Инсон Аллоҳ таоло яратган барча мавжудотлар ичида энг азиз ва мукаррам хилқат. Ислом наздида барча инсонлар баробар, бир-бирларига биродардирлар. Улардан бири бошқасидан ҳеч нарсада – на бойликда, на мансабда, на чиройи ёки хушбичим гавдаси билан, на жамиятда тутган ўрни билан устун бўла олади. Аллоҳ наздида инсонларнинг энг улуғи фақат Унинг ўзидан қўрқадиган тақводорларидир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:
“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни(турли-туман) халқлар вақабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”.
Инсон қадри ҳар нарсадан улуғ
Ана шу мукаррам инсонларнинг ёши ҳам, қариси ҳам, аёли ҳам, эркаги ҳам бирдек қадр — қимматга эгадир. Ислом дини инсон қадрини шу даражада юқори кўтарганки, ҳатто унинг тириги билан ўлигининг ҳурмати бирдек қадрланади.
Авжи навқирон йигитлик пайтлари иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган ота — боболаримизнинг имон — эътиқодлари Аллоҳ таолонинг катта синовидан ўтди. Улар жаннатмакон юртларини, аҳли — аёлларию қондош ва диндошларининг шарафини ва номусини, халқ осойишталигини ҳимоя қилиш учун манфур душманга қарши жангга отланишди. Салкам беш йил олис ва бегона юртларда, қийинчилик ва машаққатларга дош бериб, ўқлар ёмғири ва ўлим таҳликаси остида аёвсиз кураш олиб боришди.
Уруш ўз номи билан уруш эди, бу жанглардан камдан-кам юртдошларимиз омон қайтишди. Бир қанчаларининг ҳоки ўзга юртларда қолиб кетди, бир қанчалари майиб — мажруҳ, ногирон бўлиб қайтишди. Юртдошларимиз фақат фронтларда жанг қилишмади, улар мамлакат ичкарисида ҳам халқ хўжалигини тиклаш, халқ фаровонлигини юксалтиришишида чинакам матонат кўрсатишди. Улар бошига келган синов ва мусибатлар фақат бугина эмас, ота-боболаримизнинг каттагина қисми қатағон йилларининг қурбони бўлишди.
Яхшиларни Ўзи қўллайди
Ана шундай Ватани, дини ва миллати ҳимояси учун жанг қилган қаҳрамон инсонларни Аллоҳ таоло Ўзининг ҳақ йўлига, ҳидоят йўлига йўллаб ҳам қўяди. Бу ҳақда Қуръони карим бундай марҳамат қилинади:
“Бизнинг йўлимизда жидду жаҳд қилганларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз. Албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчилар билан биргадир!”.
Юртимизда яшовчи кўплаб ватандошларимиз юқоридаги ояти карималар маъно ва мазмунидан келиб чиққан ҳолда бошларига келган ҳар қандай мусибат, қора кунлар, қатағон йилларининг мислсиз даҳшатлари олдида эсанкираб, ўзлигини асло йўқотишмади, мустаҳкам имон, Аллоҳ таолонинг раҳматидан доимо умидворлик уларга ҳар вақт ҳамроҳ бўлди ва келажакка катта умидлар билан боқишди.
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар айтамизки, мана бугун улуғ аждодларимиз орзу қилган буюк неъмат – Ватан озодлиги ва мустақиллигига эришилган нурли кунларга етиб келдик.
Истиқлол йилларида улуғ аждодлар хотирасини қадрлаш, мамлакат тараққиёти, юрт озодлиги йўлида жонбозлик кўрсатган фидойи юртдошларимиз руҳини шод этмоқ учун эзгу амалларга бел боғлашдек савобли юмуш дилимиздаги ёруғ ниятлардан бирига айланди. Ҳақиқатан, эл — юрт манфаати йўлида фидокорлик кўрсатиб, бугун қарилик палласида турган ота — боболаримиз меҳнати ва жонбозлигини қадрлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш бугунги авлодларнинг шарафли бурчи, чуқур масъулиятидир. Динимиз ҳам катталарга ҳамиша иззат кўрсатиш, улар ҳолидан ҳамиша хабардор бўлиш, ҳатто бошқа эътиқоддаги қарияларга ҳам меҳр -оқибат кўрсатишга буюрган.
Кичикка шафқат, каттага ҳурмат
Амр ибн Шуайб розияллоҳу анҳу отасидан ва бобосидан ривоят қилганҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом бундай марҳамат қиладилар:
“Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталарнинг ҳақларини билмаган кишилар биздан эмасдир”.
Буюк мутафаккир ҳазрат Мир Алишер Навоий ҳам ушбу мазмунни қуйидаги байтда чиройли тарзда ифода этганлар:
Кимки улуғроқ, анга хизмат керак,
Улки кичикроқ анга шафқат керак.
Бу соҳада айниқса мамлакатимизда ибрат бўларли ишлар, гўзал тадбирлар амалга ошириляпти. Юртбошимизнинг шахсан ташаббуслари ва таклифлари асосида, 9 май “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида кенг нишонланмоқда. Бу эса баайни инсон зотига, унинг муқаддас хотирасию умри давомида бажарган эзгу амалларига бўлган чексиз эҳтиром рамзидир.
Шунинг учун ҳам пойтахтимиздаги Хотира майдони ҳар доим гавжум. Жанггоҳларда жон фидо этган ватандошларимиздан қарийб 435 минг нафарининг номи “Хотира китоби”нинг зарҳал варақларига мангумуҳрланган. Юртбошимиз ташаббуси билан кейинги пайтда яна 3725 нафар ҳамюртларимиз – бедарак кетган Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларининг номи аниқланиб, ушбу китоб саҳифаларида қайд этилди.
Давлатимиз уруш қатнашчилари, кекса ёшдаги отахонларимиз, онахонларимиз ва барча нафақахўрларга ҳамиша катта эътибор кўрсатиб, кўп ғамхўрликлар қилиб келмоқда. Умид қиламизки, ушбу хайрли амаллар ўсиб келаётган ўғил қизларимизга улуғ фазилат бўлиб сингади.
Денов туман “Имом Бухорий” жомеъ масжиди имом ноиби: Акбар Воситов