Салом бериш ҳам исломнинг аломатларидан бўлиб, унинг ёрдамида бир мусулмон бошқасини таниб олади. Қолаверса, саломнинг кўплаб фазилатлари ҳақида ҳадиси шарифларда бот-бот таъкидланган. Умуман олганда, мусулмон киши биродарига биринчи бўлиб салом бериши катта ажру-савоб келтирадиган ишлардандир:
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Инсонларнинг Аллоҳ таолога энг яқини, уларга биринчи бўлиб салом берадиганларидир”.
(Абу Довуд ривояти)
Саломни фақат таниган инсонларга бериш керак, деган гап динимизда йўқ. Балки, нотаниш мусулмон кишиларга ҳам салом бериш кони ажру савобдир.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Исломнинг қайси амали яхши?”, деб сўради. У зот: “Таомлантирмоғинг ҳамда таниган ва танимаганга салом бермоғинг”, дедилар”.
(Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган)

Ривоятларда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг одамлар билан саломлашиш учун атай кўчага чиқишлари келтирилади. Жумладан, Туфайл ибн Убай бу ҳақида қуйидаги ривоятни нақл қилган:
Туфайл ибн Убай Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ҳузурига келар ва улар биргаликда бозорга йўл олишар эди. У: “Бозорга борсак, Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу қорин, ичак-чавоқ сотувчиси, нафис нарсалар сотувчиси, мискин ва бошқа бирор киши олдидан ўтса, албатта унга салом берар эди”, деди. Туфайл шундай деди: “Бир куни Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг олдига келдим. У яна мени ўзи билан бозорга эргаштириб кетди. Шунда: “Бозорга боришдан муддаоингиз нима? Ахир, бирор нарса сотмасангиз, маҳсулотлар билан қизиқмасангиз, ҳеч нарса сотувга қўймасангиз, бозордаги ўтириладиган жойларда ўтирмасангиз”, дедим. Унга: “Келинг, бу ерда биз билан суҳбатлашиб ўтиринг”, дедим. У (Аб-дуллоҳ ибн Умар): “Эй, Абу Батн (Туфайл қоринли киши эди), бозорга салом бериш мақсадида борамиз. Кимни учратсак, унга салом берамиз”, деди. (Саҳиҳ санад билан Имом Моликнинг “Муватто” асарида келтирилган)
Юқорида келтирилган ҳадисларнинг умумий мазмуни одамларга кўп салом беришни одатга айлантириш фазилатли иш эканига далолат қилади. Шунингдек, ҳадиснинг мақсади, кўринган ҳар бир кишига салом бериш эмас. Чунки, бу ишни амалда қилиб бўлмайди, қолаверса, бу сабабли инсонларга ҳам машаққат етади.

Ташқаридан уйга кирган киши ўз аҳли ёки хонадон соҳибларига салом бериши суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзла-рининг хос ходимлари Анас розияллоҳу анҳуга бу ҳақида шунда деган-лар:
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, ўғлим! Аҳлингга кирсанг, салом бергин. У сенга ва аҳли байтингга барака бўлади”, дедилар”.
(Имом Термизий ривояти)
Киши ҳеч ким истиқомат қилмайдиган уйга кирса ҳам “бу салом фаришталарга бўлсин”, деган ниятда салом бериши лозим. Бу ҳақида, Абдуллоҳ ибн Умардан қуйидаги ривоят нақл қилинган:

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “ал-Адаб ал-муфрад” китобида Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ҳасан санад билан қуйидаги ривоятни келтирган: У: “Киши ҳеч ким яшамайдиган уйга кирса: “Ассаламу ъалайна ва ъала ъибадиллаҳис-солиҳийн”, десин”, дерди.
Маъноси: “Бизга ва Аллоҳ таолонинг солиҳ бандаларига салом бўлсин”.

Ҳадисларда салом лафзи аниқ-равшан ва тушунарли бўлишига тарғиб қилинган. Аслида, саломдаги суннат “Ассалому алайкум” билан адо бўлса-да, унга “ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ” лафзларини қўшиш билан ажр янада зиёда бўлади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:
Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир киши келиб: “Ассалому алайкум”, деб салом берди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саломга алик олдилар. У ўтирди. Шунда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўнта ( яъни, салом берувчига ўнта яхшилик ҳосил бўлди )”, дедилар. Сўнгра бошқаси келиб: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи”, деб салом берди. Унга алик олдилар ва у ўтирди. У зот: “Йигирмата ( яъни, салом берувчига йигирмата яхшилик етди)”, дедилар. Сўнгра бошқаси келиб: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ”, деди. Унга алик олдилар ва у ўтирди. Шунда ул зот: “Ўттизта ( яъни, салом берувчига ўттизта яхшиликнинг савоби ҳосил бўлди )”, дедилар”.
(Абу Довуд ва Термизий ривоятлари)

Бу ўринда шуни ёдда тутиш керакки, салом берилаётганда бу орқали бирор кишининг ишига халал бермаслик лозим. Масалан, бир киши Қуръон тиловати ёки зикр қилаётган бўлса, бемор парвариши билан банд, китоб ўқиётган ёки саломга алик олиш таъсир кўрсатадиган бошқа бирор иш билан машғул бўлса, ўша ишини тугатмагунича унга салом бериш мумкин эмас.

Шунингдек, бир киши мажлисда нутқ сўзлаётган, одамлар эса уни эшитаётган ҳолатда ҳам нотиқ ва тингловчиларга салом бериш дуруст бўлмайди.

Бир жойда сокин ҳолда ўтирган одамларнинг олдидан ўтиб кетаётган ёки уларга бориб қўшилишни истаган киши салом беради. Ўтирганлардан бирининг алик олиши билан эса саломнинг суннати ҳам аликнинг вожиби ҳам адо бўлади.

Биринчи бўлиб салом бериш суннатдир. Берилган саломга алик олиш эса, вожибдир. Саломга алик олмаган одам гуноҳкор бўлади.

Бирор мактубда “Ассалому алайкум”, деган ёзув бўлса, буни ўқиш билан алик олиш вожибдир.
(Нававий. Шарҳи Муслим)

«Саййид Мухиддинхон» жоме масжиди мухтасиби Т. Абдулахатов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here