Муғийра ибн Шуъба розийаллоҳу анҳудан ривоят: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусо алайҳиссалом Парвардигордан: «Жаннат аҳлининг энг қуйи даражаси қандай?» деб сўради. Аллоҳ деди: «Бир киши жаннат аҳли жаннатга кириб бўлгач, келиб: «Эй Раббим, қандай қилай? Инсонлар жойларини эгаллаб, оладиганларини олиб бўпти», дейди.

Унга: «Дунёнинг мулкичалик мулк берилса, рози бўласанми?» дейилади. У: «Розиман, эй Раббим», дейди. Бас, унга: «Сенга шу ва яна шунча, шунча, шунча», дейишади ва бешинчисида:

«Розиман, эй Раббим», дейди. Унга: «Сенга шунча ва унинг ўн баробари, нафсинг хоҳлагани ва кўзингни қувонтиргани ҳаммаси сенга», дейилади. У: «Розиман», дейди». Мусо алайҳиссалом:

«Ундай бўлса, эй Парвардигор, энг олий даража қандай?» деди. Аллоҳ таоло: «Улар мен танлаган инсонлардир. Уларнинг ҳурматидан дарахтларни ўзим экдим ва унга муҳр босдим, уни кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва бирор-бир мавжудотнинг хаёлига ҳам келмаган», деди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бунинг тасдиғи ушбу оятдир: «Улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни, охират неъматларини олдиндан) бирор жон билмас» (Сажда сураси, 17-оят) (Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Жаннатга охири кирадиган ва дўзахдан охирги чиқадиган инсон шундай кишики, эмаклаб келади. Аллоҳ унга: «Жаннатга кир!» дейди, У: «Жаннат тўла-ку», дейди. Унга уч марта айтилади, у ҳар сафар: «Жаннат тўла-ку», дейди. Шунда Аллоҳ таоло унга: «Сенга дунёнинг мислича ва яна ўн баробар», дейди» (Бухорий ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Жаннат аҳлининг энг қуйи манзилдагиси учун еттита қаср бор: олтиндан, кумушдан, дурдан, зумраддан, ёқутдан, кўзлар идрок қила олмайдиган ва Аршнинг рангидаги қаср. Ҳар бир қасрда зебу зийнат ва ҳурлар борки, уларни Аллоҳ азза ва жалладан бошқа ҳеч ким билмайди». Буни Қитбий «Уйунул ахбор» номли китобида зикр қилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Жаннат аҳлининг энг қуйи даражасидагиси минг-минг хизматчилар қуршовида уловга минади…».

Ибн Умардан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннат аҳлининг энг қуйи даражадагиси боғлари-ю неъматлари, хизматчилари-ю сўриларига минг йиллик масофадан қарайди. Жаннат аҳлининг Аллоҳга энг мукаррами Аллоҳ таолонинг юзига эртаю кеч тикилади», дедилар, сўнг: «У кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб тургувчидир!» (Қиёмат, 22) оятини ўқидилар.

Абу Саид Худрийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Жаннат аҳлининг энг қуйи манзилдагисининг саксон минг хизматчиси ва етмиш иккита хотини бўлади. Ва унинг учун Жобия билан Санъонинг оралиғичалик дур, забаржад ва ёқутдан бўлган қубба тикланади» (Ибн Муборак ривояти).

Мужоҳид айтади: «Жаннат аҳлининг энг қуйи манзилидаги киши ўз мулкини минг йилда айланиб чиқади, унинг четини олдини кўриб тургандек кўриб туради. Жаннатнинг энг юқорисидаги киши Парвардигорга эртаю кеч қарайди».

Имом Қуртубий Жаннат васфи”дин.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here