“Инсоф” китобининг соҳиби “Кашшоф” тафсирига ёзган ҳошиясида шундай дейди: “Дарҳақиқат, Қуръони Каримда келган Юсуф (алайҳиссалом) қиссаси “Бало тилга топширилгандир” деган мақолни тасдиқлади”.

Юсуф алайҳиссаломнинг акалари оталари Яъқуб алайҳиссаломга Юсуфни ўзлари билан сайрга олиб кетишларига рухсат сўраб келишганида, Яъқуб алайҳиссалом: “Уни бирор бўри еб қўйишидан қўрқаман”, дегандилар ва синов ҳам ҳудди шу жиҳатдан келди. Яъқуб алайҳиссаломнинг ўғиллари укалари Юсуф алайҳиссаломни қудуққа ташлашади. Юсуфнинг кийимини йиртиб, сўйилган қўйнинг қони билан белашади. Оталари ҳузурига келиб: “Юсуфни бўри еб кетибди”, деб ёлғон тўқишади.

Орадан кўп йиллар ўтади. Юсуф (алайҳиссалом) подшоҳ томонидан хазинабон қилиб тайинланадилар. Акалари ўз қишлоқларида егулик етишмовчилиги сабаб Юсуф алайҳиссалом ҳузурларига келишади. Акаларини танийди. Улар орасида кенжа укалари Бинёминни кўрмайдилар. Уларга ўлчовларни тўла қилиб егуликлар берадилар, ўзлари билан олиб келган тижорат молларини ҳам қайтариб берадилар. Кетишаётганларида: “Кейинги сафар ота бир инингизни олиб келинг. Акс ҳолда, сизлар учун ўлчаб бериш йўқ”, дейди. Акалар ҳайрон қолиб: “Бунинг уддасидан чиқишга ҳаракат қиламиз”, дейишади. Яъқуб алайҳиссалом ҳузурларига егуликлар билан қайтган фарзандлар вазир яхши кутиб олгани, ўлчовни тўла қилиб бергани ва кейинги сафар яна бормоқчи бўлишса, укаларини қўшиб олишларини тайинлагани, акс ҳолда, улар учун ўлчов йўқлигини айтишади. Шунда Яъқуб алайҳиссалом: “Токи менга, албатта, уни ҳузуримга қайта келтиришингиз ҳақида Аллоҳдан аҳду паймон бермагунингизча, уни зинҳор сиз билан юбормасман. Магар (муаммога) ўралиб қолсангиз, бошқа гап”, – дейдилар.

Кейинги сафар укаларини олиб боришганида Яъқуб алайҳиссалом айтганларидай муаммога аралашиб қолишади ва укалари Бинёминни Юсуф алайҳиссалом ўзлари билан олиб қоладилар.

Қиссадан ҳисса шуки, синов, бало инсоннинг лафзига боғлиқ бўлиши мумкинлиги келиб чиқади. Барчамизга маълум бўлган КОРОНАВИРУС балоси ҳозирда бутун оламни ташвишга солиб улгурди. Бироқ интернетнинг турли тармоқларида КОРОНАВИРУС ҳақида турли пичинг гаплар, бўлар-бўлмас аскиялар, ҳазилнамо сўзлар ва энг ёмони, ёлғон хабарлар тарқатилмоқда. Аллоҳ таолонинг бу балосидан сақланиш чораларини кўриш ўрнига бу балони аския, пичинг ва ҳазилга йўймоқдалар.

Эй ақл эгалари, эътиборли бўлинг! КОРОНАВИРУС балосиҳақидаги ҳазилларимиз чинга, кулгуларимиз фожиага айланиб қолмасин. Аллоҳ таоло бу балони тез орада бартараф этсин. Барчамизни Ўз ҳифзида сақласин!

КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ ЭНГ МУНОСИБ ТАВСИЯ

Ҳозирги ҳолатимизда бизга энг муносиб тавсияни Пайғамбар алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадисларидан оламиз: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Нажот нимада?” – деб сўрашганида, Ул зот:  “Тилингни тийишинг, уйинг сени сиғдириши ва хатоларингга йиғлашингдадир”, – деб жавоб берганлар.

Демак, ҳозирда энг керакли уч тавсияга амал қилишимиз даркор:

  1. Тилларимизни турли ваҳима ва ёлғон хабарлар тарқатиш, турли аския ва ҳазиллар қилишдан тийишимиз;
  2. Уйимиз бизни сиғдириши, яъни кўчаларда, жамоат жойларида одамлар билан аралашиб юрмай, кўпроқ уйда ўтиришмиз;
  3. Қилган хатоларимиз ва балолар келишига сабаб бўладиган гуноҳларимизга астойдил истиғфорлар айтиб, тавбалар қилишимиз, аҳволимизга йиғлаб, бу балонинг даф этилишини сўраб дуолар қилишмиз.

Аллоҳ таоло барча юртни ва бандаларини Ўз ҳифзида сақласин!

fitrat.uz

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here