Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламдан мўминлар онаси Ойша (розияллоҳу анҳо) онамиз сўрадилар: Ё расулуллоҳ! Сизни ҳаётингизда “Уҳут” воқеасидан ҳам оғирроқ кун бўлганми? Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, тоиф воқеаси” дедилар.

Бу воқеа сарвари оламнинг амакилари Абу Толиб ва жуфти ҳалоллари Ҳадича онамиз вафотидан кейин содир бўлди. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Абу Толиб ҳаётлик вақтларида Пайғамбаримизга Макка зодагонлари томонидан тазйиқ бўлиб турарди. Абу толиб амакилари оламдан ўтгандан кейин Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламга оддий халқ томонидани ҳам тазйиқлар бўла бошланди. Ҳабибимиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам муборак юзларига кофирлар томонидан  тупроқлар сепиш ҳолатлари ҳам содир бўлди. Сарвари оламнинг даъватларига Макка халқи қулоқ тутмади. Шундай кунларнинг бирида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳамроҳлари Зайд ибн Ҳориз  билан Тоиф сафарига чиқдилар. У кишининг тоиф сафаридан мақсадлари, дунё топиш эмас, балки Оллоҳ таолонинг муборак шариатини етказиш эди.

Сарвари олам Тоифга бориб қабила обрўлилари Абу Ялид ҳамда  Масъуд ва Ҳабиб исмли ака-укалар билан учрашдилар. Сарвари олам уларга: “Оллоҳнинг ягоналигини ва ўзларининг бутун оламларга Пайғамбар этиб юборилганлигини билдирдилар”. Улар бу ҳабарни тан олишмади. Шунда Сарвари олам айтдилар: “Мадомики, сизлар динни қабул қилмас экансизлар, менинг айтган гапларимни сир тутинглар, бошқаларга айтманглар”  дедилар. Ва лекин улар бу ҳабарни тезлик билан бутун Тоиф халқига етказдилар. Бу ҳам етмагандек, болалар ва ақлсиз кишиларни йиғиб Ҳабибимиз  саллоллоҳу алайҳи ва салламни тошбўрон қилишдилар. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламга отилган тошларни Зайд ибн Ҳориз тўса бошлади. Сарвари олам: “Зайд бундай қилма” дедилар. Зайд кўкси билан тошларни тўсиб, Сарвари олам ҳимоя қилар эдилар. Қанчалар ҳимоя қилмасин, Зайдддан ўтган тошлар Сарвари оламга тегиши натижасида муборак баданларида олган жароҳатларидан у кишининг ковушлари қонга тўлди. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам ниҳоятда қийин аҳволда қолиб, Тоифдан ташқари чиқдилар ва йўлда кетаётиб бир хурмоли боғга кирдилар. Бу Маккалик Утба ибн Робиянинг боғи эди. Боғда ўтириб, Зайднинг аҳволини, унинг баданидан оққан қонларни кўриб, дуога қўл очдилар:

“Оллоҳим, қувватим озлигини, чорасиз қолганимни фақат сенгагина шикоят қиламан. Одамлар орасида бу қадар хор бўлганимдан сенга шикоят қиламан. Эй марҳаматлиларнинг марҳаматлиси, Оллоҳим! Сен барча кучсиз ва эзилганларнинг ҳамда менинг роббимсан. Мени кимларга йўлиқтиряпсан. Агарки сен менга, мен бандангга ғазабнок бўлмасанг бу азиятларга парво ҳам қилмайман. Бироқ сендан келадиган қувватга янада интизорман, ғазабинга дучор бўлишдан қўрқиб сени нуринга сиғинаман. Зулматларни зиёга айлантирган, дунё ва охират ишларини тартибга солган нарса сенинг ўша нурингдир. Токи сен рози бўлгунингга қадар, мен ҳар жиҳатдан сендан хушнуд ва мамнунман. Куч ва қудрат ёлғиз сенга оиддир Роббим”.

Пайғамбаримиз дуоларини тугатган эдилар, Жаброил алайхис салом етиб келиб, “Ё Расулуллоҳ! Аллоҳ субҳаноҳу ва таоло мени жўнатди. Орқамда тоғларни кўтариб турган фаришталар билан келдим. Руҳсат беринг Тоиф халқининг устига Уҳут тоғини  ташлайлик”. Сарвари олам: “Эй Жаброил! Мен дунёга умматини, халқини жазолаш учун эмас, балки умматини ҳидоятга бошлаш учун юборилганман” дедилар. “Бу умматни ўрнига исломга хизмат қиладиган олиму-уламолар дунёга келишини  Оллоҳдан сўрайман”  дедилар. Шунда Жаброил алайхис салом Оллоҳ сизни ўзининг каломида “ Раҳматал лил оламин” – “бутун оламларга раҳмат” дегани бежиз эмас экан деб ортга қайтдилар.

Шунда Утбанинг қули Аддос Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга бир бош узум келтирди. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам “Билмиллаҳир роҳманир роҳийм” деб узумдан тановул қилдилар. Шунда Аддос сўради: “Эй буюк зот! Сиз кимсиз? Бу ерларда бундай сўз ишлатишмайди”. Сарвари олам: “-ўзинг кимсан?” дедилар. “Мен Аддос, Найнаволик, Насронийман”. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам:  “Юнус ибн Ҳорун юртиданмисан?” – Ҳа, деб жавоб берди Аддос. Шунда Сарвари олам: “Мен ҳам ўшандай Пайғамбарман” дедилар.

Аддос Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қўлларидан ўпиб иймон келтирди ва мусулмон бўлди.

 

 

Сариосиё тумани «Мавлоно Абдулҳай» жоме  масжиди имом ҳатиби  А. Олимов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here