Террор – исломга ёт ғоя

Инсоният тарихи жараёнида террорчиларнинг на диний ва на ҳаётий ҳақиқатга мос бўлмаган сохта “ғоялари” ва бу йўлдаги қонли фожеаларга сабаб бўлаётган фаолият усуллари юз минглаб бегуноҳ инсонлар умрига зомин бўлмоқда.

Ҳозирда бу кучлар ўзларининг жангарилиги ва юқори даражада ижтимоий хавфлилиги билан тавсифланмоқда. Эътиборли жиҳати шуки, улар томонидан мақсадга эришиш борасидаги фаолиятлари турлича бўлса­да, тутаётган йўл (ёки қилаётган иш)лари бир хил: одамлар тинч турмуш тарзини издан чиқариш ва уларни қўрқувда яшашга мажбурлаш кузатилмоқда.

Минг афсуски, ХХИ аср ҳам инсоният учун оғир синовлар билан бошланди. Айниқса, баъзи шахс ва гуруҳлар томонидан ўзларининг геосиёсий мақсадларини ислом шиорларига бурканган ҳолда ташкил қилишга уриниши қатор ихтилоф ва кўнгилсизликларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, улар томонидан кўтариб чиқилаётган сохта даъволар мусулмонлар оммаси ўртасида эътибор топмаётгани ҳамда ўз ҳаракатларини оммавий шаклда ташкил этолмаётгани жиҳатидан аҳолининг маълум қатламлари номидан кураш таассуротини уйғотиш мақсадида террор йўли танланмоқда.

“Ислом” ва “террор” сўзларини бирикма – ибора шаклида ифода этиш уларнинг мазмун-моҳиятига зиддир. Сабаби, нафақат ислом, балки бирор-бир самовий дин ўз таълимотида зўравонлик, зулм ва қон тўкишни оқламаган ва оқламайди ҳам. Хусусан, ислом дини зулм ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини қатъий қоралаган. Қуръони карим “Наҳл” сураси, 91-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради”.

Шубҳасиз, бугунги оммавий ахборот воситаларида тез-тез учраб турган “ислом терроризми” ҳақидаги даъволар, “яҳудий терроризми” ёки “христиан терроризми” тушунчалари каби нотўғри ва асоссиздир. Террорчи гуруҳларнинг алламбор номлари, уларга аъзо бўлган кимсаларнинг исмлари ҳеч қандай ҳақиқат ёки аслиятни ифода этмайди. Зеро, исломда ҳам бошқа самовий динлар каби террор ёки одамлар устидан бошқа шаклдаги зўравонликка ўрин йўқ. Ҳозирда “террор” деб атаётган ҳаракатлар аллақачон исломда “улкан гуноҳ”, деб белгилаб қўйилган.

Террор ўз олдига шафқатсизлик, қотиллик ва тинч аҳоли устига кўплаб кулфатларни солишни мақсад қилиб олган. Ушбу мақсадларни ислом мақсадларига тескари ҳолда эканини билган ҳар қандай киши террорчилик ҳаракатлари ислом ва иймон тақозосидан узоқ ҳаракат эканини кўради.

Ислом тарихида кечиримлилик, раҳм-шавқат, ўзаро иттифоқ ва хотиржамликда яшаш тамойиллари намунали тарзда ўз аксини топган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи куни ўзларига мислсиз душманлик ва зулмлар қилган кишиларни ҳам афв этиб, уларга омонлик беришлари нафақат У зотни, балки ислом динининг руҳида кечиримлик, олийжаноблик ҳамда инсонларга нисбатан ўта меҳрибон ва шафқатли бўлишнинг гўзал намунасини мужассамлашганини ифодалайди.

У зот ҳаётига суиқасд қилишга интилган Ҳаким ибн Ҳизомнинг ҳаракати ўз исботини топгач ҳам бағрикенглик билан кечириб юборганлари ёки суюкли амакилари бўлган Ҳамза ибн Абу Толибни ўлдирган Ваҳшийни бир умр қалбларида қайғули хотира сифатида муҳрланган бўлишига қарамай, ҳар иккаласини ҳам авф қилишлари исломнинг негизида раҳм-шафқат ва меҳр-мурувват ётганини кўрсатади. Булар шубҳасиз, Қуръони каримдаги “Аъроф” сураси 199 оятида таъкидланган “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг! Жоҳиллардан юз ўгиринг!” кўрсатмасининг амалдаги исботидир.

Ислом дини инсон қонини ноҳақ тўкишни қатъий ҳаром қилган. Бунда ўша инсоннинг қайси дин, ирқ ёки миллатга тааллуқли эканининг аҳамияти йўқ. Ҳатто уруш чоғида ҳам ёш бола, аёл, кекса ҳамда ибодатхоналарда ибодат билан машғул бўлган кишиларни, шунингдек уй-жой, иморат ва иншоатларни вайрон қилишдан тортиб ҳаттоки экинзор-у дарахтларни йўқ қилиниши қатъий таъқиқлаган. Бунинг акси ўлароқ, исломий либосларга бурканган бузғунчи террорчилар эса ўз ғаразли мақсадлари йўлида Аллоҳ таоло инъом қилган ҳаётга тажовуз қилиш ва барча вайронкорлик ишларни амалга оширмоқдалар. Натижада турли дин вакиллари, аёллар, кексалар ҳатто ёш болалар ҳам террор қурбонига айланмоқда.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида бўлган урушлардан бирида душман томондаги бир аёлнинг ўлдирилгани У зотнинг жуда ҳам ғазаблантирган эди. Набий алайҳиссалом: “Мен сизларни аёлларни ўлдиришдан қайтармаганмидим? Ахир бу урушмаганди-ку!”, – деб бу иш содир бўлганлигидан афсусланган ва уни амалга оширилишини қоралаган эканлар. Демак, У зот ҳарбий ҳолатда ҳам барча инсоний ва маданий тамойилларни мана шундай ҳимоя қилган.

Шубҳасиз, исломда бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Террор каби ваҳшийликларни амалга оширганлар ўзларини динга қаттиқ эътиқод қўйгани ҳақида сўзда қанчалик лоф урмасинлар, қилаётган ишлари орқали бу даъволари нақадар ёлғон экани фош бўлмоқда. Қуръони каримада “(Эй Муҳаммад!) Сиз зинҳор золим кимсаларнинг қилаётган ишларидан Аллоҳни ғофил, деб ҳисобламанг!”, деб марҳамат қилинган. (Иброҳим, 42).

Бугунги кунда турли доиралар манфаати йўлида маълум бир гуруҳ ёки тузилмалар ғояларига мутаассибона ёндошиш оқибатида минглаб инсонлар қонини тўкаётган, таълим даргоҳлари устоз ва ўқувчилари билан бирга ёндириб, портлатиб юбораётган, масжидда ибодат учун тўпланган мусулмонлар ўртасида қўпорувчилик содир этаётган шахслар энг катта зулм қилаётган кимсалар бўлиб, нафақат мусулмончилик, балки инсоний қиёфасини йўқотганлиги билан тавсифлаш ўринлидир. Улар ўзларини Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга эргашишини билдирсаларда, қандай қилиб шариат қоралаган амалларни бажармоқда? Ваҳоланки, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто уруш ҳолати бўлган пайтда ҳам душман томонни огоҳлантирмай, тўсатдан уруш ёки босқинчилик қилмаган, фақатгина уруш майдонига қўлига қурол олиб кирган кимсалар билангина жанг қилган эдилар-ку?!

Террорчилик ҳаракатларига фатво топиб бераётганларнинг фикрича, мусулмонман деганларнинг ҳаммаси кофир бўлса, мусулмон деб кимни айтиш мумкин?! Уларнинг йўлидан юрганларними? Усома ибн Зайд ибн Ҳориса разияллоҳу анҳу бир жангда имон калимасини айтган одамни ўлимдан қўрққанидан қутулиб қолиш учун айтяпти, деган ўй билан ўлдирганида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда ҳам қаттиқ хафа бўлиб, унинг ҳаракатига қатъий эътироз билдирган эдилар. Сабаби, унинг гумон билан қилган даъвоси мутлақо асоссиз бўлган. Чунки, қалбнинг эгаси фақат ва фақат Аллоҳ таоло бўлиб, исломда кишиларнинг айтган сўзларига эътибор қилиниши белгиланган.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси-қудсийда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ноҳақ қон тўкиб зулм қилган шахслар тўғрисида шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло: “Бандаларим, мен ўзим учун зулмни ҳаром қилдим, сизлар ўртангизда ҳам уни ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилмангиз!”.

Муқаддас динимизнинг соф ва гўзал таълимотларини чуқур ва атрофлича ўрганар эканмиз, у доимо эзгулик, ватанпарварлик, тинчликсеварлик каби юксак фазилатларга чақирувчи, айни пайтда адоват, зулм, зўравонлик, бузғунчилик, ватанга хиёнат каби қабиҳ ишлардан доимо узоқда бўлишга буюрувчи таълимот сифатида кўз ўнгимизда намоён бўлади.

 

Бугунги кунда диний экстремизм ва терроризм ҳозирги дунёнинг глобал муаммоси экани ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабдан ҳам оламдаги барча маърифатпарвар кучлар қатори Ўзбекистонда ҳам унга қарши курашнинг турли кенг миқёсдаги фаолияти олиб борилмоқда. Лекин шунга қарамай бу борада яна нималарга аҳамият қаратиш лозим, деган савол ҳамиша ҳам долзарб. Шу сабабдан айрим масалаларга тўхталиб ўтишни жоиз деб топдик.

Терроризмга олиб борувчи диний экстремизмга қарши маърифий кураш олиб бориш лозим. Яъни, Президентимиз иборалари билан айтганда жаҳолатга қарши маърифат, ёки яна ҳам аниқроқ айтилса, бошқа ёт ғояларга нисбатан бўлгани каби диний экстремизмга қарши ҳам ёшлар онгида мафкуравий иммунитетни ҳосил қилиш. Бунинг учун экстремизмни муқаддас, маърифатли, бағри кенг ислом дини билан боғлашдек ҳавфли уринишларига, исломни обрўйини тушуришга қарши кенг кўламда халқаро кучларни бирлаштирган ҳолда кураш олиб бориш керак бўлади. Жумладан, Ўзбекистон аъзо бўлган БМТ, ЕХҲТ, МДҲ, ШҲТ, Марказий Осиё Ҳамкорлиги ташкилоти каби бир қатор минтақавий ташкилотлар доирасида қабул қилинган экстремизм ва терроризмга қарши курашга қаратилган шартномаларнинг изчил бажарилиши бу борадаги ишлар самарадорлигини оширади.

Бугунги кунда экстремистик оқимлар учун мафкуравий бўшлиқ ва қандайдир бирон норози кайфиятдаги аудитория қолдирмаслик лозим. Жумладан, ёшлар учун янги иш жойларини яратиб, уларни иш билан банд этиш, улар фаолиятини давлат ва жамоатчилик томонидан иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш. Бу борада ҳозирда кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда. Айниқса ҳар йили Вазирлар Маҳкамасининг Қарори билан қарийиб бир миллион янги иш ўринлари яратилаётгани, корхона ва ташкилотларда ёшлар учун имкониятлар берилаётгани бу борадаги ўзига хос ҳаракатдир. Айниқса қишлоқ жойларида узоқ муддатли ипотека кредитлари асосида ёш оилалар учун янги уй-жойлар қурилишига кенг миқёсда эътибор қаратилаётгани ҳам ана шу масалада қўл келади. Бу борадаги ишларни янада ривожлантириш экстремизмга қарши курашда ўзига хос ўрин тутатид десак хато бўлмайди.

Соф ислом таълимоти билан экстремитик оқимлар ғоялари ўртасидаги тафовутларни чуқур илмий асосда таҳлил этиб, унинг натижаларини оммага етказиш. Бу борада янги нашрларга эътибор бериш. Қуръон оятлари ва ҳадисларга янги замонавий тафсир, таъвил ва шарҳлар ёзиб, айни мутаассиб оқимлар ўзлари учун асос қилиб олаётган манбаларни соф ислом ғояларига мувофиқ тарзда очиб бериш лозим бўлади. Шунингдек, бу борадаги янгиликларни мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида қисқа ва мазмунли кўрсатув, эшиттириш ва мақолалар ёрдамида бериб бориш, айниқса электрон оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Бугун биз ахборот асрида яшамоқдамиз. Ахборот хуружи хавфи бўлишига қарамай, омматан ахборотга нисбатан тўсиқлар қўйиб бўлмаслиги барчага маълум. Лекин, носоғлом ғояларнинг урчиб кетишига сабаб бўлаётган интернет саҳифаларидаги иллатлардан ёшларимизни асраб қолиш учун. Ахборот-технологиялари соҳасида янги замонавий ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга бағишланган танловлар ташкил этиш. Унда миллий қадриятларимизни давом эттира олган ва бу борада янгиликлар кашф қила олган ёшларни рағбатлантириб бориш.

Терроризмга қарши курашда маънавий-маърифий усуллардан яна бири таълим муассасаларида ислом динининг дунёвий-маърифий моҳиятини муқаддас манбалар Қуръони Карим ва Ҳадислардан кенгроқ фойдаланган ҳолда, очиб бериш. Дин арбоблари ва мутахассисларнинг террорнинг исломда умуман мавжуд эмаслиги, ислом маърифат ва маънавият эътиқоди эканлигини халқимизга тушунтириш йўли яхши самара беради.

Зеро, биз фарзандларимизни Президентимиз айтганидек, исломдаги Имом Бухорийлар, нақшбандийлар, яссавийлар, термизийлар таълимоти асосида тарбияласак, уларни турли ислом ниқоби остидаги ғаразли гуруҳлар билан буюк аждодларимиз амал қилган ва бизларга мерос бўлган мусаффо, маърифатли ислом билан экстремизм фарқини ажрата оладиган даражада ёшларимизни билимли қилишимиз зарур бўлади.

Энг зарур чоралардан бири бу халқимизнинг огоҳлигидир. Ҳеч бир террористик ҳаракат тайёргарликсиз амалга ошмайди. Уни қаерда амалга оширилса, ўша ердаги бирон ҳолат аввалдан бирон ўзгаришга учрамаслиги мумкин эмас. Худди кучли зилзиладан олдин ҳавонлар безовталангани каби, атрофимизда – маҳалла кўйда бегона шахсларнинг пайдо бўлишига эътиборсиз бўлмаслик лозим. Фарзандларимиз, ҳатто ёши катталар фаолиятида хоҳ у хоҳ бу тарздаги ўзгаришларга диққатни қаратиш, бунинг замирида бирон бир катта муаммо келиб чиқмасмикин деган ўйда масалани ўрганиш муҳим саналади. Статистик маълумотларга кўра, амалга ошмай қолган террористик ҳаракатларнинг 70 фоиздан ортиғи фуқароларнинг ўзлари билиб ёки билмаган тарзда уни фош этганларига боғлиқ экан. Шу сабабдан бутун халқимиз ана шу масалага огоҳлик билан қараса, терроризмнинг даҳшатли чангалига банди бўлмасликнинг муҳим шартларидан бири бажарилган бўлади дейиш мумкин.

Бу ўринда, терроризмга фарши маънавий-маърифий курашнинг айрим жиҳатлари ҳақида фикр юритилар экан, бу масаладаги тугал фикрлар ана шулардан иборат деб бўлмайди. Замон ўзгариб борар экан, ҳар қандай ёвуз кучларга нисбатан кураш услубларидан ҳам фундаментал ўзгаришларни юзага келишини тақазо этади. Шу сабабдан бу борада яна бир муҳим жиҳат, айни тероризмнинг келиб чиқиши ва унга қарши кураш усуллар борасида илмий изланишлар олиб бориш ва бу борада халқаро тажрибаларни тадқиқ этиш ҳам зарурий эканлигини таъкидлаб ўтмоқчимиз.

 

ТИИ битирувчиси Саидаҳрор АСРОРОВ

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here