Эътиқод илмига доир китобларда ушбу мавзу асарнинг гултожиси сифатида аввалги ўринларда зикр этилади. Дарҳақиқат, ақиданинг энг биринчи вазифаси ҳам айнан Аллоҳнинг ваҳдониятини тасдиқлаш, ақлий нақлий далиллар орқали исботлашдан иборат. Якка-ю ягоналик ёлғиз Аллоҳ таъолога хос. У ҳеч қандай шериги, ўхшаши йўқ зот. Якка-ю ягоналик сифати фақат Аллоҳ таъолога нисбатан қўлланилади. Дунёда бирор бир нарсага якка, ягона сўзлари қўлланилган тақдирда ҳам бу мажозан ишлатилади. Эътиқод юзасидан эмас. Чунки дунёда ишлатилган нарсанинг ўхшаши, тенги ёки йўқдан унинг монанди яратилиши мумкин. Йўқдан бор бўлган нарсанинг қисмлари ва бўлаклари бўлади. Аллоҳ таъоло эса қисм ва бўлаклардан ташкил топган эмас. Шундай экан “Саботул ожизин” даги ушбу мавзудаги байтларни шарҳлашда қуйидагича ёндошиш мумкин;
“Худовандики бирдур бешаку райб,
раво йўқдур анга ўртоғ ила айб”
ушбу байтдаги ўртоғ сўзи шерик маъносида. Бу эса айб саналади. Аллоҳ таоло айбу-нуқсонлардан муназзаҳ Зот деб Қуръони каримнинг Анбиё сураси 22-ояти далил бўлади. Унда: “Агар иккиси (Ер ва Осмон) да Аллоҳдан ўзга илоҳлар бўлганида, ҳар иккиси бузилиб кетган бўлур эди. Бас, Арш эгаси бўлмиш Аллоҳ улар сифатлаётган (шериклардан) покдир”. Ҳақиқатда, Аллоҳ таолога шерик бўлиши ақлан ҳам мумкин эмас. Якка-ю ягоналик бўлмасдан, илоҳлар икки ёки ундан кўп бўлганида ўзаро келиша олмасдан Еру-осмонлар вайронага айланган бўлар эди.
Байтнинг давомидаги
“Эрур ул барча оламнинг Худоси,
Анинг йўқ ибтидоси, интиҳоси,
Эрур ҳозир ҳамиша йўқ макони,
Анга қилғон эмас сабқат замони”
манзума мазмунини “Аллоҳ таолонинг бошланиши-ю, якуни йўқлигини айтиб ўтиб, мусаннифнинг ҳамиша ҳозир сўзини – Унинг мавжудлиги макон ва қарор топиш жиҳатидан эмаслиги, Унга азалда замонлар ўтмагани каби абадул-абад ҳам замонлар ўтмаслиги, агар Ундан замонлар ўтадиган бўлса кетма-кет янгидан пайдо бўлиш ҳолатлари лозим бўлиб қолишини келтириб ўтади. Бу эса мумкин бўлмаган нарса ҳисобланади. Чунки, янгидан пайдо бўлиш белгиларидан бўлган ўзгаришлар Аллоҳ таолога лозим бўлиб қолади. Аллоҳ таоло эса бундай нуқсон ва айблардан муназзаҳ Зотдир.
Нозим Аллоҳ таолонинг барча нуқсонлардан муназзаҳ эканлигини таъриф қилар экан
“Кўнгулга кечса, кўзга тушса ҳар шай,
эрур андин муназзаҳ Холиқу Ҳайй”
деб тавсифлайди. Мазкур байтни Али ибн Усмон ал-Ўшийнинг “Бадъул Амолий” манзумаси ва унга ёзилган “Амолий шарҳи” да қуйидагича келтирилади. Унга кўра; “Али ибн Муҳаммад Ўший ўз қасидасида Аллоҳ таолонинг араз ҳам, кўриниш, тасвир соҳиби ҳам эмаслигини келтиради ва маъно эса қалбларда воқеъ бўлган нарсалардан Аллоҳ таоло муназзаҳ зот” деб тушуниш лозим.
“Удур Ҳокимки, ҳукмин ўзга этмас,
Анинг Зотиға ҳеч ким ақли етмас”
“Баъзи файласуфлар (барча илмий-маърифий, диний, ақидавий ишларда) ақлни талаб қиладилар. Яъни ақлга сиғмаган ҳар қандай нарсани инкор этадилар. Суннат ва нақлни тарк қиладилар. Суннатга эргашишдан бош тортиб, қийин машғулотларга машғул бўладилар. Улар – Пайғамбарлар оддий халқлар ва эси паст кимсаларга юборилган деб даъво қиладилар. Чунки, бу тоифа инсонлар китоб нималагини, қиёсан иш кўриш ва далил келтириш каби нарсаларга қодир эмаслар дейдилар. Ваҳоланки, ақл соҳиблари (яъни ўзлари) қиёсга ҳам, далил келтиришга ҳам қодир ҳисобланадилар. Шунинг учун (бизга) набийга ҳам ва расулга ҳам эҳтиёж йўқ деб айтадилар. Мана шу эътиқодлари сабабидан ҳам у (файласуф) лар саййидил мурсалиннинг динидан чиқадилар ва асфала софилийнга кетадилар. Қандаямки, бу маълумотлар “Иршодул муридин” китобида келган. Сўфи Аллоҳёр ўз назмида ана шундай инсонларга ишора қилиб;
“Фаришталар, Набийлар етмадилар,
бўйунсундилару ўзга фикр этмадилар,
вале фикр эт Худонинг қудратиға,
ажойиб ишлариға, сунъатиға”
Пайғамабаримиз алайҳиссалом: “Аллоҳнинг неъматлари ҳақида тафаккур қилингизлар, Унинг Зоти ҳақида фикр юритмангизлар” (Имом Байҳақий ривояти) деганлар.
Олтинсой туман “Сўфи Оллоҳёр” жоме масжиди имом-хатиби К. Азимов