сўзига кириб ҳамма-ҳаммасини унутса. Кўксига “мусулмонман” деб муштлаб юрган бундай аблахлар, Ислом дини таълимотида ота-она ҳурмати қанчалик савобли иш эканини билишмайдими?Динимизда ота-онани эҳтиром қилишликнинг савоби, Оллоҳ таъолонинг ўзига ибодат қилишлик савоби билан баробардир. Ота –она қариган чоғида фарзанд уларга меҳр кўрсатишлиги, ҳокисор бўлишлиги,энг ширин ва мулойим сўзлар ила уларга мурожаат қилишлиги,уларнинг ҳузурида “уф” демаслиги, уларни жеркимаслиги даркор. Оллоҳ таолодан уларнинг умри узоқ бўлишини, соғ-саломат юришларини сўраб туришлари лозим.
Ота –она қариганида фарзанд ёрдамига муҳтож бўлади. Кўзлари фарзанд йўлига нигорон бўлади. Фарзанд келиб икки оғиз ширин сўзи ила суҳбат қурса боши осмонга етади.
Ота –онасини ўкситиб қариган чоғида уларни хор қилиб қўйган фарзандлар кўзларини очсинлар ва пайғамбаримиз (с.а.в) нинг бу ҳадисларини қулоқларига қуйиб олсинлар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) : “Қайси киши ота-онасини хафа қилиб оқ бўладиган бўлса,шундай бир уқубат бўлурки, Аллоҳ таъоло барча гуноҳларни ҳоҳласа қиёматга қадар кечиктирур, аммо ота-онасига оқ бўлганлар шу дунёнинг ўзида уқубатга дучор бўлмай дунёдан ўтмас”деганлар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг бу муборак ҳадислари ана шу филм охирида ўз аксини топган.
Оллоҳ таъоло барча фарзандларимизни ота-онасига оқ бўлишдан сақласин. Уларни дуоларини олиб икки дунёда обрўманд бўлишлик бахтига муяссар айласин. Омин.
Денов туман “Имом Бухорий ” жоме масжиди
имом ноиби У.Қурбонов.