Аллоҳ таоло бандаларини ўзининг беҳисоб неъматларидан баҳраманд қилиш
баробаринда, ана шу неъматларининг шукрини адо этиб боришимизга буюради.
Раббимизнинг неъматларини катта-кичик демай, уларнинг шукрини бажо келтиришимиз
зиммамиздаги бурчимиздир. Албатта, Аллоҳ таоло ҳам ана шунда бизлардан рози
бўлади, иншааллоҳ.
Қуръони каримда Аллоҳ таъоло шундай марҳамат қилади:
“…Агар шукр қилсангиз (ва имон келтирсангиз) У сизлар учун рози бўлур…”
(Зумар сураси, 7 оят).
Ушбу оятдан маълум бўладики, Аллоҳнинг розилигини топишни истаган ҳар бир банда
доимо Унга ҳамд айтиб, неъматларига шукрона келтириши, ҳар қандай мусулмон киши
ҳам шу икки калимани такрорлаб юришга одатланиши зарурдир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай марҳамат қиладилар: “Тўрт нарса
кимга берилган бўлса, дунё ва охират яхшилиги берилибди: зикр қилувчи тил, шукр
этувчи қалб, сабрли бадан ва мўмина, солиҳа жуфти ҳалол” (Имом Муслим ривояти).
Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Аллоҳ таолонинг яратган бандалари ичида
мухтор-танланганлари бор, улар яхшилик қилсалар, хурсанд бўладилар, гуноҳ қилсалар,
мағфират сўрайдилар, неъмат келса, шукр айтадилар, балоларга дучор бўлсалар, сабр
қиладилар”.
Аллоҳ таоло барчамизни шукр қилишга амр қилиб, унинг зиддидан қайтарган, шукр
айтувчиларга чиройли мукофотларни ваъда қилиб, Ўзининг фазилати, карами ва
неъматларини янада зиёда бўлишига шукрни сабаб этган ва Ўзининг гўзал исмларидан
бирини шукр орқали ифода қилди, яъни “Шакур”.
Дарҳақиқат, Қуръони каримнинг кўп оятларида шукр мақтаб, зикр қилинган ва
бандаларни шу гўзал одоб билан зийнатланишга чорлаб, Аллоҳ таоло шундай дейди:
“Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз,
ношукрчилик қилмангиз! ” (Бақара сураси, 152 оят).
Қуръони каримда тўғридан-тўғри шукр айтишга кўплаб ояти карималар қаторида
24 ўринда шукр қилишга чорловчи, ундовчи ва йўлловчи оятлар мавжуд.
Бундан ташқари, Аллоҳ таоло неъматларига шукр айтувчиларни албатта мукофотлаши
ва уларга улуғ ажру савоблар беришини ҳам кафолатлагандир.
Аллоҳ таоло айтди: “.Шукр қилувчиларни эса, албатта, мукофотлаймиз”
(Оли-Имрон сураси, 144 оят).
Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифлардан кўриниб турибдики, Аллоҳ таолодан
гуноҳларимизга тавба қилиб, ҳожатларимизни сўрашимиз, ихлос-эътиқод, илтижо ва
муножот билан ёд этишимиз, юртимиз йилдан-йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги
йил сайин ортиб бораётган бир даврда кечаю кундуз бу неъматларнинг шукронасини
адо этиб бормоғимиз, юртимизни самовий ва арозий балолардан сақлаб тургани учун
Муборак Рамазон ойида Аллоҳ таолога беадад ҳамдлар айтишимиз, масжидларни
тўлдириб, намозхонлар эмин-эркин ибодатларини адо этаётганлари, мадрасаларимизда
ёшларимиз диний таълим олаётганлари, исломнинг бешинчи аркони бўлган Ҳаж ва Умра
зиёратларига бориб, ибодатларини эмин-эркинликда адо қилаётганлари,
мамлакатимизда ҳар бир соҳада халқимиз учун қулайликлар яратилаётгани учун бу
неъматларнинг шукронасини адо этиб боришимиз даркор. Шундагина, Аллоҳ таоло ўз
неъматларини зиёда қилиб беради.
Денов тумани ”Файзобод”жомье масжиди имом хатиби Фазлиддин Мелибоев