САВОБИ ЧЕГАРАСИЗ АМАЛЛАР

Покиза шариат инсонларни ҳар доим яхшилик қилишга тарғиб этади. Негаки дунё охиратнинг экинзоридир деб бежизга айтилмаган.
Аллоҳ таоло бу дунёни имтиҳон учун бунёд этган. Инсонларни эса ушбу имтиҳон иштирокчилари этиб яратган. Бандалар тириклик чоғларида нима яхшилик қилмасинлар, албатта, ажрга эга бўлишади. Бу амалларнинг савоби инсоннинг ажалига қадар давом этади. Вафот этдими, амалларнинг савоби ҳам тугайди, номаи аъмолига ажр ёзилмайди.
Лекин ҳаётда яна шундай амаллар ҳам борки, уларнинг савоби нафақат шу дунёнинг ўзида балки кишининг вафотидан кейин қиёматга қадар давом этиб туради, энг зарур паллаларда унга асқотади. Ушбу хислатларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги ҳадиси шарифда бирма-бир баён этганлар

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин кишига вафотидан кейин ҳам амаллари ва яхшиликларининг савоби етиб туради. Илм ўргатган ёки уни тарқатган бўлса, солиҳ фарзанд тарбиялаган бўлса, Мусҳафни мерос қолдирган бўлса, масжид қурган бўлса, мусофирхона бунёд этган бўлса, ариқ оқизган бўлса, тириклигида ва соғломлигида бойлигидан эҳсон чиқарган бўлса, оламдан ўтганидан кейин ҳам (бу амалларининг савоби) унга етиб туради», дедилар» (Ибн Можа ривояти).
Энди уларга алоҳида эътибор қаратсак:
1. Илм ўргатган ёки уни тарқатган бўлса. Илмни хоҳ гапирган хоҳ ёзган бўлсин, хоҳ дарс берган хоҳ бунга имконият яратган бўлсин, савоби етиб туради;
2. Солиҳ фарзанд тарбиялаган бўлса. У нима яхши амал қилса ҳам ота-онасига савоб ёзилаверади;
3. Мусҳафни мерос қолдирган бўлса. Бировга Қуръони каримни ўргатган бўлса ёки уни бировга совға тариқасида берган бўлса, бунинг учун ҳам савоб ёзилади;
4. Масжид қурган бўлса. Масжид Аллоҳнинг уйи, унда ибодат қилинади, мусулмонлар қатнайди. Бу билан мусулмонларга имконият яратган, уларнинг оғирини енгил қилган кишининг ажрга эга бўлиши билинмоқда. Масжидга олиб борадиган йўлни тузатган, унинг таҳоратхонасига ёхуд саҳнасига, ободончилигига ҳисса қўшганлар ҳам ана шу ҳукмга дахлдордир;
5. Мусофирхона бино этган бўлса. Хоҳ қишлоқда хоҳ шаҳарда мусофирларнинг ётиб туришлари учун бир бошпана қурган кишига ҳам тинимсиз савоб ёзилиб турилади;
6. Ариқ оқизган бўлса. Инсонлар манфаатини кўзлаб қудуқ ёки ариқ қазган, сув оқизган, боғ-роғ яратган, ниҳол қадаган кишилар ҳам ана шундай савобдан баҳраманддирлар;
7. Бойлигидан эҳсон чиқарган бўлса. Етим-есир, бева-бечора, камбағал ва мискинларга ёрдам берган, бошқаларга ёрдам қўлини чўзганлар, албатта, вафотидан кейин ҳам бу эзгу амалининг натижасини кўради.
Нафақат ушбу амалларни бажарган, балки бунга ҳисса қўшган, сабабчи бўлган, ундаган, қизиқтирган, йўл-йўриқ кўрсатган, ёрдам берган, маслаҳатини аямаганлар ҳам бу савобга шерикдирлар.
Бу ҳам Аллоҳнинг фазли. Буларнинг барчасида жамиятга манфаат бор. Нафақат инсонларга балки ҳайвонот олами, ҳашарот оламига ҳам манфаат бор. Ушбу ҳадиси шарифдан ҳаммамиз ҳамиша фақат ўзимизни ўйлаб эмас, аксинча, бошқалар ғами билан ҳам яшашимиз лозимлиги келиб чиқади.

✍️✍️ Узун туман домла Маҳмуд имом хатиби Самадов Сирожиддин

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here