Китоб эҳтироми
Энг яқин дўсту азиз, ҳамдарду дармондур китоб,
Ҳамдамим, ҳамсўҳбатиму ҳам қадирдондур китоб.
Менга илм ўргатувчи устод билимдондур китоб,
Дил ғуборин аритгучи ғамхору жонондур китоб,
Танда жоним хизматиға рагдаги қондур китоб.
Шоира. Дилшода Барно. (1800-1905).
Шукроналар айтишимиз керакки, давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёев мамлакат фуқароларини маънавий оламини баланд кўтармоқ учун деярли ҳар бир чиқишларида бизни китобхонликка даъват қилмоқдаларки, бу у кишининг китоб, илм, маърифатга қанчалик муҳаббатли эканликларидан даракдир. Зеро, китобсиз маърифат ва маданият ҳосил бўлмайди, маънавият бўлмаган жойдан файз барака қочади ва ўрнини бузуқлик, разиллик ва фасодкорлик эгаллайди. Қуйида маънавиятнинг асли бўлган китоб ва унинг эҳтироми ҳақида улуғларимизнинг ўгит ва тавсияларидан намуналар келтирамиз.
Маълумки китоб илму маърифат, панду ҳикмат ва одоб хазинаси бўлиб, инсонга беғараз ва бетамаъ дўст, кишининг ғам-ғуссасида шерик ва яқин ҳамсуҳбатдир. Бу борада Мавлоно Абдураҳмон Жомий шундай деганлар:
Аниси кунжи танҳои китоб аст, Фурўги субҳи донои китобаст
Зи доноен бувад ин нукта машҳур,
Ки доно дар кутуб доност дар гўр.
Яъни: Танҳолик бурчида шерик китобдир,
Донолик субҳида ёруғлик китобдир.
Донолардандир бу нукта машҳур
«Китобга доно гўрда донодир «.
Ҳусайн Воиз Кошифий «Ахлоқи Муҳсиний»да келтирадиларки: Киборларнинг китоблари ва улуғларнинг рисолалари инсон. учун энг яхши ҳамнишин ва энг азиз ҳамроҳдир. Ўқигувчи ҳам, эшитгувчи ҳам ундан малол олмайди. Маснавий:
Излама китобдан яхшироқ ҳамдам,
Чунки суҳбатдошдир ҳар қачон, ҳар дам.
У дилга роҳату жонга ородир,
Сен неки истасанг, унда пайдодир.
Бундоқ латиф ҳамдам ким кўрмиш, эй ёр,
Ундан ранж ҳам етмас, на дилда губор.(Ахлоқи мўҳсиний).
Шунинг учун ҳар бир оқил ва маърифатли кишининг уйида китоб жовонлари бўлиши зарурдир. Зеро, китобсиз ҳаётнинг маъноси йўк. Китобсиз илму маърифат ҳосил бўлмайди. Инсонга маънавий бойлик лозим. Бас, китоб илму маърифат ҳосил қилишнинг асосий сабаби ва маънавий озуқа олишнинг асосий манбаи бўлгани учун уни дўст тутиб, эҳтиром қилиш бизга лозим, эътиқод нуқтаи назаридан қаралса вожибдир.
Улуғ уламоларимиз китоб ёзиш пайтида, ҳатто, унинг устига қалам қўйишни ҳам китобга нисбатан эҳтиромсизлик деб билар эканлар. Ерда бирор қоғоз ёки варақни кўрсалар, кўзларига суртиб баландликка қўйганлар. Зеро, улар илму маърифатнинг манбаи бўлган Қуръон ҳамда ҳадис иймон ва исломнинг асосидир, қорилар ва ровийлардан бизгача етиб келишининг асосий сабабини қоғоздан деб билганлар. Шунинг учун бўлса керак, Ҳазрати Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳ қоғозфурушларнинг растасидан бетаҳорат ўтмас эканлар. Хожа Абулҳафзи Кабир Бухорий шундай деган эканлар: «Муҳдис, яъни бетаҳорат бўлган вақтимда қоғозфурушларнинг кўчасидан ўтмас эдим».
«Салоти Масъудий»китобида келтириладики, Қуръон бор хонада агар бошқа хона бўлмаса ухлаш дуруст эмас, Қуръонни бош томонга, баландга қўйиш лозим. Фақиҳ Абу Лайс раҳимаҳуллоҳ «Агар карвоннинг охиридаги туя хўржинида Қуръон бўлса, карвоннинг олдида кетаётган туянинг ипидан бетаҳорат ушламасман» деб марҳамат қилган эканлар.
Ҳикоя қиладиларки, улуғлардан бирлари бир кишининг уйига меҳмон бўладилар. Уй эгаси ярим кечада меҳмондан хабар олиш мақсадида келганида меҳмоннинг ухламасдан ўтирганини кўради. Сабабини сўраганда, меҳмон «Бу хонада Қуръони карим бор экан шунинг учун оёғимни чўзиб ухлашни ўзимга раво кўрмадим» деб жавоб беради. Шунда мезбон Қуръонни бошқа хонага ўтказмоқчи бўлганида, меҳмон «Йўқ, менинг ухлашим учун Қуръони Каримни безовта қилманг» деб рухсат бермаган экан. Аммо уламоларга китоб, Куръонга эҳтиёжлари кўп бўлганидан китоб учун ясалган токчаларга ёки кўкракдан баландроқ жойга қўйиб ухлашликларига рухсат берилган.
Китобни тартиб билан қўйиш ҳам китоб эҳтиромидандир. Шундай тарздаки, китобларни устма-уст ва ўнг томонини юқоридан қўйилади. Биринчи тепадан Қуръони карим, тафсир, ҳадис, кейин фиқҳ, сўнг бошқа китоблар тартиб билан қўйилади. Хулоса қилиб айтганда, ўтганларимиз инсоннинг илму амалдан маҳрум бўлиб, хор бўлишига асосий сабаб бўладиган қоғоз, китоб, қаламни хор қилишдан қаттиқ ҳазар қилар зканлар. Ҳар бир ҳарф ва сатр орқасида мусаннифни кўрар ҳамда унинг заҳмату машаққатини идрок этар эканлар.
Аммо афсуслар билан айтиш жоизки, ўтмишда бизнинг китобга нисбатан дўст миллатимиз бугунги кунда китоб ва қоғознинг муҳаббатини ва унга нисбатан эҳтиромни унутиб қўймоқдалар. Ояту ҳадислар, улуғларимизнинг ном ва ҳикматлари ёзилган китоблар, рўзнома ва мажаллалар ҳамма жойда — кўчаю бозорларда, оёқ остларида кўрилади. Бу амаллар мазкур китобларга нисбатан беодобликдир. Баъзан бозорларда нодир китобларни сотувчилар олдида кўрамизки, варақларини йиртиб, нарсаларни ўраб сотадилар. Кўп жойларда, хусусан, шаҳарларда китоб, рўзнома, журналлар ва ёзиш мумкин бўлган қоғозлар (махсус қоғоздан эмас) ни ҳожатхоналарда ишлатилиши кузатилади. Бу қабиҳ амалдан ҳазар қилиш керак. Зеро ўша варақда кимгадир зарур бўлган бир илм баҳси ё айтганимиздек муаллифнинг номи мавжуддир. Фикҳ китобларимизда «Ал—фанну хайрун куллуҳу«, яъни «Илмнинг барчаси ҳам яхшидир» дейилган. Муқаддас ислом таълимотида илм хоҳ диний хоҳ дунёвий бўлсин унга рағбат қилишга буюрилган. Зеро, ушбу икки илмни бир қушнинг икки қанотидек билинган. Шунинг учун варақ, китоб қайси ҳарфда ва қайси тилда ёзилган бўлмасин, у ҳурмат қилинишга сазовордир.
(Танбиҳ: Бекор бўлиб қолган варақ, қоғозларни жам қилиб куйдирилади ва кулини бир четга кўмилади).
Китоб, варақ, қоғозни ҳурмат қилиш илмни эҳтиром қилишдир. Илмни ҳурмат қилган киши эса ота-боболари, хусусан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Аллоҳ таолони эҳтиром қилган бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло илмни Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга ғайб хазинасидан туширгандир.
Ҳадис китобларнинг орасидаги «Мишкотул масобиҳ» номли мўътабар китобнинг луғавий маъноси «Чироқлар қўядиган тоқча» бўлиб, чирокдан мақсад илм, токчадан мурод эса Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак сийналари (қалблари)дирки, Аллоҳ таоло илмни ул зоти бобаракотнинг сийналарида жойлаштирган эди ва ул Зоти бобаракотдан бизгача авлодма-авлод мерос сифатида ўтиб келмоқда. Огоҳ бўлиш керакки аждодларимиз суннатлари бўлган илм бизга бир омонатдир. Бу омонатга хиёнат қилмасдан келажак авлодга етказиш барчамизга ҳам фарз ҳам қарзлигини унутмаслигимиз даркор. Бу борада Мавлоно Жалодиддини Румий (раҳимаҳуллоҳ) бундай деганлар:
Бувад занжир бо занжир пайванд,
Сари занжир дар дасти Худованд.
Яъни: Илм занжир каби бир-бирига улангандир, занжирнинг боши эса Аллоҳнинг қўлидадир.
Сариосиё тумани “Хожа Алоуддин Аттор”
жомеъ масжиди имом-хатиби Фазлиддин Кароматуллоҳ