Араб тилида “дуо” сўзи – чақириш, сўраш – маъноларини англатади.
Яъни “Эй Расулим! Бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен уларга яқиндурман. Менга дуо қилсалар, дуогўйларнинг дуоларини ижобат қилгайдурман. Ахир, улар ҳам Менинг даъватимга жавоб қилсинлар ва Менга ҳақиқий иймон келтирсинлар, шояд тўғри йўлда юргайлар” (Бақара 186- оят).
“Роббингизга тазарруъ ила махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас” (Аъроф 55-оят). Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин бандаларига дуо қилиш одобларини ўргатмоқда. Дуода тазарруъ – ёлбориш ва махфийлик бўлиши зарурлигини таъкидламоқда.
Худди шу маънода Пайғамбаримиз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларида ҳам ўз ифодасини топган.
Имом Бухорий ва имом Муслим Абу Мусо ал Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар баён қилинган: “Одамлар баланд овоз билан дуо қилган эдилар, Расулуллоҳ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “ Эй, одамлар, ўзингизга шафқат қилинг, сизлар кар ёки ғайбга дуо қилаётганингиз йўқ. Сиз дуо қилаётган Зот энг яхши эшитувчи ва энг яқин Зотдир” дедилар.
Расулуллоҳ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “дуо ибодатдир” дедилар ва (Ғофир сурасининг 60- ояти) “ва Роббингиз: “ Менга дуо қилинглар, сизни ижобат қилурман. Албатта, ибодатимдан такаббурлик қиладиганлар тезда жаҳаннамга бўйин эгган ҳолларида кирурлар” оятини қироат қилдилар.
Ушбу ҳадисда келтирилган ояти каримада дуо маъноси ибодат маъноси билан бир хилда ишлатилган. Бинобарин, дуонинг ибодат эканини Аллоҳ таолонинг ўзи бандаларига билдирмоқда.
“Аллоҳ таолонинг наздида дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ”.
“Дуо ибодатнинг мағзидир”
“Ким Аллоҳ таолодан сўрамаса, У зот ундан ғазабланади”.
“Кимни Аллоҳ таоло унга балолар, шиддатлар пайтида дуосини ижобат қилиши хурсанд қилса, оройиш пайтида дуони кўпайтирсин”.
“Кимга дуо эшиги очилса, унга раҳмат эшиклари очилган бўлади. Аллоҳ таоло бериладиган нарсалар ичида энг маҳбуб бўлгани офиятни сўрашликдир”, дедилар”.
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий алайҳи роҳма Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қиладилар: “ким етти нарса билан ризқланса, еттита нарсадан маҳрум бўлмайди:
- Кимики шукр билан ризқланса, мулки зиёдаликдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Қасамки, (берган неъматларимга) шукр қилсангизлар, албатта, сизларга зиёда қиламан” (Иброҳим сурасининг 7 ояти)
- Кимики сабр билан ризқланса, савобдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади:
“ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчиларга ажр мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур” (Зумар сураси 10оят)
- Ким тавба билан ризқланса, қабул бўлишдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади:
“У бандаларидан тавба – тазарруъ қабул қиладиган Зотдир” (Шўро сураси 25 оят)
- Ким истиғфор билан ризқланса, мағфиратдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади:
“Роббиларингиздан истиғфор сўранглар, албатта, У Зот кечирувчидир”. (Нуҳ сураси 10 оят)
- Ким дуо билан ризқланса, ижобатдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади:
“ Менга дуо – илтижо қилинглар, Мен сизларни ижобат қиламан” (Ғофир сураси 60 оят)
- ким инфоқ – нафақа қилиш билан ризқланса, унинг ўрни тўлишдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади:
“Не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилсангиз, бас, Аллоҳ таоло унинг ўрнини тўлдирир” (Сабаъ сураси 39 оят)
- кимга ижтиҳод қилиш берилган бўлса, тавфиқдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади:
“Бизнинг йўлимизда курашган зотларни, албатта, ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз” (Анкабут сураси 69 оят)
Ўлганларга дуо қилиш ва уларга савоб аташ
“Улардан кейин келганлар: “Эй, Роббимиз, бизни ва биздан олдин иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин”, дерлар”. (ҳашр 10 оят)
Аллоҳ таоло ушбу оятда ўзларидан олдин ўтган мўминларга мағфират сўраганларни мадҳ қилмоқда. Бу эса, ўлганлар тирикларнинг истиғфоридан манфаат олишига далолат қилади.
Имом Абу Довуднинг “ сунан” китобида Усмон ибн Аффон р.а.дан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Расулуллоҳ с.а.в. ўлик дафн қилиб бўлингандан кейин устида туриб “ биродарингизга истиғфор айтинглар. Унга собитлик сўранглар. Чунки у ҳозир сўроқ қилинади”, дер эдилар”.
Имом Муслимнинг “ саҳиҳ” китобларида Пайғамбаримиз қабрларни зиёрат қилишда дуо қилишлари ҳақида ҳадис келган: Оиша онамиз р.а. Пайғамбаримиз с.а.в.дан: “Қабр аҳлларига истиғфор айтсак нима дейсиз?” деб сўрадилар. У зот с.а.в. : “ Ассалому алайкум, эй, мўмин ва мусулмонлар диёри аҳли. Аллоҳ таоло биздан ва сиздан олдин ўтганларни-ю, кейин қолганларни раҳим қилсин. Ва албатта, биз ҳам сизларга келиб қўшиламиз”, деб жавоб берганлар.
Ўликлар ҳақида эса ҳазрати Пайғамбаримиз: “ Маҳрумларингизга ҳадялар берингизлар ёки жўнатингизлар” деганлар. “ Ё Расулаллоҳ! Бу ҳадя нима бўлиши мумкин?” деб сўрадилар. Жавобан: “ дуолар” деб айтдилар.
Ижобати дуо
Жазирий алайҳи роҳма дуоларнинг қабул бўлиш борасида ёзган асарларида бир нечта шартларни зикр қилган:
- ейдиган, ичадиган, киядиган нарсалари ва яшайдиган ерлари ҳаромдан бўлмаслиги
- ихлос билан дуо қилиши
- мусулмонларга қарши бўлмаслиги
- қийимлари ғоят тоза бўлиши
- таҳоратли бўлиши
- қиблага юзланмоқлик
- тиз чўкиб ўтиришлиги
- аввал нафл намоз ўқимоқ даркор
- хайр ишлар қилишлиги
- камбағаллар ва толиби илмларни хурсанд қилмоғи
- Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтмоқлиги
- Пайғамбаримизга ва бошқа пайғамбарларга саловотлар айтмоқлиги
- энг афзал саловот намозда ўқийдиганмиз “Аллоҳумма солли…” ва “Аллоҳумма борик…”дир. буни қанча кўп ўқиса, дуо шунча тез қабул бўлади.
- қўлларини юқорига кўтариб, ҳовучларини очиб, қўлтиқлари ости кўринарли даражада ёки кўкси баробарида қўларини кўтариб, бирлаштириб, дуо қилмоғи лозим.
- одобга риоят қилмоғи лозим
- хушу ва тазарруъ билан Аллоҳ таолога ёлвормоғи лозим
- асмоул ҳуснани — Аллоҳ таолонинг исмлариўқиб тилагини тиламоғи лозим. Пайғамбарлар ёки солиҳ киишларни васила қилиб қилиши мумкин.
- мулойим овоз билан Аллоҳ таолога ёлвормоғи лозим.
- гуноҳларини эътироф этиб, Аллоҳ таолодан авф ва мағфират сўрамоғи лозим
- Пайғамбарлардан ва авлиёлардан ворид бўлган саҳиҳ бўлган дуоларни ўқимоғи
- дуоларни такрор айтмоғи лозим
- қалб ҳузури билан тилагини сўрамоғи лозим
- ҳамду сано билан ҳамда саловотлар билан дуосини якунламоғи
- қўлларини юзига сурмоғи
- ва дуосининг қабул бўлишига умид қилмоғи
ана шундай одобларга риоят қилмоқ керак ва шуни ҳам унитмаслик керакки Пайғамбаримиз с.а.в. дуода дунё ва охират саодатини тиламоқ тавсия этганлар
Бир ҳакимдан сўрашган экан: “бизлар дуо қиламиз, лекин дуоларимиз ижобат бўлмайди. Аллоҳ таоло :
“Менга дуо – илтижо қилинглар, Мен сизларни ижобат қиламан”- деб айтган ку?” деб.
Ҳаким айтибди: “Сизларда еттита хислат бор дуоларингизнинг ижобатидан манъ қилади”. “Қайси хислатлар?” деб сўрашди. Айтди:
- Сизлар Роббингизни ғазаблантирасизлар, Унинг ризосини талаб қилмайсизлар, яъни Аллоҳ таолонинг ғазаби вожиб бўладиган ишларингга пушаймон бўлмайсизлар.
- Бизлар Аллоҳ таолонинг бандаларимиз, дейсизлар. Аммо банданинг ишини қилмайсизлар, яъни банда хўжаси буюрганни бажаради ва унинг амридан чиқмайди.
- Сизлар Қуръони Каримни ўқийсизлар, лекин унга эргашмайсизлар, амал қилмайсизлар, яъни тафаккур ва таъзим билан ўқимайсизлар, буйруқларига амал қилмайсизлар.
- Биз Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.нинг умматларимиз, дейсизлар-у, у кишининг суннатига амал қилмайсизлар, яъни сизлар одатларга ва ирим-сиримларга амал қилиб, суннатга эргашмайсизлар.
- Сизлар дунёни арзимас деб айтасизлар, аммо унга ёпишиб оласизлар.
- Сизлар ҳаром ва шубҳали луқма ейсизлар. У икковидан қайтмайсизлар.
- Охират дунёдан яхшироқ, дейсизлар, лекин охират талабида ҳаракат қилмайсизлар ва охиратдан кўра дунёни кўпроқ хоҳлайсизлар.
Олтинсой туман “Имом Бухорий” жомеъ масжид имом хатиби Жуйриков Муҳаммад