Оилавий жанжалларда айб бир томонда бўлмайди. Ҳар икки тарафда озми-кўпчи нуқсон- камчилик топилади. Шунинг учун келинларга ҳам айрим тавсияларни берамиз:
Сиз куни келиб ўзингиз ҳам қайнона бўлишингизни ўйланг. Қайнона сифатида ўзингизга қандай муносабатда бўлишларини хоҳласангиз, қайнонангизга ҳам шундай муомала қилинг.
Қайнонангизга қайнона, деб эмас, “Эримнинг онаси!…” деб қаранг. Сиз қайнонангизни хурсанд қилсангиз, эрингизни хурсанд қиласиз. Завжингиз бахтли бўлса, сиз ҳам бахтиёр бўласиз. Шундай экан, қайнонангизни рози қилиш йўлини топинг.
Қайнонангизни қадрланг, ўрни келса, уни табрикланг, муҳим кунларда эсланг.
Қайнонангиздан тез-тез маслаҳат сўранг. Ундан ҳаёт сабоқларини ўрганганингизга яраша, “Яхшиям сиз борсиз!” дейишни унутманг.
Кўринишингизга, уйингиз, ҳовли-жойларингиз покизалигига эътибор беринг. Атрофингиздагиларга гўзал хулқли, табассумли, бағри кенг бўлинг.
Қайнонангиз – она. Ёши улуғлиги, тажрибаси кўплиги учун ҳам унинг ҳурматини жойига қўйинг. Ўзингизни асло катта тутманг, итоатсизлик қилманг. Чунки онанинг ўғлидаги ҳақлари кўп.
Турмушнинг паст-баландига чидамли бўлинг. Айтганингиз бўлмай қолса, жанжал кўтарманг.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам завжаи мутаҳҳаралари Оиша розияллоҳу анҳо онамиз гапларини эсланг: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келгандан то вафот этгунларига қадар лоақал уч кеча тўйиб буғдой нони емаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хонадонидагилар бир кунда икки маҳал таом ейишмаган. Биз бир ойда бир марта бўлса ҳам, ўчоққа ўт ёқолмас эдик. Агар аҳёнда ҳадя қилинадиган озроқ гўштни ҳисобга олмасак, ейишимиз нуқул хурмо, ичишимиз сув эди”.
Эрингизга онаси ҳақида нохуш гапларни айтманг. Бу нарса эрингиз кўнглини сиздан совутади. Чунки ҳеч бир эркак онаси ҳақида айтилган ёмон гапни ҳазм қилолмайди.
Ота-онангизга гап ташиманг, уйнинг сири кўчага чиқмасин. Акс ҳолда, қудалар ўртасидаги ҳурмат йўқолади, оқибат кўтарилади, турмушингизга совуқчилик тушиб, эрингиз хонадонига хиёнат қилган бўласиз.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Чақимчи жаннатга кирмайди”, деганлар.
Тежамкор бўлинг, ҳар бир ишни қайнона билан маслаҳатлашинг. Чунки у рўзғорнинг паст- баландини, оила харажатини сиздан яхшироқ билади. Ўзбошимчалик, итоатсизлик, пала-партишлик ўртадаги муҳаббатни сўндиради.
Тилингизга эҳтиёт бўлинг, ёлғон сўзламанг, катталар иззат-нафсига тегадиган ёмон сўзлар билан дилозорлик қилманг. Чунки ҳадиси шарифда: “Одамлар юзлари билан судраб олиб бориб дўзахга ташланишларига тиллари сабаб бўлади!” дейилган.
Уйингизга ёки бирор маъракага бормоқчи бўлсангиз, қайнонангиздан, қайнотангиздан, эрингиздан ижозат сўранг.
Бирор ножўя иш қилиб қўйсангиз ёки бирор ишни бажаролмаган бўлсангиз, дарров узр сўрашга одатланинг. Бу билан обрўйингиз тушиб, мартабангиз пасайиб қолмайди. Аксинча, янада суюкли бўласиз.
Қайнона кўз ўнгида эрингизга эркаланиб суйкалманг. Ўғли сизнинг пинжингизга кириб
кетаётганини сезса, “Болам иккита бўлди”, деб қувонган она ўзини камситилгандек ҳис этади. Бунинг “сабабчиси” бўлган, ўғлини “оғдириб олган” келинни ёқтирмай қолиши ҳам мумкин.
Қайинсингилларингиз, овсинларингиз билан аҳил бўлинг, уларнинг кўнглини овланг. Қайнонага ёқишга интилсангиз-у, аммо суюкли қизларига, сиздан олдин келиб қадрдон бўлиб қолган келинларига беэътибор бўлсангиз, ёлғизланиб қоласиз.
Қайғуга сабаб бўладиган ишлардан, хусусан, ҳаром нарсаларга қараш, ортиқча пардоз-андоз, бегоналар билан ёлғиз қолиш, лаънат, ҳақорат, ғийбат, эрнинг яхшиликларига шукр қилмаслик каби гуноҳлардан сақланинг.
Эримнинг уйида иззат-ҳурмат кўрай, ҳаётим осойишта ўтсин, десангиз, юқоридаги панд- насиҳатларга қулоқ солинг, уларни бугунданоқ бажаришга киришинг. Яратган Эгам тушган хонадонингизда барчанинг кўзига юлдузингизни иссиқ кўрсатсин, қалбингизга меҳр-муҳаббат, ишонч, оқибат уруғларини сепиб камолга етказсин.
Х.Қосимова
ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг
хотин кизлар масалалари буйича ёрдамчиси