БИДЪАТ ЎЗИ НИМА?
“Бидъат” сўзи луғатда “ўхшаши бўлмаган янги нарсани пайдо қилиш, диний ақидаларга киритилган ўринсиз ислоҳ”, – деган маънони билдиради. Истилоҳда эса Аллома Иззиддин ибн Абдуссалом шундай таърифлаганлар:
اَلْبِدْعَةُ فِعْلُ مَا لَمْ يُعْهَدْ فِي عَصْرِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ
“Бидъат – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсани амалга оширишдир” (“Қавоидул аҳком” китоби).
Демак, ибодатларда асри саодатда учрамаган, балки, кейинчалик динда янги пайдо бўлган амаллар бидъат ҳисобланар экан. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“عَليْكُمْ بِسُنَّتِي وَسُنَّةِ الخُلَفَاءِ الرَّاشِدِيْنَ المَهْدِيِّينَ، عَضُّوا عَلَيْها بالنَّوَاجِذِ، وَإيَّاكُمْ وَمُحْدَثاتِ الأُمُورِ، فإنَّ كُلَّ بِدْعَةٍ ضَلالَةٌ” (رَوَاهُ الإمام أَبُو دَاوُدَ وَالإمام التِّرْمِذِيُّ عَن العِرْبَاضِ بْنِ سَارِيَة).
яъни: “Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек, маҳкам ушланглар. Динга янгиликлар киритишдан сақланинглар, албатта, ҳар қандай бидъат – залолатдир” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).
Динга янгилик киритиш, гўёки, Аллоҳ ва унинг Расули билмаган нарсани “мен топдим”, – деган даъво қилишдир. Ваҳоланки, Ислом — Аллоҳ томонидан юборилган мукаммал ва баркамол диндир. Биз мусулмонларнинг вазифамиз – динимизнинг моҳиятини тўғри англаб етиб, ҳаётимизга татбиқ қилиш ва турли бидъат-хурофотларни пайдо қилмасликдир.
Уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).
Бидъати ҳасана – шариатда асли бўлган амални шу аслга таяниб, уни шакллантириш учун жорий қилинган қўшимча амалларга айтилади. Бунга ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган Таровеҳ намозини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврларида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилдилар ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, – дедилар.
Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.
Бидъати саййиа эса – шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, уни шариатимизда рад этилгандир. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ” (رَوَاهُ الإمام البُخَارِيُّ وَالإمام مُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ).
яъни: “Ким бизнинг динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадис шарҳида бундай дейдилар: “Бу – динни сохталаштириб, бузишдан асровчи ҳадислар жумласидан бўлиб, муҳим қоидани ўз ичига олган. Яъни, динга зид ва диннинг далиллари, қоидаларига хилоф бўлган ҳар қандай бидъатни рад қилиш лозим эканлигини ифодалайди. Аммо динга зид бўлмаган, шу билан бирга, унинг асосларига таянган ҳолда кейинчалик динни ҳимоялаш учун жорий қилинган амаллар рад этилмайди” (“Фатҳул борий шарҳи саҳиҳил Бухорий” китоби).
Ҳанафий мазҳабининг муҳаққиқ олмларидан Мулла Али Қори шундай дейдилар:
ومعنى الحديث : أن من أحدث في الإسلام رأياً لم يكن له من الكتاب والسنة سند ظاهر أو خفي ، ملفوظ أو مستنبط ، فهو مردود عليه
яъни: “…Ҳадиснинг маъноси, ким Исломда бир “фикр” ўйлаб топса, унга Қуръондан ҳам, суннатдан ҳам, очиқ ойдин ёки махфий, лафзий ёки мустанбат (ижтиҳод қилиб топилган) асос бўлмаса, у (фикр ёки амал) рад қилингандир” (“Мирқотул мафотиҳ” китоби).
Уламоларимиз бидъати ҳасана ва бидъати саййиа ўртасини ажратиб олиш учун асосий мезон бу – шариатимизнинг умумий қоидаларидир, деганлар. Яъни, Пайғамбар алайҳиссалом даврларида кузатилмаган бирор бир амал ушбу шариат қоидаларига мувофиқ келса, залолатга бошловчи бидъат саналмайди. Аксинча, мақталган, яхши бидъат саналади.
Демак, Пайғамбаримиз алайҳиссалом давриларида бўлмаган ҳар бир амал ҳам ёмон бидъат бўлавермайди. Балки, шариатимизнинг умумий қоидаларига зид бўлган ёхуд унга асосланмаган ҳар қандай амал ёки эътиқод залолатга бошловчи бидъат саналади. Ҳар бир мусулмон айнан ушбу бидъатдан сақланиши лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Намоздан сўнг жамоавий дуо қилишнинг ҳукми борасида уламолар ўртасида турлича фикрлар бор. Бу ихтилофли масала.
Имом Аҳмад ва у кишининг мазҳабларидаги айрим уламолар наздида бу ишни қатъий ва доимий одат қилиб олиш дуруст эмас. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намоздан сўнг жамоавий дуо қилиб, бу ишда бардавом бўлганликлари ривоят қилинмаган. Шу боис, ҳанбалий олимларнинг айримлари наздида бу иш бидъат ҳисобланади.
Бироқ, улар ҳам бу ишнинг ўзини эмас балки, бидъат деганда уни доимий ва ўзгармас одат қилиб олишни назарда тутадилар. Яъни, мутлақ маънода намоздан сўнг жамоавий дуо қилиш ҳанбалийларда ҳам бидъат эмас. Уларнинг мазкур сўзи бу ишни доимий ва қатъий одат қилиб олиш ҳолатига тегишли, холос.
Лекин, ҳанафий ва моликий мазҳабининг мутааххир уламолари намоздан кейин бир имом билан жамоавий дуо қилишни жоиз балки, мустаҳаб санаганлар. Гарчи, луғавий жиҳатдан у бидъат яъни аввал бўлмаган янги иш бўлса-да, у бидъати ҳасана ёки бидъати мустаҳабба туркумига киради.
Шундан хулоса қилиб айтиш мумкинки, юртимиз масжидларида намоздан сўнг умумий дуо қилиниши динимиз аҳкомларига асло зид эмас. Балки, унга мувофиқдир. Шу боис ҳам уламоларимиз бу ишни мустаҳаб бўлган ишлардан санаганлар. Қилса ажру савоб, қилмаса гуноҳкор бўлмайдиган иш фиқҳий истилоҳда мустаҳаб дейилади.
Бизнинг Мовароуннаҳр диёрига ҳанафий фиқҳини имом Муҳаммаднинг бир қанча катта шогирдлари олиб кирганлар. Имом Муҳаммад эса имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг энг олди шогирдларидан бўлиб, у зот ҳам мазҳаб асосчиларидан ҳисобланадилар.
Асрлар оша юртимиз уламолар, қорилар, фақиҳлар ва фозил кишилар диёри бўлгани ҳолда асли йўқ, динга зид бўлган бир иш бу қадар оммавий бўлиб кетиши ва ундан ҳеч бир олим қайтармаслиги ақлга сиғмайдиган иш. Шундан ҳам биламизки, олимларимиз фиқҳий жиҳатдан бу ишда бирор маҳзурлик кўрмаганлар.
Шунга кўра, намоздан сўнг имом билан биргаликда жамоавий дуода қатнашиш нур устига нур бўлади. Уни бидъат деб ўйлаб тарк этиш тўғри эмас.
Борди-ю, намозхон зарурати туфайли ҳеч кимга халал бермаган ҳолда эртароқ чиқиб кетса гуноҳкор бўлмайди. Валлоҳу аълам
«Ёсин сурасини ўликларингизга ўқинглар» хадисидаги «ўликлар» калимаси хадисда мажозий бўлиб, Қуръони каримда ҳам Аллоҳ таоло ундан (Қуръондан) узоқ бўлган, дин, иймон тушунчаларидан ғофил ва жоҳил бўлган кимсаларни кўп оятларда мажозий аташлар билан, жумладан «қалби ўлик» деб ҳам атайди.
Ёсин сурасида эса айнан «қалби ўликлар» учун – уларни сифатлари, уларга ўтмишдаги қавмлар сабоғидан оят, ибрат ва иймонсизларни ҳаётдаги кўриниш сифатлари, келажакда (эртага) эса насиб этгувчи азоб ва етажак оқибатлари – огоҳ сифатида кўп мисоллар билан баён қилинган бўлиб, қалби «ўлик» инсонларга булар ҳақда ўқиб – билдириб, айтилса, етказилса шояд нажот топиб қаблари уйғониб ҳидоят топишса деган – маънода айтилган хадис – деб устозлардан бу хадис тафсир мазмунини эшитгандик.
Кўплаб ривоятларда «ўликлар» калимаси унга ўхшаш(синоним) бўлган «маййит» сўзига алмашиши билан бу хадис мазмуни бутунлай бошқа кўриниш ва йўналиш олгани айтилади.
Ва аксинча, инсонни жон бериш пайтига қандайдир алоқадорлиги бу сура мазмунида ҳам ёки Қуръонни бошқа бир оятларида ҳам бу ҳақда ишора ёки очиқ ойдин баён келмаган. Валлоҳу аълам.
Албатта Қуръони карим барча маҳлуқот ва мавжудотга тўғри йўл кўрсатувчи, ва қалбларга шифо бергувчи, ҳидоятга элтгувчи, жаҳаннам азобидан шафоат қилиб сақлаб қолувчи,сирот деб аталмиш ушбу ҳаёт имтиҳони «кўприги»дан жаханнамга қулаб-иймонсиз оламдан ўтишдан сақлаб қолувчи ва қиёматда ё фойдамизга ёки зиёнимизга гувоҳ бўлгувчи Илоҳий калом эканига иймон келтирамиз.
Жарқўрғон тумани бош имом-хатиби Х.Рўзиев