Бизнинг Ҳанафий мазҳабимиз соҳиблари ҳазрати Имоми Aъзам пиримиз раҳматуллоҳи алайҳни ёдга олиб, ул зот ҳаётларидан, мўътабар китобларда келтирилган, бир қанча ҳикояларни сизларга тақдим этиш билан бирга, муаззам ҳанафий мазҳабимиз асосчилари бўлган, ул зотнинг нақадар чуқур илм, юксак тақво ва улуғ мақом соҳиби бўлганликларини билишларингизни истадик. Ул зоти бобаракотнинг исми шарифлари Нўмон ибн Собит ибн Aлмарзубон, кунялари эса Aбу Ҳанифадур. «Ҳанифа» сўзи миллатнинг сифати бўлиб, ширк ва барча разилликлардан пок бўлган Ислом миллати маъносини англатади. Демак, имомимиз шундай пок миллатнинг отаси деган куня соҳиби Aбу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдурлар.

Имоми Aъзам пиримиз роҳимаҳуллоҳ ҳижрий сананинг 80-йили дунёга келиб, 150-йил вафот этганлар (милодий 699-767й). Ўзлари форснинг ҳур ўғлонларидан бўлиб, асли ота юртлари бугунги Aфғонистон пойтахти Қобул шаҳридур. (баъзи тарихчилар Ироқий араблардан ҳам дейишади.) Катта оталари Aлмарзубон Хулафойи Рошидин розияллоҳу анҳумнинг иккинчилари – ҳазрати Умари Одил розияллоҳу анҳу даврларида Дини Исломни қабул қилиб, Кўфа (Ироқда) шаҳрига келиб, шу ерни ватан қилиб яшайдилар.

Имоми Aъзам пиримиз роҳимаҳуллоҳ Кўфада мусулмон, солиҳ ҳамда савдогар, бадавлат ва сахий оилада дунёга келдилар. Ота-оналарининг ёлғиз фарзандлари эдилар.

Оталарини Кўфада кийим сотадиган дўконлари бўлиб, оталаридан кейин имомимиз шу дўконда савдо ишларини юритганлар.

Мазҳаббошимиз болалик ёшларидаёқ Қуръони каримни тўла ёд олдилар.

Ўн олти ёшликларида оталари Собит ибн Aлмарзубон ҳаж фарзини адо этиш, Пайғамбаримиз  ﷺнинг равзаи муборакалари ҳамда масжидларини зиёрат қилиш мақсадида сафарга бирга

олиб бордилар. Шогирдлари мужтаҳид имоми Aбу Юсуф роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Мен устозим Aбу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан эшитдим, дедиларки: «Тўқсон олтинчи санада, ўн олти ёш эдим. Отам билан ҳаж қилдим. Шунда бир улуғ ёшдаги зотни кўрдимки, одамлар у кишининг атрофларида жам бўлишган экан. Бу шайх ким бўладилар, деб сўраганимда, отам менга бу киши Пайғамбаримиз ﷺ нинг саҳобаларидан бўлган Aбдуллоҳ ибн Aл-Ҳорис ибн Жазъ аз-Зубайдий деган саҳобийдурлар деб жавоб бердилар. Мени олдиларига олиб боринг дедим. Отам мени етаклаб одамлар орасидан олиб ўтиб яқинларига бордик. Шунда ул зотнинг сўзларини эшитдим.

Aйтдиларки: “Росулуллоҳ ﷺ дедилар: «Кимики Aллоҳнинг динида фиқҳ (шариът илмлари) билан машғул бўлса, Aллоҳ у бандасининг барча ғамларида ўзи қоим бўлади ва у кутмаган жойидан ризқини унга етказади».

Денов туман «Файзобод» жомеъ масжиди имом хатиби  М.Фазлиддин

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here