Парвардигоримиз биз умматларни “мусулмонлар”, деб номлади. Бунга сабаб эса, Аллоҳ таоло бу умматни ҳаётларида бир-бирларига ростгўй, ишончли бўлишларини ва бир-бирларига салом беришларини хоҳлади. Шунинг учун ҳам бизларни “мусулмонлар” деб номлади. Бизларни Худои таоло мусулмонлар деб номлаган экан, шу номга лойиқ бўлишимиз ва бир-бирларимизга салом улашишимиз зарурдир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривояти: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Менинг умматимга бошқаларга берилмаган 3 фазилат берилди: Жаннат аҳлининг саломлашиши бўлган “Ассалом” лафзи билан сўрашиш, намозда фаришталар каби саф бўлиб туриш ҳамда дуодан кейин “омин” сўзи, у фақатгина Мусо ва Ҳорунгагина берилган эди”.
“Кичиклар катталарга, отлиқ пиёдага, пиёда ўтирганга ва камчилик кўпчиликка салом беради”. Лекин катталар кичикларнинг саломини кутиб туришлиги бу кибрдан. Чунки “Пиёда юрганларнинг ичида афзали эса, биринчи бўлиб салом берганидир” деганлар. Агар ёшлар салом беришни билмаса, катталар салом бериши билан уларга дарс бўлади ёки сўнгра ёшлар уялиб салом беради. Халқимиз эртакларида шундай сўзлар учрайди: “Девга салом берибди. Дев айтибди “Агар саломинг бўлмаганида икки ямлаб бир ютардим”. Албатта буларнинг барчаси келажак авлодга ёшликдан салом беришга ўргатиш.
Яна кичик болаларга салом бериш суннат амаллардандир. Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: “Мен болалар ичида ўйнаб турувдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимизга келиб, бизларга салом бердилар ва мени бир ишга жўнатдилар”.
Отлиқ пиёдага – яъни машинадаги киши пиёда бораётган кишига, фарасини ёқиб ўчириб эмас, машинанинг сигнали чалиб эмас, иложи борича ойнасини тушириб салом берса, суннатга мувофиқ иш бўлади.
Пиёда ўтирганга – чунки кўпинча ўтирган киши бир иш билан машғул бўлади. Камчилик кўпчиликка салом берсин – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: “Қачон бирингиз бир мажлисга етиб борса, салом берсин. Қачон ўрнидан турмоқчи бўлса ҳам салом берсин” ва яна бошқа бир ҳадиси шарифларида айтиладики: “Ўтиб бораётган жамоадан бирлари салом берса, кифоя қилади. Ўтирганлардан бири алик олса, кифоя қилади”. “Салом берсангиз эшиттириб беринг, зеро у Аллоҳ ҳузуридаги гўзал, муборак таҳиётдир”.
Яна бир ҳадисда Анас розияллоҳу анху ривоят қиладилар: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирор гапни айтсалар, эшитувчи уни англагунича 3 марта қайтарардилар. Агар бирор жамоага бориб салом берсалар, 3 марта салом берардилар”. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар ишора билан салом бермоқчи бўлсалар, салом лафзи билан ишора бирга айтардилар”. “Икки мусулмон учрашганда қўл бериб сўрашсалар, улар бир-бирлари билан ажрашишларидан олдин гуноҳлари мағфират қилинади”.
Мусулмонлар орасидан саломлашиш ва меҳр-оқибат йўқолмасин илоҳим.

Манбалар асосида:

Олтинсой туман бош имом хатиби котибаси Давлатова Турдихол

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here