Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аё София, қутлуғ бўлсин ушбу иззату шавкат,

Яна юксалди шаънинг, етди ҳурмат устига ҳурмат.

Ёшинг гар каттадир бу такбиру таҳлил, азонлардан,

Туғилдинг қайта сенда бу садолар янграган фурсат.

Агар бағрингда минг йил чалдилар занг, куйлаб Инжилдан,

Ичингдан ўт қўйиб, Ийсо‑ю Марямдан чизиб сурат.

Валекин кимса бошин қўймади таъзим‑ла пойингга,

Мусулмон тупроғингга сажда қилгач, етди бу иззат.

Унутма, қўрқма, Ислом аҳлидан йўқ сенга ҳеч озор,

Келарлар пок кийим, пок танда, пок дил ҳамда пок тийнат.

Бузилмас бир тошинг, аксинча, бутларлар каму кўстинг,

Қўйиб меҳробу минбарлар, топарсан зиёнату ҳайбат.

Недан икрому иззат этмасинларким, Калом ичра

Тиловат айлагайлар Маряму Ийсода кўп сийрат?

Яна ҳар бир мусулмон она дер ул Бинти Имронни,

Масиҳни Ҳақ сўзи, руҳи, набийси деб билар албат.

Недан ардоқламасларким, шудир иймон, шудир Ислом?

Ибодатхонага ҳурмат, ибодат аҳлига шафқат.

Таассуф, неча йилдир этдилар Ҳақ зикридан маҳрум,

Шукрким, кулди бахтинг, қайта уйғонганда бу миллат.

Бу янглиғ шону шавкат сенга йўқ ҳеч ўзга бир элдан,

Ҳамиша поку хушбўй, барчага мафтуҳ беминнат.

Етишди фотиҳа фотиҳларингдан, қутлагайдирман,

Очилдинг ҳам очилдинг, ушбудир фатҳ, ушбудир нусрат.

Илоҳий, то қиёмат сўнмасин бу шаъну иқболинг,

Ҳасан тупроғинга бош қўймагунча этмасин ражъат.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here