Қутлуғ салом ва қутлуғ ташриф

“Яхшиликка сабабчи бўлган одам, ўша яхшиликни қилганчалик савоб олади” (Абу Исо Термизий ривояти).

Муборак Рамазон ойи юртимиз бўйлаб ўзининг таровати билан юртдошларимизни баҳраманд қилмоқда. Халқимиз ҳар томонлама шинам ва озода жомеъ масжидларда ибодатларини эмин-эркин, хуш кайфиятда давом эттирмоқдалар. Аҳолимиз юзида бугунги фарахбахш кунлар шукронаси балқ уриб турибди.

Шундай муборак кунларда юртимиз аҳли хусусан Сурхондарё воҳаси аҳолиси яна бир файзли хурсандчиликка гувоҳ бўлишди. Жорий йилнинг           31-май куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О. Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий              У. Алимов ҳазратлари ҳамда “Мовароуннаҳр” нашриёти ходимларидан иборат қадрли меҳмонлар Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги ҳадис илмининг имомларидан бири бўлган “Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий” мажмуасида ташриф буюришиб, аввало улуғ муҳаддис, ҳадис ҳофизи абадий қўним топган мақбарани зиёрат қилдилар. Қуръони Карим тиловат қилиниб, мазкур манзилда ётган аллома ҳамда барча мўмин-мусулмонлар ҳақларига бағишладилар. Бу даргоҳда сўнги пайтларда амалга оширилган кенг кўламли, оламшумул ишлар билан яқиндан танишдилар. Мажмуа ёнида қад кўтарган “Имом Термизий” жоме масжид биноси, ўзгача такрорланмас услубда зийнатлантирилган хонақоҳ ички қисми ва ундаги маънавият-маърифат маскани бўлмиш кутубхона шароитлари, умумий илмий мажлислар ўтказиладиган алоҳида хоналарни кўздан кечирдилар. Шом намози мазкур масжид ёзги саҳнида адо этилгач ташриф буюрган ҳурматли меҳмонлар, Сурхондарё вилоят ҳокими ва ҳокимият ходимлари, ён-атроф туманлардан ташриф буюрган нуронийлар мажмуа ошхонасида алоҳида ифторлик дастурхонига таклиф этилдилар. Ифторликдан сўнг, Таровеҳ намозини айнан фойдаланишга топширилаётган “Имом Термизий” жоме масжидида адо этган Муфтий ҳазратлари йиғилганларга муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг алоҳида саломларини етказдилар ҳамда мазкур оламшумул янгилик, мажмуа ва унинг атрофида зиёратчилар учун яратилган шарт-шароитлар, хусусан, узоқ-яқиндан келган зиёратчилар учун яратилган қулайликлар ошхона, эркак ва аёллар учун алоҳида-алоҳида ташкил этилган таҳоратхона, кўркам ва озода ҳовли саҳни кабиларни тилга олиб, шу кунларга етиб келганимизга Аллоҳ субҳонаҳу ватаъолога беҳад ҳамду санолар бўлсин деб, мажмуанинг шу даражага келишида муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари ҳақида тўлқинланиб сўзлаб бердилар. Аллоҳ таоло Ўзбекистон халқи бошига шундай одил ва халқ манфаатини ўйлайдиган инсонни насиб этгани, халқ фаровонлиги йўлида бугунги кунда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободончилик ишлари, халқ билан мулоқотни очиқ ва шаффоф тарзда амалга оширилаётгани, қўшни ва бошқа чет давлатлари билан амалга оширилаётган ҳамкорлик самаралари ҳамда истиқболлари, мана бундай улуғ алломанинг масканларини обод қилишдаги Президентимизнинг хизматларини сўзлаб ўтдилар. Бу маскан нафақат юртимиз аҳолиси, балки чет мамлакат фуқаролари ташриф буюрадиган, зиёрат қиладиган мўътабар манзилга айланишини таъкидладилар. Ёшларимиз учун маънавият ва маърифат улашадиган масканга айланишини тилга олдилар.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва Термизий алломаларнинг беназир меросларини илмий асосда чуқур ўрганиш ва уларнинг номларини абадийлаштириш мақсадида 2017-йил 14-февралда “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қабул қилинган қарорлари мазмун-моҳияти, келгусида Термиз шаҳри марказида ташкил этилаётган илмий-тадқиқот маркази ҳамда жомеъ масжид биноси ҳам Юртимиз аҳли учун яна бир хурсандчилик олиб келишини айтиб ўтдилар. Бу каби Юртимиз ҳудудларида амалга оширилаётган хайрли ишларни Қашқадарё вилояти “Абу Муъийн Насафий”, Бухоро шаҳрида замонавий типда янгидан очилаётган “Мир Араб” олий мадрасаси каби мисоллар билан келтириб, буларнинг барчаси тинчлик ва осойишталик неъмати экани, шукроналикнинг фазилатлари ҳақида алоҳида тўхталдилар.

Қадрли меҳмон муфтий ҳазратлари Рамазон ойи фазилати, бу ойда эътибор қаратилиши лозим бўлган ишлар тўғрисида тушунтириш бериб ўтдилар.

Сурхондарё аҳлини мана шундай хурсандчилик куни билан муборакбод этиб, янгидан фойдаланишга топширилаётган мазкур “Имом Термизий” жоме масжиди бунданда обод бўлишига тилак билдирдилар.

Бу каби Сурхондарё вилоятида олиб борилаётган улкан ўзгаришлар янада равнақ топиши, эл юрт тинчлиги ва юртимиз ободлиги, хаётимиз янада бунданда фаровон бўлишини тилаб хайрли дуолар қилдилар.

Мажмуанинг шу даражада келишида ўз маслаҳат ва амалий кўмак ҳамда эътиборларини қаратган Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев, Сурхондарё ҳокимлиги ҳамда қурилиш ва ободончилик ишларида қатнашган барча иштирокчилар ҳақларига ҳам дуойи хайр қилдилар.

Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Яхшиликка сабабчи бўлган одам, ўша яхшиликни қилганчалик савоб олади” –деганлар. (Абу Исо Термизий ривояти).

 

ЎМИ Сурхондарё вилоят вакиллиги котибияти

 

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here