Ақиданинг луғавий маъноси – бир нарсани ҳақ деб билиб, қалбда маҳкам тутмоқликдир. Ақиданинг ақоид илми истилоҳидаги маъноси эса, мусулмонлар ҳақ ва тўғри деб ишониб, эътиқод қиладиган масалалардир. Муқаддас Ислом динимиздаги ягона ва энг тўғри ақида бу – аҳли сунна вал жамоа ақидасидир. Зеро, кишининг ақидаси тўғри бўлса, унинг юрадиган йўли тўғри бўлади. Ақидаси тўғри бўлган одам яхшиликларнинг эшигини очгувчи, ёмонликларнинг эшигини ёпгувчи калит сингаридир. Саодат асрининг буюк вакиллари бўлмиш саҳобалар ҳам ўз ақидаларида мустаҳкам бўлиб, уларни дунёнинг ҳеч бир нарсаси чалғита олмаган. Жумладан, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг Аллоҳ таолога бўлган ишончи шунчалик кучли эдики, ҳеч бир нарса унинг имонига халал бера олмас эди. У зот ўз имони хусусида бундай деган: “Агар парда кўтарилиб, Аллоҳнинг жамолини кўрсам ҳам, имоним заррача кўпаймайди”. Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ сунний эътиқодидаги икки йирик таълимотлардан бири бўлмиш мотуридия таълимотининг асосчиларидан ҳисобланади. Унинг тўлиқ исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳанафий Мотуридий Самарқандийдир. Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг туғилган йиллари ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. У зот 994 йилда Самарқандда вафот этган ва шаҳар чеккасидаги Чокардиза қабристонига дафн этилган. Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг таъкидлашича амал имоннинг шарти ҳисобланмайди. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп ўринда имонни алоҳида, амалларни алоҳида ажратиб, шундай марҳамат қилади:
إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَآتَوُا الزَّكَاةَ لَهُمْ أَجْرُهُمْ عِنْدَ رَبِّهِمْ وَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ
(سورة البقرة/٧٧٢)
яъни: “Албатта, имон келтирган, яхши ишларни қилган, намозни баркамол ўқиб, закотни берганлар учун Парвардигорларининг ҳузурида (махсус) мукофотлари бордир…” (Бақара сураси, 277-оят).
Имом Мотуридий соф ақидани исботлашда муътазилийлар каби фақат ақлга суяниш эмас, балки, биринчи навбатда, нақлдан фойдаланишни зарур деб билади. Ушбу олимнинг ақида борасида қўшган яна бир ҳиссаси шуки, жуда кўплаб фирқалар эътиқод борасида ўз фикрлари билан мусулмон аҳлини турли йўлларга бошлаган бир пайтда, ўлкада ягона сунний ақида тизимини ўрнатадилар. У зот турли адашган фирқаларнинг Қуръони карим ва суннати набавийяга зид бўлган барча ботил ақидаларини далиллар асосида исботлаб берадилар. Натижада турли хилдаги майда оқимлар кўпайишининг олди олинди. Имом Мотуридий ўз услуби ва илмий асарлари билан Мовароуннаҳр илоҳиёт мактаби ривожига катта ҳисса қўшди. Шунингдек, ҳанафия мазҳабининг Ўрта Осиё халқлари урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқ эканини ўз қарашлари орқали кўрсатиб бердилар. Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ асос солган диний таълимот – мотуридия мактаби Шарқ мамлакатларида катта шуҳрат топишига сабаб шуки, унда илгари сурилган ғоялар Ислом динининг моҳиятини тўғрилик, эзгулик, инсонийлик деб биладиган жамики мўмин-мусулмонларнинг қарашлари ва интилишлари билан ҳамоҳангдир.
Қизириқ тумани «Чилгазота» жомеъ масжиди имом-хатиби Абдухалил Абдуназаров