Ҳазрати Умар бир кеча Мадина кўчаларини ёлғиз айланиб юрарди. У киши бундай айланишлар фойдасини биларди. Қанчадан-қанча дардини айтолмайдиган одамларни учратиб, хаёлга келмайдиган воқеаларга кўплаб гувоҳ бўлган эди. Ҳамма уйида дам олаётган бир пайтда, ухламай шаҳар айланиш осон иш эмас. Лекин бу йўл билан одамларнинг баъзи муаммоларини билиб олиш мумкин. Бундан ташқари, қандайдир ёмон ишни режалаштирганлар ҳам «тунда халифа шаҳар айланади», деган ўйда ниятларидан қайтарди. Қулоққа чалинган аёл овози Ҳазрати Умарни ўзига тортди: «Тун ҳам келди. Осмонда юлдузлар сузар…» Аёл ёлғизликдан, эрининг жангга кетгани ва қайтмагани ҳақида шеър ўқирди: «Қанийди, менда кўз тақвосини берган Раббимдан қўрқув бўлмасайди, қанийди, инсонлар олдида суюқоёқ, беҳаё бўлиш андишаси бўлмасайди, қанийди, эримни севмасайдим…» Бу шеърни эшитиб, Ҳазрати Умар ўзини йўқотиб қўяй деди. Олдин одамнинг еб-ичиш, кийинишдан бошқа эҳтиёжлари ҳам борлигини Ҳазрати Умар бу тун шеър орқали янада яхшироқ англади. Одамлар ўз-ўзидан зинога қўл урмайдилар. Ҳамма ҳам бу хотинчалик эмас. Ким билади бу аёл яна қанча чидайди. Шуларни ўйлаб у киши эшик қоқди. Эшикни ёш аёл очди. — Мен амирул мўминин Умарман. Айтган шеърингни эшитдим. Нима муаммоинг бор? —Нимаям бўларди. Эрим урушга кетган, бир неча ой бўлдики, ҳануз қайтмади. Аёлнинг ўз эрини соғиниши айб эмас-ку. — Қандайдир ёмон ишга қўл урмоқчимисан? — Аллоҳ сақласин, бунақа ниятим йўқ. — Озгина сабр қил. Ҳозироқ хабарчи жўнатаман, эринг тезда қайтади. Ҳазрати Умар аёлдан эрининг исми, қайси тарафга кетганини билиб олиб, изига қайтди. Тонг сахарда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қизи — мўминлар онаси Ҳафсанинг уйига йўл олди. — Одамни ўйлантирадиган бир масала чиқиб келди. Буни ҳал қилишда сен менга ёрдам берсанг, мени хурсанд қиласан. — Нима экан у, отажон? Ҳазрати Умар тундаги воқеани айтиб берди, кейин: — Турмушли аёл эридан узоқлашса, қанча чидаши мумкин. Ҳазрати Ҳафса жавоб бермай, бошини эгди. Лекин Ҳазрати Умар бу ердан жавоб олиб чиқиши керак эди. — Аллоҳ ҳақ ва рост гапни айтишдан ҳаё қилмайди. Жавоб бер! Ҳафса онамиз бошини кўтармай, кўллари билан кўрсатди: «Тўрт ой». Керакли жавобни олгач, Ҳазрати Умар ўрнидан турди. Ўша куниёқ хабарчилардан қўмондонларга: «Ҳеч кимни тўрт ойдан ортиқ ушлаб турманглар, уйига рухсат бериб юборинглар», деган мазмунда хат жўнатди. Бояги аёлнинг эри ҳам рухсат олиб, уйига қайтди. (Суютий, «Тарихул халифа») Мана бу Хазрати Умарни давридаги бир воқеа бугунги курда чет элда ишлайман деб йиллаб аёлларини ташлаб кетаётган эркаклар аёлни хам эрида хаққи борлигин унутмаслик керак ана ушанда баъзи нохушликлар олди олинган булар эди.
Шурчи тумани бош имом хатиби
А. Хабибуллаев