Оила – жамиятнинг бир бўлаги. Ушбу бўлак соғлом бўлса, жамият ҳам соғлом бўлади ва гуллаб яшнайди. Конституциямизнинг 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир, ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”, деган қоида мустаҳкамлаб қуйилган. Оилалар тинч-тотув яшаса, жамиятга келтирадиган ютуқлари ҳам кўпаяди, фарзандлар яхши тарбия олади. Оилага ғамхўрлик қилиш ва унга ҳар тарафлама моддий ва маънавий ёрдам бериш, инсонпарвар демократик давлатнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. “Оила — жамиятнинг негизи, бизнинг давлатимизни ҳам катта бир оила деб тушуниш мумкин ва лозим. Бунда ўзаро ҳурмат ва тартиб бўлмаса, оиланинг барча аъзолари ўз бурчларини адо этмаса, бир-бирига нисбатан эзгулик билан меҳр-оқибат кўрсатмаса, яхши ва муносиб яшаш мумкин эмас”.
Никоҳдан асосий мақсад – зурриёт қолдириш ва ҳаромдан сақланишдир. Киши ҳаётида бир марта бўладиган умр савдоси бўлмиш никоҳ масаласи доимо кенг мушоҳада ва кенгаш билан амалга оширилгани маъқул. Шу ўринда пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларини эсга олиш жоиз: “Қизларни турмушга чиқариш тўғрисида оналари билан маслаҳатлашинглар”. Мазҳабимиздаги мўътабар манбалардан бири бўлган “Дуррул-Мухтор” китобининг “Никоҳ фасли”да зикр этилганидек: “Одамзотга никоҳ ва имондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатманд бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади”. Никоҳ маросимларида бўладиган харажатлардан бири маҳр ҳисобланади. Маҳр масаласи ҳақида баъзи жойларда нафақат ёшлар балки ёши катталар ҳам тўлиқ илмга эга эмаслиги афсуски ҳақиқат. Маҳрни куёв беради. У бўлғуси келиннинг мулки бўлиб, уни на отасининг ва на куёвнинг олишга ҳаққи йўқ. Мабодо қиз ўз ихтиёри билан берса, унда олса бўлади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган: “Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан берингиз! Агар сизларга ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечса (берса)лар, сизлар уни бемалол, иштаҳа билан тановул қилаверингиз” (Нисо, 4). Ўз маҳридан кечиб, эрини рози қилган аёлларга Аллоҳ таоло ажру савоблар ато қилиши ваъда қилинган. Маҳр турли номлар билан номланади, Қуръони Каримда садоқ, садақа, ажр, фариза, ниҳла исмлари ишлатилган. Баъзи уламолар маҳрнинг ўнта исми бор, деганлар. Бизда «маҳр» сўзи машҳур бўлгани учун шу ном билан аталади. Қуръонда маҳр тўғрисида тўртта оят келган. Лекин маҳрни бериш никоҳнинг рукнларидан эмас. Усиз ҳам никоҳ бўлаверади, аммо маҳр олди-бердиси қачон бўлса бўлаверади. Динимизда маҳрнинг муайян миқдори белгиланмаган бўлиб, у никоҳ ўқиш вақтида, эрнинг имкониятидан келиб чиққан ҳолда тайин қилиниши ва унга хотиннинг розилигини олиш лозим. Хотин рози бўлмаган ҳолда, маҳрга яна қўшимча қилиниши шарт бўлади. Маҳр тайин қилингач, хотиннинг хусусий мулкига айланади ва унга ҳеч кимнинг, ҳатто эрининг ҳам дахл қилиши мумкин бўлмайди.
Ҳанафий мазҳаби кўрсатмасига кўра, никоҳ пайтида маҳр тўғрисида ҳеч нарса айтилмаса ҳам “маҳр мисл” – яъни ўша жойда одатда шунга ўхшаган қизларга қанча маҳр берилаётган бўлса, куёвнинг зиммасига ўз-ўзидан ўша миқдордаги маҳр бериш шарт бўлади. Маҳрни эрнинг вакили берса ҳам, хотиннинг яқин қариндоши олса жоиздир. Аммо маҳрни хотиннинг яқин қариндоши қабул қилиб олгани билан ҳеч қачон унинг мулкига айланиб қолмайди. Маҳр доимо келиннинг мулки бўлади.
Абул Ажфаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар розияллоҳу анҳу бизга хутба қилиб: «Огоҳ бўлинглар! Аёлларнинг маҳрини ошириб юборманглар! Агар у нарса бу дунёда ҳурмат-икром, Аллоҳнинг ҳузурида тақво бўладиган бўлса, ичингизда унга энг ҳақли киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлур эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бирор аёлга ўн икки увқиядан кўп маҳр берганлари йўқ. У Зотнинг қизларидан бирортасига ҳам бундан кўп берилгани йўқ», деди». Маҳрнинг кўплиги турли муаммолар келтириб чиқариши мумкин, холос. Қизларни эр олмай уйда ўтириб қолишлари, йигитлар маҳр тўплаш учун қийналишлари, иккала томон ҳам ҳаром йўлга кириб кетиши хавфи кучайиши ва бошқа кўпгина муаммолар шулар жумласидан. Ҳанафий мазҳабида кишилар ихтилоф қилиб юрмасликлари учун гапни бир жойга қўйиш мақсадида маҳрнинг ози ўн дирҳам (30 грамм кумуш) бўлса яхши, дейилган. Шунингдек, маҳрнинг кўпининг ҳам чегараси йўқ. Бу ҳам эру хотин рози бўлган миқдоргача чўзилавериши мумкин. Аммо уламоларимиз маҳрнинг кўпи ўн икки увқиядан (1440 грамм кумуш ёки унинг нархидаги миқдордан) ошмагани маъқул, деганлар. Аммо келажакда келиб чиқадиган келишмовчиликларнинг олдини олиш учун никоҳ битими пайтида маҳр масаласини очиқ-ойдин қилиб олиш урф бўлган. Бундай қилиш мустаҳаб бўлиб, икки томоннинг кўнгли тўлиши, ўзаро ҳурматни жойига қўйиш масаласида ҳам яхши бўлади. Маҳр масаласини тушунган ҳолда олдиндан ҳал қилиб олиш яхшидир.Шунда катта орзулар билан қурилаётган ҳар бир оила мустаҳкам, тинч, осойишта ва бахтли ҳаёт кечиради. Баъзи бир арзимас камчиликлар ва тушунмовчиликлар туфайли ажралишлар олди олинади
ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг хотин қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Хосият Қосимова.