Намоздан кейин жамоат ила дуо қилиш
Ихтилофчи ва бемазҳаблар намоздан кейин жамоат бўлиб дуо қилишни ҳам инкор қиладилар. Бу ишни қилганларни хатокорликда айблайдилар ва бу амални бидъат дейдилар…
Дуода икки қўлни кўтариш суннатдир, дуонинг охирида икки қўлни юзга суртиш ҳам дуонинг суннатларидандир, эшитувчиларнинг «омийн»,«омийн» деб туришлари ҳам дуонинг суннатларидандир.
Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «намоз ортидан келивчиларни айтувчилар ёки қилувчилар ноумид бўлмаслар. ҳар бир намоз ортидан ўттиз учта тасбиҳ, ўттиз учта ҳамд ва ўттиз тўртта такбир»,-дедилар». Имом Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда қайд қилинган амал ҳар бир намоз ортидан ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамдулиллаҳ», ўттиз турт марта «Аллоҳу акбар» ни зикр қилиш тушинилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта аллоҳга тасбиҳ айтса, ўттиз уч марта аллоҳга ҳамд айтса,ўттиз уч марта «аллоҳу акбар» деса, ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлур юзтанинг тамом бўлиши (учун) «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайин қодийр» ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам мағфират қилинур». Имом Муслим ривоят қилган.
Абу Умомадан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ҳар бир фарз намоздан кейин оятул курсийни қироат қилса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим (ўлмагани) тўсиб туради»,-дедилар». Насаий ривоят қилган.
Мана шу келтирилган ривоятлар асосида намоздан сўнг «Оятул курсий» ни ва тасбиҳларни жамлаб зикр қилишни «суфийлар хатми» ҳам дейилади. Чунки, бошқаларга нисбатан айнан суфийлар бу нарсага катта аҳамият беришади.
Чунки, «Оятул Курсий» Қуръони Каримдаги энг улуғ оятдир. Ушбу хатмни қилиш бизда ҳам жорий бўлиб келаётган амаллардан биридир.
Ҳабиб ибн Маслама ал-Феҳрийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Бир қавм жамланса ва баъзиси дуо қилса, қолганлари «омийн» деса, Аллоҳ уларни албатта ижобат қилади», деганларини эшитдим». Табароний ривоят қилган.
Агар бу ишларнинг ҳаммаси мустаҳаб суннатлардан бўладиган бўлса, суннат нарсалардан таркиб топган иш нима учун бидъат бўлар экан?! Бу ишни бидъат дейиш мутлақо нотўғридир.
Имом Бомдод ва Асрдан кейин, ўша пайтда фаришталар ҳозир бўлиши эътиборидан, дуо қилади. Қавм «омийн» деб туради. Шунда ижобатга яқин бўлади. Шунингдек бошқа намозларда ҳам дуо қилади. Чунки, фарз намоздан кейинги пайт дуо қабул бўладиган вақтлардандир.
✍✍Сурхондарё вилояти Олтинсой туман » Хидиршо ота» жомеъ масжиди имом-хатиби А.Султонов