Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Суннат тарихи

Суннат Қуръони карим билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис Суннат тарихи ҳам Қуръони карим ва Ислом тарихи билан бирдир. Биз эса Суннатни илм сифатида шаклланиш тарихидан бошлаб ўрганамиз.

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон каримнинг биринчи оятларини нозил қилиб, у зотни охирги Пайғамбар, деб эълон қилди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар эканларига иймон келтирмаган одам мўмин бўла олмаслиги узил-кесил ошкор бўлди. Мўминларнинг у зотга эргашишлари ва иқтидо қилишлари лозиму лобуд бўлди. Юқорида зикр қилинганидек, бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло Қуръон каримда қайта-қайта таъкидлади. Исломнинг биринчи кунидан бошлаб, мўмин-мусулмонлар каттаю кичик ҳар бир нарсани ўз пайғамбарларидан ўргана бошладилар. Улар у зотдан илоҳий дастур бўлган Қуръон карим оятларидан тортиб, то оддий таҳорат қилишгача бўлган ҳамма нарсаларни аста-секин қабул қилиб олар эдилар. Шунинг учун ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг бирор лаҳзаси ҳам саҳобаи киромларнинг диққат-эътиборларидан четда қолмас эди.

Чунки у зотнинг муборак оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, ўзларидан содир бўлган ҳар бир ҳаракат шариат ҳукми, ўрнак, шахсий мисол, ҳикмат, насиҳат ва кўрсатма сифатида қабул қилинарди. Инсоният тарихида ҳаёти энг тўкис, очиқчасига, оммавий равишда ва кўпчилик томонидан ўрганилган яккаю ягона шахс Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У зоти бобаракотнинг, ҳатто ўта нозик ва хос ҳаётлари ҳам бутун икир-чикирлари билан тўлалигича ўрганилиб, ривоят қилингандир.

Чунки Ислом дини мукаммал дин бўлганлигидан ва инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олганлигидан буларнинг ҳаммасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий ўрнаклари бўлишини тақозо этарди. Бошқача айтганда, у зот Қуръонни ўз ҳаётларига татбиқ қилиб, одамларга кўрсатишлари керак эди. Амалда шундай бўлди ҳам.

Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан узлуксиз бирга юришар ва у зотдан содир бўлган ҳар бир нарсани ўта аниқлик билан ёдлаб олишар ва ривоят қилишарди. Ҳатто зарур иш ёки юмушлари чиқиб қолган кезларда бошқа кишиларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида қолдириб, у зотдан содир бўлган нарсаларни яхшилаб ўзлаштириб олишни илтимос қилар эдилар. Қайтиб келганларидан сўнг эса дарҳол ўзлари йўқ пайтда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган гап, иш, амални тайинлаб кетган одамларидан сўраб, билиб олар эдилар. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўз қўшнилари билан келишиб, навбат билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  ҳузурларида турганликлари у кишининг ўзидан ривоят қилинган.

Шу тариқа Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган заррача нарса ҳам саҳобаларнинг эътиборларидан четда қолмаган. Буни душманлар ҳам тан олганлар. Худайбия ҳодисасида мушриклардан вакил бўлиб, Пайғамбаримиз ҳузурларига келганлардан биттаси ўз қавмига қайтиб бориб: «Аллоҳга қасамки, ҳеч кимни биров Муҳаммаднинг шериклари ҳурмат қилгандек ҳурмат қилмайди. У туфласа, туфуги ерга тушмаяпти. Саҳобалари қўллари билан илиб олмоқдалар», деган. У зот муборак сочларини олдирганларида, саҳобалар бирор толани ҳам ерга туширмай, бўлишиб олганлар. Ҳаттоки бир тола сочи ерда қолмаган зотнинг гап-сўзлари, ваъз-насиҳатлари, ҳукму васиятлари ерда қолармиди?! Уларнинг ҳаммаси катта эътибор ва аниқлик билан қабул қилиб олинган ва омонат ила келажак авлодларга етказилган.

Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларни ҳойи ҳавас, гап-сўз учун қабул қилмаганлар. Улар энг аввало бу нарсаларга амал қилишни кўзлаганлар. Қолаверса, бошқаларга етказиб, уларни ҳам амалга чорлашни мақсад қилганлар. Бунга биргина мисол келтирамиз.

Қози Иёз ва Ибн Саъид раҳматуллоҳи алайҳимлар Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобалари билан намоз ўқиб туриб, кавушларини ечиб, чап тарафларига қўйдилар. Буни кўриб, одамлар ҳам кавушларини ечдилар. Намозни ўқиб бўлиб, у зот:

«Нима учун кавушларингизни ечдингиз?» дедилар. Улар:

«Сиз кавушингизни ечганингизни кўриб», дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менга Жаброил уларда нопоклик борлигининг хабарини берди», дедилар».

Аслида нопоклик Пайғамбар алайҳиссаломнинг кавушларида эди. Шунинг учун Жаброил алайҳиссалом у зотга кавушларини ечиб қўйишни хабар қилган эдилар. Бошқаларнинг кавушларини ечишларига зарурат йўқ эди. Аммо саҳобаларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиш истаклари ғоятда кучли бўлганлигидан «Модомики, Расулуллоҳ кавушларини ечдиларми, биз ҳам ечишимиз лозим», деб, шундай қилдилар. Бу оддий бир мисол, холос. Саҳобаи киромларнинг ҳаётлари бу каби иқтидонинг олий намуналарига тўладир.

Шундай қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини англаб, бошқаларга ривоят қилиш у кишининг ҳаётлари давомидаёқ бошланган эди. Саҳобалар бир-бирларига, айниқса, катта саҳобалар кичикларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини оқизмай-томизмай, ривоят қилганлар. Саҳобалардан эса улардан кейинги мусулмонлар авлоди – тобеъинлар қабул қилиб олганлар.

Саҳобаларнинг баъзилари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини кўплаб ривоят қилиш билан машҳур бўлганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳоба эканлари ҳаммага маълум. У кишидан кейинги ўринда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо турадилар. Шунингдек, тўрт рошид халифалар – ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, ҳазрати Умар, ҳазрати Усмон ва ҳазрати Али розияллоҳу анҳумлар, Абдуллоҳ ибн УмарАбдуллоҳ ибн Масъуд, Анас ибн Молик каби саҳобалар ҳам кўп ҳадис ривоят қилиш билан ном чиқарганлар.

Шу давр ҳақида яна бир нарсани таъкидлаб ўтмоғимиз лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларида, тўрт халифалар даврида, то юзинчи ҳижрий санагача ҳадисларни ёзиб қўйиш расмий равишда йўлга қўйилмаган. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан Қуръондан бошқани ёзманглар», деганлар. Шунинг учун расмий равишда Қуръон каримни ёзишга алоҳида эътибор берилган. Аммо бу, ҳадис умуман ёзилган эмас, деган маънони ифода этмайди. Кишилар хусусий равишда ўзлари учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёзиб юришган.

Аммо ёзганлар ҳам, ёзмаганлар ҳам ҳадисларни ўта аниқлик билан ривоят қилишни ўзларининг муқаддас бурчлари деб билар эдилар. Бирорта ҳадисни аниқлаш учун ҳар қанча оғир меҳнатдан, узоқ сафардан ҳам қочмас эдилар.

Имом Бухорий Уқба ибн Ҳорисдан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Бир аёл Уқба розияллоҳу анҳуга «Мен сени ҳам, хотинингни ҳам эмизганман», дебди. Шунда Уқба дарҳол уловини миниб, Маккадан Мадинага қараб йўлга чиқибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, билмасдан, эмикдош синглисига уйланиб қўйган, кейин эса эмизган шахс хабар берган одамнинг ҳукми ҳақида сўраган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қандай гап?! Бунинг ҳукми айтилган-ку!» деб, икковларини ўша заҳоти ажратдилар. Сўнгра аёл бошқа эрга тегди».

Ўша вақтда Маккадан Мадинага боришнинг ўзи осон бўлмаган. Неча кунлаб машаққатли сафар қилиш зарур бўлган. Лекин саҳобаларнинг ҳар бир нарсада Ислом ҳукмига амал қилиш рағбатлари, ҳар бир нарсани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашга бўлган қизиқишлари ҳамма нарсадан устун турган.

Саҳобалар нафақат ҳадисларни ўрганишни, балки ўргатишни ҳам ўз бурчлари, деб билар эдилар. Чунки Ислом таълимоти, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари шу эди.

Имом Термизий ва Имом Абу Довудлар Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менинг гапимни эшитиб, ёд олиб, сингдириб, сўнгра эшитганидек қилиб адо этган одамни Аллоҳ неъматлантирсин», деганлар.

Имом Ибн Абдул Барр Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Огоҳ бўлингиз! Сиздан ҳозир бўлганлар ғойибларга етказсин», деганлар.

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса:

«Ким илмни беркитса, оловдан бўлган юган билан юганланади», деганлар.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини билган саҳобалар уларни бошқаларга етказишга астойдил ҳаракат этар эдилар. Шу билан бирга, улар ўта аниқлик билан ривоят қилаётганларига ишончлари комил бўлсагина бу ишга журъат этар эдилар. Акс ҳолда, ҳадис ривоят қилишдан ўзларини тияр эдилар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Кишига ҳар бир эшитган нарсасини гапираверишнинг ўзи гуноҳ учун етарли», деган эдилар. Яъни эшитган нарсасини орқа-олдига қарамай, гапиравериш гуноҳга олиб боради, деганлар. Ҳар бир нарсани эшитгандан сўнг яхшилаб аниқлаб, кейин гапириш керак.

Саҳобалардан Зубайр ибн Авом розияллоҳу анҳу ҳадисни оз ривоят қиладиган кишилардан эдилар. Имом Бухорийнинг ривоят қилишларича, Зубайр розияллоҳу анҳуга ўғиллари Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу:

«Фалончи-пистончиларга ўхшаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилганингизни эшитмайман», дебди. У:

«Мен у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ажраганим йўқ-ку, лекин: «Ким мендан ёлғон гап айтса, дўзахдаги ўрнини тайёрлайверсин», деганларини эшитганман», деган экан.

Яъни Зубайр ибн Авом розияллоҳу анҳу ҳадис ривоят қилишда бирор ноаниқликка йўл қўйиб, гуноҳкор бўлиб қолишдан қўрққанлар.

Саҳобалардан Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳуга: «Ҳадис айтиб беринг», дейилса, «Ёшимиз улғайди. Эсдан чиқарадиган бўлиб қолдик. Расулуллоҳдан ҳадис ривоят қилиш қийин нарса», дер эдилар.

Демак, саҳобаи киромлардан ҳадис ривоят қилишда ўта аниқлик билан иш тутаётганига қаттиқ ишонганларигина бу ишга журъат этганлар, қолганлар ўзларини тийганлар.

Шу билан бирга, умумий сиёсат шундай бўлганки, ҳадис ривоят қилувчилар текшириб турилган. Бу ишда заррача бепарволикка йўл қўйилмаган. Бу борада кўпроқ ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалик вақтларида бўлиб ўтган машҳур ҳодиса мисол қилиб келтирилади.

Имом Муслим Абу Саъид розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Абу Мусо розияллоҳу анҳу эшик ортидан туриб, Умар розияллоҳу анҳуга уч марта салом берди. Унга изн бермаган эди, қайтиб кетди. Умар унинг ортидан одам юбориб:

«Нега қайтдинг?» деб сўратди. У:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сиздан бирортангиз уч марта салом берганида жавоб бўлмаса, ортига қайтсин», деганларини эшитган эдим», деди. Умар:

«Ана шунга ҳужжат келтирасан, бўлмаса кунингни кўрсатаман», деди. Биз ўтирган эдик, Абу Мусо ранги ўчган ҳолда ҳузуримизга келди. Биз унга:

«Сенга нима бўлди?» дедик. У бўлган воқеани айтиб:

«Бирортангиз (шу ҳадисни) эшитганмисиз?» деди. Биз:

«Ҳа, ҳаммамиз эшитганмиз», дедик. (Саҳобалар) у билан бир кишини юбордилар. Ўша одам бориб, хабар берди».

Албатта, бу ҳадисни ҳазрати Умарнинг ўзлари ҳам яхши билар эдилар. Лекин сиёсат учун, одамлар ҳадис ривоят қилишдек масъулиятли ишни осон санаб, эътиборсиз бўлмасликлари учун шундай қилганлар. Шунинг учун ҳам воқеа бўлиб ўтганидан кейин Абу Мусо розияллоҳу анҳуга:

«Мен сени бирор нарсада айбламоқчи эмасман. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ўта аниқ бўлиши лозимлигини билдириб қўймоқчи эдим», деганлар.

Кўриниб турибдики, бир одам ким бўлишидан қатъи назар, ҳадис эшитганини даъво қилса, ундан бунинг исботи учун гувоҳ кўрсатиш сўралган. Яъни ўша ҳадисни бир киши эмас, кўп киши эшитган бўлиши шарт қилиб қўйилган.

Шундай қилиб, Пайғамбаримизнинг ҳадислари улкан иноят билан сақланиб, ёдланиб, ривоят қилиб келинди. Бунда саҳобаи киромларнинг хизматлари ғоятда катта бўлди. У зотлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тириклик пайтларида бу ишга қандай аҳамият берган бўлсалар, у зотнинг вафотларидан кейин ундан ҳам кўпроқ эътибор бера бошладилар. Шу ўринда яна бир мисол келтирамиз:

Имом Бухорий, Имом Аҳмад, Имом Термизий ва Имом Байҳақийлар қилган ривоятда буюк саҳобий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирлари мен эшитмаган бир ҳадисни билиши ҳақида эшитиб қолдим. Бир туя сотиб олдим. Унга юкимни юкладим. Сўнгра бир ой йўл юриб, Шомга етиб бордим. Қарасам, у одам Абдуллоҳ ибн Анас ал-Ансорий экан. Олдига бориб:

«Менга маълум бўлишича, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан зулм қилганлар муомаласи ҳақида мен эшитмаган ҳадисни эшитган экансан. Ўша ҳадисни эшитгунча мен ўлиб қоламанми ёки сен ўлиб қоласанми, деб қўрқиб келдим», дедим. У ҳадисни айта бошлади…»

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўз халифалик вақтларида саҳобаларга Мадинаи Мунавварадан кўчиб, чиқиб кетишга рухсат бермас эдилар. Доимий яшаш жойлари Мадина эди. Шунинг учун ҳадис ўрганмоқчи бўлганлар Мадинаи Мунавварага келишарди.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида саҳобаи киромлар турли юртларга, шаҳар-қишлоқларга кўчиб кетдилар. Ўша ердаги одамлар улардан ҳадисларни ўргана бошладилар. Шу билан бирга, Ислом давлатининг чегараси ҳам тезлик билан кенгайиб борди. Турли халқлар, динлармазҳаблар, миллат ва элатлар вакиллари Исломни қабул қилдилар. Албатта, уларнинг ёдлаш қобилияти, араб тилини билиш даражаси, эътиқоди ва бошқа омиллари саҳобаи киромлар даражасида эмас эди. Бунинг устига, уларнинг орасида турли ғаразгўй кишилар ҳам бор эди.

Қолаверса, сиёсий фитналар чиқиб, турли жанжаллар бошланди. Хилма-хил фирқалар юзага келди. Орада ҳам қуролли, ҳам фикрий, ҳам даҳанаки жанглар авж олди. Маълумки, тарафкашлик, гуруҳбозлик бор жойда, мутаассиблик бор жойда ўз тарафдорларини қўллаш учун ҳеч нарсадан қайтилмайди. Бундай пайтда мустақийм қолиш жуда ҳам қийин. Ҳар ким, ҳар тараф ўзининг ҳақлигини исботлаш учун тўғри-нотўғри барча чора-воситаларни ишга сола бошлайди. Ўша пайтдаги оммавий ҳаёт диний ҳаётдан иборат бўлгани учун ҳар ким ўзини диндор кўрсатишга, ўзининг қилаётган ишига, айтаётган гапига Қуръон ва Суннатдан далил келтиришга уринар эди. Шу услуб билан кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортар ва хайрихоҳлигини уйғотишга уринар эди. Албатта, ҳақиқат икки хил бўлмайди. У битта бўлганлиги учун ҳамиша талашаётган икки томондан бири ҳақ, иккинчиси ноҳақ бўлаверади. Ана шундай ҳолатда ноҳақ томон Қуръонни ботил таъвил қилишга ва ичидан тўқиб чиқарган гапни ҳадис деб, ёлғон даъво қилишга ўта бошлайди. Айниқса, бундай ишларда яҳудийАбдуллоҳ ибн Сабаъ каби Исломни бузиш мақсадида ўзини мусулмон қилиб кўрсатиб юрган кишилар тинчимадилар.

Уламоларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлмаган нарсани ҳадис деб тақдим этишни «ҳадис вазъ қилиш (қўйиш)» дейдилар. Сохта ҳадисни эса «мавзуъ(сохта, тўқилган) ҳадис» деб атайдилар. Ана ўша мавзуъ (сохта) ҳадисларнинг пайдо бўлишига қуйидаги омиллар сабаб бўлган:

1. Сиёсий ихтилофлар. Бу борада Рофиза мазҳабидагиларнинг сохта ҳадис айтишда ҳаддан ошганликлари алоҳида таъкидланади.

2. Зиндиқлик. Яъни зимдан Ислом динига ва давлатига қарши кураш олиб борувчи ҳаракат томонидан ҳадис тўқиш.

3. Қавмига, қабиласига, тилига, юртига ва имомига мутаассиб бўлиш. Бунда ҳар ким ўз қавмини, қабиласини, тилини, юрти ва имомини мақтаб, бошқаларни ёмонлаб, сохта ҳадис тўқийди.

4. Қиссачилик ва ваъзхонлик. Баъзи бир жоҳил кишилар одамларни оғзига қаратиб, шуҳрат қозониш мақсадида турли нарсаларни тўқиб, уларни ҳадис деб даъво қиладилар.

5. Фиқҳий ва эътиқодий мазҳаблардаги ихтилофлар. Бунда ҳам ўз мазҳаби ҳақ, тўғри эканини исбот қилиш мақсадида сохта ҳадис тўқийдилар.

6. Жоҳил кишиларнинг динга хизмат қиламан деб уринишлари оқибатида тўқилган ҳадислар.

7. Подшоҳ ва амирларга ёқиш мақсадида ҳадис тўқиш.

Ана шундай бир пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Суннатларининг поклигини сақлаб қолиш, унга сохта нарсаларни аралаштириб юбормаслик масаласи кўндаланг бўлди. Ҳадис билан таниш кишилар учун ҳақиқий ҳадис билан сохтасини фарқлаб олиш қийин эмас эди. Аммо авом халқ, янги мусулмон бўлганлар ва келажак авлод учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини асл ҳолида етказиш зарурроқ эди.

Буни эса омма учун ҳадис китоблари ёзиш билан амалга ошириш мумкин эди. Аср бошида Қуръондан бошқа нарсани расмий равишда ёзмаслик давлат сиёсати бўлса, энди ўша вақтдаги омиллар ўзгарган, ҳадис билан Қуръон аралашиб кетмасин, деган эҳтиёткорликка ҳожат қолмаган, Қуръон карим ёд олиниб, ўрганиб бўлинган эди.

Ҳазрати Усмон даврларида Қуръон каримни мусҳафларга ёзиб, улардан расмий нусхалар кўчириш ҳам илмий асосда йўлга қўйилди. Энди ҳадисларни расмий равишда ёзиб, эҳтимом беришни давлат сиёсатига айлантириш давр талаби бўлиб қолган эди.

Мана шу ишни тобеъинлар амалга ошира бошладилар. Чунки тобеъинлар саҳобаларни кўрган мусулмонлар авлоди бўлиб, уларнинг ичида бу ишга лаёқатли кишилар кўп эди. Улар саҳобаи киромларнинг мухлис ва вафодор шогирдлари сифатида улардан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини тўлалигича, соф ҳолида қабул қилиб олган эдилар. Тобеъинлар ичида Саъид ибн Мусаййиб, Ато ибн Абу Рабоҳ, Қатода, Товус, Ҳасан Басрий, Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий каби кишилар улкан муҳаддислар сифатида машҳур бўлганлар.

Биринчи ҳижрий аср охирида халифалик қилган, кўпчилик томонидан бешинчи рошид халифа деб тан олинган Умар ибн Абдулазиз Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийдан ва бошқа муҳаддислардан омма учун ҳадис китоби ёзишни сўради. Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий содда қилиб, бир китоб таълиф қилди. Бошқалар ҳам унга эргашдилар. Расмий равишда ҳадис китоблар ёзиш шундан бошланди.

Ушбу муборак ва масъулиятли вазифага алоҳида ҳимматли уламолар бел боғлаб, енг шимариб, ишга тушдилар. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ишончли, адолатли ривоятлардан олишни, Суннати набавийя пок, соф эканини исбот этишни ўз  олдиларига вазифа қилиб қўйдилар. Шу билан бирга, улар сохта ҳадислар ва уларни тўқиганларни фош қилишни ҳам кўзлаб, иш олиб бордилар. Улар бу мақсадга эришиш йўлида инсоният тарихида мисли кўрилмаган улкан ва нозик, ишончли ва покиза илмий иш олиб бордилар.

Муҳаддис уламоларимизнинг бу илмий жасоратлари бир неча илмларга, жумладан, бугунги кунда бутун дунёда умуминсоний илмлар деб аталаётган илмларга асос бўлди. Ҳадиснинг ҳақиқийлигини, унинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлганлигини исбот қилиш учун у бир қанча синовлардан ўтиши зарур экани шарт қилиб қўйилди.

“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here