Ислом Аллоҳ таолонинг мукаммал, барча замон ва маконларга салоҳиятли дини ўлароқ, инсон хаётининг барча соҳалари каби кийинишини ҳам қамраб олган. Инсоннинг кийиниши унинг ички-маънавий дунёсининг сиртда акс этишидир, дейишимиз мумкин. Қайси инсонда уят, ҳаё, ор-номус каби тушунчалар бўлса, ўша инсон ўз обрўсини сақлайдиган, бошқаларнинг нафратини қўзитмайдиган ҳолатда кийинади. Бунинг устига кийим-бош инсоннинг доимий ҳамроҳи бўлгани учун, унга таъсир қилиши турган гап. Мисол келтирадиган бўлсак, аскарларга ўзига хос кийим кийдириш хамма халқларда қадимдан одат бўлиб келган. Бу аввало, аскарларга ўз вазифасини адо этишда қулайлик туғдирса, иккинчидан, махсус кийим уларга таъсир қилиб, аскарлик рухини тутиб туришда, кучайтиришда иш беради. Хатто оддий одам аскар кийимини кийиб олса, аскарларга ўхшаб шахдам юришга интилиб қолиши ҳам шундан. Шу сабабли динимиз кийим-бошга алоҳида эътибор берган бўлиб, шариъат хукмлари баён қилинган барча китобларда алоҳида либос китоби мавжуд. Айниқса, хадис, тасаввуф ва фиқҳ китобларида бунга алоҳида эътибор берилган. Бу масалада инсоннинг кийиниш маданиятига риоя қилиши ўзи учун обрў ва мартабалиги, гўзаллик ва зийнатлиги, жамиятнинг бошқа аъзоларини эса хурматлаш экани тушунтирилди. Аллоҳ таоло Аъроф сураси 26-оятида “Эй Одам болалари! Батахқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини туширдик. Тақво либоси-ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят (белги)ларидандир. Шоядки, эслатма олсалар.” деб мархамат қилади.
Аллоҳ таоло инсоннинг авратидан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эхтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Шу боис либосни ўз ўрнида, яъни шариатга муофиқ кийган инсонгина зийнатли хисобланади. Аммо энг асосий либос, тақво либосидир. Оддий либос инсоннинг аврат жойларини тўсиб, жисмини зийнатласа, тақво либоси маънавий авратларини тўсиб, инсон қалбини зийнатлайди. Кишининг тақво либоси ўрнида бўлса, албатта, жисмоний либоси ҳам дуруст бўлади. Абу Хурайра (р.а) Расулуллоҳ (с.а.в)дан ривоят қилади “У зот икки шухратдан қайтардилар. “Эй Аллоҳнинг расули, икки шухрат нима?”дейишди. Кийимнинг юпқалиги ёки қалинлиги, юмшоқлиги ва қаттиқлиги, узунлиги ва қисқалиги. Бас, ўшанинг ўртачаси ва тежамлиси бўлсин” деганлар. Хозирда баъзи инсонлар кийим-бошни фахр ва ғурур воситаси, иккинчилари уни хаётдаги асосий мақсад қилиб олгани сабаб, қадр-қийматни ҳам кийим-бош билан ўлчай бошлашди. Учунчилари кийимни тор ва юпқа қилиб, ундан кўзланган асосий мақсадни суиистеъмол қилишга киришди. Хусусан, тарбиясиз аёллар либосни айни авратни бўрттириб кўрсатиш учунгина киймоқдалар. Бу юксак инсоний шарафни ерга уриш хисобланади. Абу Хомид Ғаззолий “Қалб ажойиботлари” номли китобида кўркам ва қимматбаҳо кийимларга ўчлик шайтоннинг инсон қалбини забт этиш учун кирадиган эшикларидан бири экани ҳақида ёзган. Дарҳақиқат, шайтон инсонни умр бўйи олийнав ва фахрли кийимлар билан зийнатланишга чорлаб, шу йўл билан ҳам ўзига бўйсундиришга, нафсининг қулига айлантиришга ҳаракат қилади.
Алишер Навоий “Маҳбубул-қулуб” асарида бундай ёзган: “Эркакларнинг ўзини кўз-кўз қилиш учун ясаниши хотинларнинг оройиш учун безанишлар кабидир. Аммо бу каби безанмоқ ҳар иккаласи учун ҳам номуносиб, хусусан, эркаклар учун кўпроқ шармандаликдир”.
Одобимизда айниқса аёлларнинг кийинишига катта эътибор билан қаралган. Уларнинг юзи, икки қўл кафтидан бошқа ҳамма жойи уятли (аврат) бўлгани учун, у бегона назарлардан яширилиши ва кийиниш ҳам шунга муносиб бўлиши лозим. Ҳозирги пайтда айрим қиз-жувонлар ўртасида урф бўлганидай, енги ва этаги калта, кўкси очиқ кийимлар, гавда ва аъзоларини “кўз-кўз” қилиб турувчи тор ва юпқа-ҳарир кўйлаклар, энг ачинарлиси, кўкрак, киндик ва болдирларини очиб, ҳаммага намойиш қилиб юришлар одобимизга мутлақо зиддир.
Жарқўрғон туман “Исломобод”
жомеъ масжиди
имом хатиби А.Халилов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here